Жаҳон | 08:31 / 29.09.2021
9967
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея биринчи марта гипертовушли ракетани синовдан ўтказди 

Шимолий кореялик ҳарбийлар 28 сентябрда биринчи марта янги гипертовушли ракетанинг синовини ўтказишди. Бу ҳақда Шимолий Корея ахборот агентлиги маълум қилди. 

Хабарга кўра, Шимолий Корея миллий мудофаа фанлар академияси Чагандо провинциясидаги Доян қишлоғида “Хвасон-8” ракетасини синовдан ўтказган. Пхеньянда синовлар муваффақиятли ўтгани айтилган.

Синовлар боришини Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси президиуми аъзолари, марказий қўмита котиби Пак Чон Чхон ва мудофаа фанлари соҳасидаги раҳбар ходимлар кузатган.

Таъкидланишича, товуш тезлигидан тез учувчи ракета ишлаб чиқилиши Шимолий Кореянинг жорий беш йилликда ўз олдига қўйган бешта устувор вазифасидан бири ҳисобланади ва унинг амалга оширилиши режа бўйича кетмоқда. 

Маълумотларга кўра, ҳанузгача Пхеньянда бундай турдаги қурол бўлмаган.

Синов вақтида ҳарбийлар ракетанинг техник кўрсаткичларини, унинг манёврлигини, двигатели ва ёнилғи тизими ишлашини кўздан кечиришган. Ракета қандай масофани учиб ўтгани номаълум.

Аввалроқ, 28 сентябрь эрталаб Шимолий Корея Япон денгизи томон камида битта ракета учиргани маълум қилинган. Бироқ ракета қандай турда бўлгани маълум қилинмаган. У Япониянинг иқтисодий ҳудуди ташқарисига тушган. Токио ушбу синовларни қоралаган ва Пхеньян бу хатти-ҳаракатлари билан бутун минтақада тинчлик ҳамда хавфсизликка рахна солаётганини айтган. 

Бу синовлар Пхеньян томонидан жорий йилда ўтказилган 7-синовлар бўлди.

Мавзуга оид