«UzAuto йўқ – муаммо ҳам». Блогерларнинг ҳафта мавзулари
Якунланган ҳафтада ҳам ўзбек блогосфераси қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Kun.uz блогерларнинг ҳафта мавзуларини тўплади.
Шу йил октябрда UzAuto Motors янги Captiva 5 сотувга чиқарилганини эълон қилганди. Ноябрь ойи ўрталарида UzAuto Motors компаниясининг дилерлик пунктлари янгиланган Chevrolet Captiva автомобили учун тузилган шартномаларни бекор қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. 20 ноябрь куни UzAuto Motors компанияси Chevrolet Captiva 5 автомашинасини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатганини маълум қилди ва буни «бугунги кунда жаҳон автомобиль саноати оғир кунларни бошдан кечираётгани» билан изоҳлаб, ўз мижозларидан «келтирилган ноқулайликлар учун чексиз узр сўради».
Мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилиши, қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизи компенсация сифатида тақдим этилиши билдирилган.
«Завод йўқ, муаммо ҳам йўқ» – иқтисодчи UzAuto билан боғлиқ муаммолар ва чегарадаги тўсиқлар ҳақида
«Кечадан буён UzAuto Motors’нинг Captiva бўйича шартномаларни бекор қилаётгани катта шов-шувларга сабаб бўлди. Очиғи завод билан боғлиқ бундай муаммолар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Олдин ҳам шу каби муаммолар бир неча марта содир бўлган (масалан, етказиб беришнинг кечиктирилиши жуда кўп учрайди).
Бир неча кун олдин ёзганимдек, бундай муаммоларнинг энг яхши ва энг тўғри ечимини ташқи савдодан излаш лозим. Яъни айнан ташқи савдода муаммолар бўлгани боис, ички бозорда бу каби ҳолатлар содир бўлмоқда. Агар вазият ўзгармаса, келажакда ҳам содир бўлишда давом этади.
Келинг, чегараларни қисман очиш қандай натижаларга олиб келиши мумкинлиги борасида фикр юритиб кўрамиз. Тасаввур қилинг, ҳукумат автомобиль олиб кириш учун бошқа барча тўсиқларни олиб ташлаб, импорт қилинган автомобиль учун 10 фоизлик бож жорий қилса ҳамда импорт қилинаётган автомобиллар 15 фоизга тенг қўшилган қиймат солиғини тўласа, ундан келиб чиқадики, чегарадаги умумий тўсиқлар 25 фоизни ташкил этади (ҳозирги ҳолатдан тахминан 3-4 марта пастроқ). Чегарадаги тўсиқларнинг бундай кескин пасайиши ортидан миллий заводимиз чет эллик ишлаб чиқарувчиларга ички бозорни бутунлай бой берса (яъни фаолиятини тўхтатса) ҳамда енгил автомобилларнинг йиллик истеъмоли 350 мингтага етса (албатта, истеъмол бу кўрсаткичдан бироз камроқ ёки кўпроқ шаклланиши ҳам мумкин), хўш бу қандай натижаларга олиб келади?
Агар импорт қилинадиган енгил автомобилнинг ўртача нархи тахминан 10 минг долларни ташкил этса, унда янги режимда 10 фоизлик божларнинг умумий тушуми 350 млн доллар ёки тахминан 3,7 трлн сўмни ташкил этади (0.1*350 000*10000). 15 фоизлик ҚҚСнинг умумий тушуми эса 525 млн доллар ёки тахминан 5,6 трлн сўмни ташкил этади (0.15*350 000*10000).
2020 йил маълумотларига кўра, завод тўлаган солиқларнинг жами миқдори 2 трлн сўмни ташкил этган. Агар эътибор қиладиган бўлсак, чегарадаги божлар пасайтирилиб ҚҚСдан олинган тушумлар завод тўлаган солиқлардан 2,8 марта кўпроқ. Яъни агар ҳукумат юқоридаги қарорни қабул қилса, бюджетга солиқ тушумлари камаймайди, балки қўшимча 3,6 трлн сўмга ошиши мумкин. Ўйлайманки, 10 фоизлик бож тушумлари ҳам ҳозир импорт қилинаётган автомобиллардан тушадиган тушумдан анча кўпроқ кўрсаткични ташкил қилади (чунки баъзи манфаатдор гуруҳлар, хусусан, UzAuto Motors, турли имтиёзлар эвазига автомобилларни божларсиз импорт қилмоқда). Яъни бошқача айтганда, чегарадаги божларнинг мен таклиф қилаётган даражага туширилишидан давлат бюджети ҳеч қандай йўқотишга учрамайди, балки бюджет даромадлари сезиларли миқдорга ошиши мумкин», – деб ёзди Миркомил Холбоев.
Иқтисодчи агар завод ёпилиб кетса, ҳукумат ишчиларга иш топиб олгунча ойликларини тўлиқ тўлаб турган тақдирда ҳам бу ҳукуматнинг заводга бериб келаётган ёки беришга тайёр бўлган имтиёзларидан ўн марта арзонроқ тушишини таъкидлаган.
«Божларни бекор қилиш, айниқса, камбағаллар учун яхши»
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам айни божларни бекор қилиш масаласига эътибор қаратди.
«Биздаги импорт божларининг йўқ қилиниши ўзбекистонликлар реал равишда бойишига олиб келади. Айниқса, даромадининг асосий қисмини озиқ-овқат, кийим, маиший техника каби нарсаларга кетказувчи инсонлар энг катта манфаатдор бўлади. Қўпол қилиб айтсак, энг молиявий заиф инсонлар импорт божларидан энг кўп зарар кўради, чунки уларнинг даромадлари фоизининг катта қисми шуни тўлашга кетади. Яъни бу жуда прогрессив чора бўлади. Импорт божларини бекор қилиш – энг мантиқли ва зарарсиз равишда Ўзбекистон аҳолисининг молиявий аҳволини яхшилаш учун восита. Айниқса, камбағал инсонлар аҳволини яхшилаш учун.
Фискал қисмини эса «фойда» ва даромаддан олиш керак. Идеалда, албатта «истеъмол»дан», – деб ёзди у.
Бор-йўғи 20 кун тоза ҳаво билан
«Заметки экономиста» канали муаллифи Ботир Қобилов охирги уч йил ичида Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати ҳақида ёзди.
«2021 йилда ҳаво сифати яхши (яшил ранг) бўлган кунларнинг сони бор-йўғи 20та экан. Ранг қанча тўқ бўлса ҳаво сифати шунча хавфли дегани. Бу йилги ноябрь ойига қаранг… (1 расм)
Қизиғи, 2020 йил апрель-июль ойларида ҳаво сифати бу йилги ўша даврдан анча яхшироқ бўлган. Сабаби оддий: карантин чоралари туфайли камроқ автомобиль кўчада бўлган, чиқиндиларни атмосферага чиқарадиган баъзи заводлар ишламаган. Яъни ҳаво ўзидан ўзи ёмон бўлиб қолмайди, аксинча фақат ва фақат бизнинг ҳаракатларимиз ва қарорларимиз унга сабаб.
Эслатиб ўтаман, ўзимизнинг расмий маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида атмосферага чиқаётган чиқиндиларнинг 90 фоизи автомобиллар ҳиссасига тўғри келади», – таъкидлайди у.
Луғатлардан муаммо сўзини олиб ташлайлик – блогер Хушнуд Худойбердиев
Ўтган ҳафта стрит-арт рассоми «Инкузарт»нинг бензин нархи танқид қилинган граффити кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Блогер Хушнуд Худойбердиев ҳам шу мавзуга эътибор қаратди.
«Кўплаб ижтимоий масалаларда ўзининг ажойиб санъат асарлари билан танилган стрит-арт рассоми «Инкузарт» бензин нархининг кескин кўтарилиши мавзусида Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаси олдидаги деворга граффити чизди. Аммо бу граффити қисқа фурсатларда девордан ўчирилди.
Унинг ўтган галги Ўзбекистонда автомобилларга узундан узун навбатлар ҳақидаги граффитиси ҳам ўчирилган эди.
Менимча, барча луғатлардан «муаммо» сўзини ўчириш ҳамда аҳоли орасида муомаладан бутунлай чиқариш тўғрисида қонун қабул қилиш керак. Шунда Ўзбекистонда ўз-ўзидан бирорта муаммо қолмас, барчаси ўз ечимини топар эди», – дея кинояомуз пост қолдирди блогер.
Мактаб етишмовчилигини ечиш режалари мавжуд эмас
Иқтисодчи Отабек Бакиров гарчи бу жиддий муаммо бўлса ҳам, ҳукуматнинг мактаб етишмовчилиги борасида режалари йўқлиги ҳақида ёзди.
«Умумий қуввати 5 097,8 минг ўринли мавжуд 9 803 та мактабда 6 319,8 минг ўқувчи ўқимоқда. Яъни 1 222 минг ўқувчи мактаб етишмовчилиги шароитида таълим олмоқда. Бу 2-,3-сменалар, бир синфда 45 тагача ўқувчи, энг муҳим фанлар бўйича ўқитувчиларнинг етишмаслиги кабиларда намоён бўлади.
Сиз ҳукумат яқин йилларда бу муаммони ечишга уриниб кўради ёки бу йўлда фаол ҳаракатларни бошлайди деб ўйлайсизми?
Ҳукуматнинг Тожикистонда, Қирғизистонда ва ҳатто биздан 3 карра бой Озарбойжонда мактаб қуриш режалари бор, лекин Ўзбекистонда мактаб етишмовчилиги муаммосини ечишга хоҳиши ҳам, истаги ҳам йўқ.
Келаси уч йилда мактаб етишмовчилиги муаммоси қисқариши ўрнига фақат ортади ва ҳукуматнинг прогнозига кўра, етишмовчиликни 2024 йилга бориб яна қўшимча 450 минг ўқувчи, жами 1 687,4 минг ўқувчи ҳис эта бошлайди.
Шунинг учун фарзандингиз 50 ўқувчи ўқийдиган синфларда ўқишини, ўзи қуйига инган таълим сифатини янада пасайишини олдиндан ўзингизга қабул қилаверинг», – деб ёзди у.
«Тезда зарур чоралар кўриш лозим» – davletov.uz канали йўллардаги ЙТҲлар ҳақида
«Йил бошидан буён салкам 2000 одам ЙТҲлар натижасида вафот этган. 2000та қабр худди мана шундай кўринишда бўлади.
Бу бизни ўйлантириши керак ва тезроқ зарур чораларни кўриш зарур. Йўллар инфраструктурасини яхшилаш, йўл қоидаларини қайта кўриб чиқиш, қоидабузарларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, пиёдалар устуворлигига тўлақонли эришиш, имтиҳонларда коррупцияни йўқотиш жуда муҳим.
Шаҳарлар автомобиллар учун эмас, жамоат транспорти учун, пиёдалар учун қулай қилиб лойиҳалаштирилиши керак. Одамлар ишга шахсий автомобилида эмас, жамоат транспортида бориш қулайлигини ҳис қилиши керак», – деб ёзди блогер.
Канадада истиқомат қиладиган блогер Фарҳод Файзуллаев ҳам бу ҳақда ёзаркан, жарималар миқдорининг оширилиш кераклигини таъкидлайди. У «Права» беришни коррупциядан халос қилиш кераклиги, автомактабда ўқиш мажбурий бўлмаслиги, лекин имтиҳон олишда коррупцияга барҳам бериш шартлигини айтиб ўтди.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
21:00 / 07.12.2024
Парламентдаги сукунат, БААдаги ҳибслар ва Туркманистон билан келишув — ҳафта дайжести
23:15 / 30.11.2024