Ўзбекистон | 11:39 / 31.07.2021
25988
1 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари машғулотлар ўтказиш учун Сурхондарёга келди

Россия ва Ўзбекистон қуролли кучлари 30 июлдан 10 августгача Сурхондарё вилоятида ҳарбий машғулотлар ўтказади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Сурхондарё вилояти ҳудудидаги «Термиз» полигонида Ўзбекистон – Россия қуролли кучлари ҳамкорлигида ўтказиладиган қўшма ўқувларда иштирок этувчи Россия қуролли кучлари Марказий ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Машғулотлар давомида икки давлат ҳарбийлари шартли душманнинг яширин базаларини қидириб топиш ва йўқ қилиш, улар томонидан эҳтимолий ҳужумлар амалга оширилганда, уни бартараф этиш каби вазифаларни бажаришади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Машқлар «Термиз» полигонида 30 июлдан 10 августгача бўлиб ўтиши режалаштирилган. Уларда Россия ва Ўзбекистон қуролли кучларининг 1,5 мингга яқин ҳарбийси иштирок этади.

Ушбу машғулотлар Афғонистондаги вазият ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» жангарилари ўртасидаги қарама-қаршилик кучайгани ортида ёмонлашгани билан боғлиқ ҳолда ўтказилмоқда.

Маълумот учун, Россия ҳарбийлари айни пайтда тожик-афғон чегараси яқинидаги машғулотларда ҳам қатнашмоқда.

Мавзуга оид