Ўзбекистон | 18:35 / 25.11.2021
7821
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Туркманистон чегарасидаги иккита назорат пункти фаолияти қайта тикланди

Фото: Транспорт вазирлиги

Туркманистон билан автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун "Хўжайли" ва "Шовот" чегара ўтказиш пунктларида контактсиз юк ташувлари йўлга қўйилади.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, бу билан, бугунги кунда халқаро юк ташувлари учун фаолият юритаётган "Олот" чегара ўтказиш пунктига қўшимча равишда яна 2та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланади.

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни транспорт ва логистика масалалари бўйича ўзбек туркман ишчи гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Видеоконференция алоқа шаклида бўлиб ўтган мазкур учрашув давомида келишилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 25 ноябрь куни “Хўжайли – Куня-Урганч” ҳамда “Шовот – Тошҳовуз” чегара ўтказиш пунктлари иш фаолияти халқаро юк ташишлар учун нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли орқали ташкил этиш бўйича синов ўтказилди.

Мазкур чегара ўтказиш пунктлари коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилган чеклов чоралари натижасида 2020 йилда ёпилган эди.

 Ҳозирда Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда ДХХ чегара қўшинлари “Хўжайли – Куня-Урганч”, “Шовот – Тошҳовуз” ўтказиш пунктлари иш фаолиятини жорий йил 25 ноябрдан санитария-эпидемиология тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли билан қайта тиклаш юзасидан Туркманистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид