Толиблар ҳукмронлигидаги бир ой: Афғонистондан лавҳалар
15 август куни толиблар Кобулни эгаллашганди. Аввалги ҳукумат раҳбарлари қочиб кетишди, «Толибон» эса Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
BBC корреспонденти Секундер Кирмоний Афғонистон шимолига қайтди ва ҳокимият алмашинувидан тўрт ҳафтадан ошиқ вақт ўтиб оддий одамлар ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй берганини кузатди.
Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида юк поезди Амударё устидан ўтиб, янги ташкил этилган Ислом Амирлигига киради. «Толибон»нинг қора-оқ ранглардаги байроғи ўзбеклар байроғи билан ёнма-ён ҳилпирайди.
Маҳаллий аҳолининг бир қисмига толиблар ҳукмронлиги остидаги ҳаёт маъқул, яна бир қисми эса бунга кўникиши қийин кечмоқда.
Буғдой ортилган юк машинаси ҳайдовчисининг айтишича, у аввалги даврда блокпостлардан ўтишда доимий равишда порахўр полициячиларга пулининг бир қисмини беришга тўғри келганини айтади.
«Энди бундай эмас. Мен бир афғоний бермасдан Кобулга етиб боришим мумкин», дея мамнуният билан сўзлайди у.
Шу билан биргаликда, мамлакатда иқтисодий инқироз етилмоқда ва нақд пул танқислиги юзага келган.
Тадбиркорлардан бири ташқи савдо тўхтаб қолгани, чунки афғон импортёрларига олиб кирилган маҳсулотлар учун ҳеч ким ҳеч нарса тўламаётганини айтиб ўтди.
Ҳайратон портидаги божхона хизмати раҳбари Маулви Сайиднинг айтишича, «Толибон» импорт божларини камайтириб, мамлакатга яна бадавлат савдогарларни жалб этишга интилмоқда. «Одамлар ишли бўлади, тадбиркорлар эса келгусида бунинг мукофотини олади», дея қайд этган у.
Чегарадан чамаси бир соатлик йўлда Афғонистоннинг тўртинчи йирик шаҳри Мозори Шариф жойлашган. Ташқаридан қараганда бу ерда барчаси жойидадек кўринади, аммо кўпчилик қашшоқлашган.
«Мозори Шарифнинг маданий юраги, кошинлардан моҳирлик билан бино этилган Мовий масжид томон йўл оламан. Бу ерда мен сўнгги бор август ойи бошида, толиблар келишидан бироз аввалроқ бўлгандим. Ўшанда масжид атрофи ёшлар билан гавжум бўлиб, ҳар томонда йигит-қизлар селфига тушишарди.
Ҳозир эса толиблар бу ерга ташриф буюриш учун чекловлар ўрнатишган: аёллар фақат тонгда, эркаклар эса куннинг қолган қисмида келиши мумкин. Биз «аёллар вақти»да келиб қўйибмиз. Масжид атрофида сайр қилиб юрган афғон қиз-аёлларни учратиш мумкин, аммо аввалгидек кўп ҳам эмасди. «Барчаси жойида, шунчаки одамларга янгиларга кўникиш учун вақт керакдек кўринмоқда», дея мужмал жавоб билан изоҳлайди улардан бири.
Мен маҳаллий толиблар етакчиларидан бири Ҳожи Ҳикмат билан учрашдим. «Эҳтимол, сиз хавфсизликни таъминлаётгандирсиз, аммо сизларнинг танқидчиларингиз айтишмоқдаки, сизлар маданиятни ўлдиряпсиз», дейман унга.
«Йўқ, – дея ишонч билан жавоб беради у. – Биз ўз маданиятимизни йўқ қилмаймиз, балки уни қайта тиклаймиз. Сўнгги 20 йилда биз Ғарб таъсири остида бўлдик. Сўнгги 40 йилда мамлакат назорати қўлдан қўлга ўтди. Биз кўп урф-одатларимиз ва анъаналаримизни бой бердик».
Унинг талқинига кўра, эркаклар ва аёллар аралашмаслиги керак.
Ҳожи Ҳикмат халқ толиблар томонида эканига чин дилдан ишонади. Ташриф буюрганлардан бири Ҳикмат эшитмаслиги учун ҳамкасбимнинг қулоғига шивирлади: «Улар – ёмон одамлар».
Толибларнинг диний қарашлари қишлоқ жойлардаги консерватив руҳдаги аҳолига тўла мос келади. Аммо шаҳарларда кўпчилик уларга катта ишончсизлик билан қарайди.
Ҳожи Ҳикмат буни кўп йиллик ташвиқот ишлари самараси деб ҳисоблайди, аммо толиблар томонидан шаҳарларда содир этилган терактлар ва қотилликлар ҳам ўз ролини бажарган бўлиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик зарур.
Мовий масжидни тарк этар эканмиз, биз асосий кўчада тўпланган ва ғазабга минган одамлар гуруҳини учратдик. Толиблар ўқдан жароҳатланиб ўлган тўрт кишининг жасадини тизиб қўйишганди. Улардан бирининг кўксига қўйилган қоғозга булар бола ўғрилари бўлгани ва бундай жиноятчиларнинг барчасини шундай жазо кутиши ҳақида ёзилганди.
Жазирама остида жасадлардан чиқаётган қўланса ҳидга қарамай, оломон ичидаги одамлар отиб ташланганлар билан суратга тушиш учун бир-бирини суриб олдинга чиқишга интиларди.
Афғон шаҳарларида азалдан жиноятчилик даражаси юқори бўлган, шу туфайли толиблар бошқарувини хушламайдиган тоифа ҳам уларнинг жиноятчиликка қарши жиддий кураш бошлаганини маъқулламоқда. «Агар улар чиндан одам ўғрилари бўлган бўлса, яхши иш бўлибди. Бошқаларга дарс бўлади!» – дейди томошага йиғилганлардан бири», дея ҳикоя қилади мухбир.
Аммо кўплаб шаҳарликлар ўзини хавфсизликда ҳис қилмаяпти. «Ҳар сафар кўчага чиқиб, толибларга кўзим тушганида, мени қалтироқ тутади», – дейди ҳуқуқшунослик факультети талабаси Фарзона.
Хусусий университетлар (улардан бирида Фарзона таҳсил олади) фаолиятини давом эттирмоқда, аммо давлат олий таълим муассасалари вақтинча ёпилган. Толиблар қизлар ва йигитлар алоҳида аудиторияларда ўқишини талаб қилмоқда.
Фарзона учун энг қўрқинчлиси бу эмас. У бошқа нарсадан кўпроқ хавотирда: толиблар бошқаруви даврида аёллар ишлай олиши катта муаммога айланиши мумкин.
Толиблар бундай эҳтимолни рад этишмоқда, аммо ўқитувчи ва шифокор бўлмаган аёлларга ўз хавфсизлиги учун уйда ўтиришни тавсия қилишмоқда.
«Ҳозирча мен қўлларимни туширмоқдаман. Аммо мен келажакка ишончимни йўқотмаслик учун ҳаракат қиламан», – дейди Фарзона.
Ўзларининг аввалги бошқаруви даврида (1996-2001) толиблар ҳозиргидан кўра анча қаттиққўллик билан қатъий чекловлар ўрнатишганди. Масалан, аёлларга ҳар қандай вазиятда уйдан маҳрамисиз чиқиш тақиқланганди. Шаҳарликлар кўп ўтмай бу тартиб яна қайтишидан хавотирланишмоқда.
Ҳожи Ҳикмат толиблар Афғонистонни тўла ишонч билан бошқариш учун афғонларнинг кўнгилларини ҳам забт этиши кераклигини тан олади. «Мамлакатни жанг қилиб қайтариб олиш осон иш эмас, аммо бу мамлакатда қонун ўрнатиб, сақлаб қолиш янада қийинроқ», дейди у.
Мавзуга оид
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024