Ўзбекистон | 18:53 / 05.12.2021
40470
12 дақиқада ўқилади

«Нега оддий соя учун бунча юқори нарх?» — Блогерларнинг ҳафта мавзулари

Чироқчидаги ИИБ ходимлари ва ҳайдовчи можароси, ҳокимга совға қилинган «Мерседес» ва антикоррупциянинг чала изоҳи, илмда ортда қолган Ўзбекистон ҳамда бошқа мавзулар — блогерлар якунланган ҳафтада қандай мавзуларни муҳокама қилди?

Айб фақат фуқаролардами ёхуд оддий соя учун катта жарималар

Фото: Видеодан кадр

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев ички ишлар органлари ходимларининг устига машинасини ҳайдаган фуқаро ҳақидаги хабарлардан кейин мантиқсиз қонунларни ўзгартириш пайти келгандир деган саволни ўртага ташлади.

«ЙҲХББ эълон қилган видеодан маълум бўладики, 23 ёшли ҳайдовчи ўз Lacetti’сининг олд ён ойналари рухсатсиз тонировка қилингани учун қўрққанидан эшикларини ёпиб олган ва кейин одамларнинг гижгижлаши сабаб машинани ходимлар устига ҳайдаган.

Ҳа, шубҳасиз йигит 2 карра қонунни бузди. Ҳам рухсатсиз тонировка, ҳам ҳокимият вакилига бўйсунмаслик. Бошқаларга дарс бўлиши учун ҳам жазога тортилиши деярли аниқ. Биз ҳам бу каби ҳолатларни қоралаймиз ва фуқаролардан қонунга итоаткорликни, одамлар ҳаётига бу каби хавф солмасликни, ҳокимият ва орган вакилларининг қонуний талабларига риоя қилишни сўраб қоламиз (масалан, АҚШда агар ҳайдовчи полиция устига машина ҳайдаганда, огоҳлантирмасдан ўққа тутган бўлишарди, яхшиям бизда унақамас).

Аммо келинг, оқибатлар ҳақида эмас, сабаблар ҳақида гаплашиб кўрамиз.

Хўш, ўша Lacetti ҳайдовчиси нега бунчалик қўрқиб кетди? Масалан, оддий камар тақмаганида ёки суғуртаси бўлмаганда бунчаликка бормасди-ку, тўғрими?

Жавоб: Ўзбекистонда рухсатсиз тонировка ўрнатганларга ўта юқори жарима қўлланади. Ҳатто қизил чироқда ўтган ёки 70 км/соат белгиланган жойда 180 тезликда юрган қоидабузарларга ҳам бунчалик жазо йўқ», деб ёзди блогер.

У тонировкага тўланадиган пул миқдори ҳам ўта мантиқсизлигига эътибор қаратди.

«Энди ўзингиз ўйланг, жамият учун қайси бири кўпроқ хавф келтиради? Тонировка шунчалик катта хавф экан, унда нега пул тўласа, мумкин? Пул тўлаганлар жамият учун хавфсиз-у, тўламаганлар учига чиққан муттаҳамми?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда йўл ҳаракати қоидаларига оид фақат иккита қилмиш учун энг юқори 40 «минимал», яъни 10 млн 800 минг сўм жарима белгиланган. Бундан катта жарима йўқ. Булар:

1) транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс маст ҳолда машина ҳайдаса;

2) тонировкани такроран рухсатсиз ўрнатса.

Илк марта рухсатсиз тонировка билан тушса, 6 млн 750 минг сўм жарима қўлланади, бу маст ҳолда машина ҳайдаганнинг жаримаси билан бир хил.

Шу ўринда бошқа савол ҳам туғилади. Хўп, бу қулоқсиз ва маданиятсиз ҳайдовчилар тонировкани тегишли рухсат билан ўрнатса бўлмайдими? Нега улар тонировка учун қонунни бузади? Қонунларга ҳурмат қани?

Яхши ва мантиқли савол, албатта. Келинг, энди шу жойда яна оқибат ҳақида эмас, сабаблар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрамиз.

Нега ҳайдовчилар тонировкани рухсатсиз ўрнатади?

Жавоб: чунки тонировка нархи мантиқсиз даражада ўта қиммат.

Масалан, ўша чироқчилик йигит Lacetti’сининг олд ён ойнасини тонировка қилиш учун нақ 13 млн 500 минг сўм тўлаши керак эди. Орқа ён ойналар учун эса 1 млн 350 минг сўм.

Оддий соя учун бунчалар баланд нарх белгилагандан кейин аксарият ҳайдовчилар рухсатсиз ўрнатишга ҳаракат қилиши табиий. Майли, кимдир зарурият учун, кимдир мақтаниш учун қилар, аммо факт шуки, мантиқсиз қонунларнинг ўзи фуқароларни қоида бузишга провокация қилади. Масалан, солиқлар қанчалик баланд бўлса, ҳамма солиқдан қочиб, яширин бозорга ўтиб кетганидек.

Энди сизда бошқа савол туғилиши мумкин. Хўш, нима учун ўзи нарх ва жарима бунчалар баланд ҳамда ҳалигача пасайтирилмаяпти?

Оҳ, бу ҳам жуда бир жойида берилган ўринли савол бўлди. Раҳмат сизга. Келинг, яна оқибатларни эмас, сабабларни кўриб чиқамиз.

Нима учун ҳалигача тонировка ўрнатиш нархи ва жаримаси камайтирилмаяпти?

Жавоб: чунки бундан Ички ишлар вазирлиги манфаатдор, улар ҳар йили бир неча юз миллиард сўм даромад олади. Шу сабабли ҳалигача нарх ва жаримани тушириш варианти кўриб чиқилмаяпти. Аввал ҳам бу ҳақида ёзган эдим. Бу пулларнинг бир тийини ҳам республика бюджетига ўтказилмайди, бунинг барчаси ИИВнинг махсус жамғармасига бориб тушади.

2019 йил августдан 2020 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигига тонировка ўрнатишдан жами 302 млрд 635 млн сўм (салкам 29 млн доллар) пул тушган. 2021 йилда бу рақам янада катталашгани аниқ.

Хўш, йўқ жойдан шунча пул тушиб турса, ким ҳам бунақа «тилла тухум» туғадиган ғозни бериб қўйгиси келарди?

Кўряпсизми, барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Айб фақат фуқароларда эмас, мантиқсиз қонунларга ҳам бир қараб қўяйлик. ИМҲО», деб ёзди блогер.

Мавзуни депутат Дониёр Ғаниев ҳам давом эттириб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритишни таклиф қилгани ҳақида ёзди.

«Хушнудбек ҳукумат томонидан тонировка учун белгиланган қиммат нархларни туширишга ёки рухсатсиз тонировка учун белгиланган санкцияларни (Парламентнинг ўзи белгилаган аслида) камайтиришга Парламентнинг катта эҳтимол билан «тиши ўтмаслиги»ни ёзган. Афсуски, блогер дўстимизнинг бу фикри ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас.

Шунга қарамай, бир неча ҳафта аввал депутат сифатида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқимдан фойдаланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айнан 126-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиб, юридик хулоса олгандим. Таклиф этилган қонун лойиҳасида нафақат рухсатсиз тонировка учун белгиланган санкциялар миқдорини камайтириш, балки ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофини кўришни чекламайдиган ойналарни (яъни орқа ён ойналарни) қорайтириш маъмурий жавобгарлик учун асос бўлмаслиги кўзда тутилган», деб ёзди у.

Депутат 2022 йилдан тонировкадан тушган пуллар ИИВга эмас, бюджетга ўтказилишини таъкидлаб, Вазирлар Маҳкамасида қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланишига умид қилган.

Зарар ҳокимдан, компенсация халқ пулиданми?

Ҳуқуқшунос ва блогер Баҳодир Аҳмедов ҳокимнинг ноқонуний қарори туфайли келтирилган зарар давлат бюджетидан тўланишига эътибор қаратди.

«Давлат амалдорлари иш юзасидан қонунни бузиб кимгадир зарар келтирса, нима бўлади? Ҳозир сиз билан аслида қандай бўлиши ҳақида қонуний таҳлил қиламиз.

Олайлик, бирор амалдорнинг ноқонуний қарори билан фуқаро уйи бузилиб кетди. Бу ноқонуний экани судда исботланди. Нима бўлиши керак?

Судя, аввало, ноқонуний қарор чиқарилгани учун ўша ҳокимга нисбатан битта хусусий ажрим чиқариши керак. Фуқаронинг уйга бўлган ҳуқуқи тикланса, бу келтирилган зарар қопланди дегани эмас, албатта. Бу учун алоҳида даъво билан судга мурожаат қилиш керак бўлади. Фуқаро маълум асослантирилган суммани ҳокимликдан зарарни қоплаш учун суд орқали олади. Биров ўзи келиб бериб кетмайди.

Суд орқали зарар ундирилди, хўп. Ҳоким индамай сувдан қуруқ чиқиб кетаверадими? Қонунда бирор нима йўқми бу бўйича дерсиз? Албатта бор. Фуқаролик кодекси 15-моддаси ва 990-моддаларига асосан, давлат мансабдори, масалан, ҳоким етказган зарар ўша ташкилот (ҳокимлик) ёки ташкилот пули етмаса, бюджетдан тўланиши айтилган. Масалан, битта маҳалла бузилган. Фуқароларга етказилган зарар миқдори, айтайлик, 1 млрд сўм бўлган. Бу қонун бўйича ҳокимнинг ноқонуний қилмиши туфайли давлатга 1 млрд сўм зарар етди деганидир.

Ҳокимлик бу пулни тўлайди. Кейин-чи? Фуқаролик кодекси 1001-моддасига асосан ҳокимлик ҳокимдан регресс тартибида суд орқали 1 млрд сўмни ундириб олиш ҳуқуқига эга. Бу сумма ҳокимнинг бўйнига илиб қўйилиши эса адолатли чора, тўғрими? Бу зарар бирма-бир ҳоким ойлигидан ечиб борилаверади. Ҳа нима, ўйлаб чиқарсин-да қарорни, катта холасининг уйимас-ку», дейилади постда.

Ҳуқуқшунос амалда ҳокимлардан ҳеч қачон бунақа регресс тартибида пул ундирилмаслигини таъкидлайди: «СНОС даврларида бирор ҳоким регресс тартибида зарарни қоплаганмикин? Статистика нима дейди бу бўйича? Қарорни чиқариб, зарарни қилиб қўйиб, кейин бюджет ҳисобидан қопланиб кетилаверганмикин? Ахир, бюджет ҳам халқ пули. Халқ пулидан халқнинг жабр чеккан бир қисмига компенсация берилади. Ҳоким ҳеч нарса бўлмагандек ҳуштак чалиб кетаверади. Классика».

«Антикоррупция агентлигининг жамоатчилик кенгашида қолишим имконсиз» — ҳокимга қимматбаҳо «Мерcедес» ва унинг атрофидаги муҳокамалар ҳақида

Ўтган ҳафтада фуқаро Mercedes-Benz С500 автомобилини Тошкент шаҳар ҳокимлигига совға қилгани катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу совға бўйича текширув ўтказаётгани журналистларга маълум қилинди.

Шундан сўнг ОАВнинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилиниши борасидаги саволига берган жавобида агентлик директори Акмал Бурҳонов қонун бузилиши ҳолати бўлмаганини айтди. 

Иқтисодчи Отабек Бакиров агентликнинг бу жавобидан кейин жамоатчилик кенгашида қолиши имконсизлигини билдириб пост қолдирди. 

«Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилинишида қонун бузилиши ҳолати бўлмаганини қайд этган. Агентлик ўзининг позициясини батафсил очиқламаган.

Жамоатчиликда ҳаддан зиёд ғазаб уйғотган бу воқелик агентликда иқтисодий маънога эга бўлмаган ҳаракат ёки қонун талабларини четлаб ўтишга уриниш ўлароқ, ҳаттоки савол туғдирмаган.

Агентликнинг бу каби ғалати позициясидан кейин Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида қолишни бундан буён ўзим учун имконсиз ҳисоблайман», деб ёзди у.

Камбағал давлатда илм-фан қилинмайди

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистон илм-фани ҳақидаги мулоҳазаларини ёзиб қолдирди.

«Камбағал мамлакатда илм-фан қилинмайди. Илм-фан қиммат нарса ва дунёдаги кам сонли мамлакатлардагина бунинг имкони бор.Қачондир Ўзбекистонда илм-фан қилинар эди. Агар Ўзбекистон фанининг дунёдаги нисбий ўрни ҳақида айтсак, 1988 йилга чиқиш учун ярим аср керак.

Ижтимоий фанлар деярли мавжуд эмас эди. Сабаблари сиёсий. Лекин ҳатто ижтимоий фанларда ҳам ўзбекистонликлар 1988 йил даражасига чиқишлари имконсиздек.

Бошқа фанларда ҳам аҳвол унча яхши эмас. Лекин математика мактабимиз йўқолиб кетгани – энг ачинарлиси. Ўзбекистонда ёзадиган олимлар ишларини AMC (АҚШ математика жамияти) таржима қилар эди.

Ҳозир ҳеч қайси журнал таржима қилинмайди. Хуллас-да.

Айтмоқчи бўлганим, бизда илм-фан мавжуд эмаслиги, бизнинг халқ илм олиши кераклигини билмаслигидан эмас, ўта камбағал мамлакатда яшаганимиз ва мамлакатда бирорта тадқиқот университети йўқлиги.

Яъни масалан, Яман ҳам шунақа. Лекин Яман ёки Жанубий Судандан фарқли ўлароқ, биз қачондир илм-фанда биринчи лигада бўлганмиз.

Яъни ҳатто сақлаб ҳам қола олмадик.

Бизда болаларнинг илм-фанга чанқоқлигини уйғотишга ҳаракат қилсангиз ҳам, улар кетишга мажбур бўладилар.

Агар одамлар илм-фан қилишини хоҳласангиз, иқтисодий ислоҳотлар керак. Қайтараман, камбағал мамлакатда илм қилинмайди», деган иқтисодчи.

Мавзуга оид