“Имтиёз бериш модага айланиб кетди” — Алишер Қодиров
Ҳар қандай имтиёз ёки преференция фақат қонун асосидагина берилиши, ҳатто президентда ҳам бундай ваколат бўлмаслиги керак, деди “Миллий тикланиш” партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров. “Бугун қайси соҳага қарасангиз ҳам, имтиёз ва преференциялар бор”, деди у.
“Миллий тикланиш” партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров, агар сайловда ғалаба қозонса, турли соҳалардаги имтиёзларни фақат қонун асосидагина бериш тизимини ўрнатишга ваъда берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
“Имтиёзлар ва преференцияларни фақат қонун билан бериш керак. Бошқа бирорта идора, бошқа бирорта институт, ҳатто президентлик институти ҳам имтиёз ёки преференция бериш ваколатига эга бўлмаслиги керак. Фақатгина қонун, қонун, қонун”, – деди Қодиров 26 август куни партия сьездида сайловолди дастурини эълон қиларкан.
“Ҳар қандай имтиёз, унутмаслигимиз керак, чиройли кўрингани билан, лекин бузғунчи омил. Имтиёзга эга бўлган одамнинг қаршисида имтиёзга эга бўлмаган норози қатлам шаклланиб бораверади.
Афсуски, бугунги кунда бизда имтиёз бериш модага айланиб кетди. Бугун қайси соҳага қарасангиз ҳам, имтиёз ва преференциялар бор. Бундай бўлмаслиги керак. Бу – соғлом рақобатни ўлдиради”, – таъкидлади “Миллий тикланиш” етакчиси.
Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига биноан, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликлар асоссиз равишда берилиши мумкин эмас.
Мавзуга оид
13:35 / 28.12.2024
Алишер Қодиров: Россия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги бўйича Транспорт вазирлигига сўров юборилади
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
13:41 / 16.12.2024