Жамият | 19:52 / 19.12.2021
14568
5 дақиқада ўқилади

Иш борасидаги хавотирни енгишнинг 5 усули

Ҳисларингизни ижобий томонга йўналтиринг, кайфият ўзгариши ҳолатларини кузатинг ва кичик ютуқларни ёдда сақланг.

Фото: Getty Images

Соат кундузги тўрт бўлди, бажаришингиз керак бўлган ишлар эса миллионта. Кечгача барига улгура олмаслигингизни биласиз. Ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш ҳақида ўйлаб, асабийлашасиз. Уйга келгач эса ишдаги вазифа ва суҳбатлар ҳақида ўйлашда давом этасиз. Натижада мириқиб дам ололмайсиз.

Агар шу каби ҳислар сизга таниш бўлса, билингки, ёлғиз эмассиз. Иш туфайли юзага келган хавотир – кенг тарқалган ҳолат. АҚШ хавотир ва депрессияга қарши кураш ассоциацияси маълумотларига кўра, 56 фоиз кишилар иш билан боғлиқ хавотирлардан азият чекади.

Доимий ташвишда яшаш меҳнат ва унумдорлик сифати азият чекишига олиб келади. Саломатлик тўғрисида эса гапирмаса ҳам бўлади. Хавотирни енгишда ёрдам берадиган беш усул қуйидагилардан иборат:

1. Ўзингизни тинчланишга мажбурламанг

Чуқур нафас олиш ва сукунатда ўтиришга шошилманг. Ҳарвард бизнес мактаби ходими Элисон Вуд Брукс фикрига кўра, бундай ёндашув ёрдам бермайди. Тинчланишга уриниш ўрнига у ҳаяжонни илҳомга айлантиришни тавсия қилади.

Ўз ҳолатингизни тан олинг. Масалан, асабий зўриқиш ва хавотирдан титраяпсиз. Уларга қарши курашиш учун ортиқча вақт сарфламанг ва ишга киришинг. Кучингизни ижобий томонга йўналтиришга интилинг ва ундан вазифаларни бажариш ва мақсадга эришиш йўлида фойдаланинг.

2. Бир вақтнинг ўзида бир неча вазифа бажаришни бас қилинг

Бир неча вазифани бажариш керак бўлганида қарор қабул қилишдан чарчаш табиий ҳолат. Бир нечта вазифа орасидан биттасини танлаш ва дастлаб қайси ишни бажариш кераклигини ҳал қилиш зарур. Кун давомида одатда зўриқиш кучаяди, у билан бирга эса хавотир ҳам ортади.

Ана шу ҳолат олдини олиш учун кўп вазифани бажариш режимида ишламанг. Чунки мазкур вазиятда финиш чизиғи – иш бажарилган вақтни сезмай қоламиз. Бу ҳис эса самарадорлик учун жуда муҳим: айнан шундай фурсатлар бирор нимага эришганлик ҳиссини беради.

Бир неча ишга чалғиб, бирортасини бажармагандан кўра, ягона бир ишни бажариш яхши эканини ўзингизга эслатиб туринг. Бир вақтнинг ичида бир неча вазифани бажармоқчи эканингизни пайқасангиз, асабийлашманг ва диққатни фақат битта ишга қаратинг.

Агар уларнинг барчаси муҳим бўлса, улардан исталган биттасини танланг ва улар ҳақида ўйлаш учун қўшимча вақт сарфламанг. Ана шу вазифани кичик қадамларга бўлинг ва уларни бирин-кетин бажаринг.

3. Самарадорлик ўзгариши ҳолатларини кузатинг

Олимлар маълумотларига кўра, диққатни жамлаш қобилиятидаги ўзгаришлар хавотир юзага келиши ҳақида сигнал ҳисобланади. Масалан, бир неча ишга уриниб кўрасиз, чалғиш учун баҳона топасиз, вақтни беҳуда сарфлайсиз.

Ана шу белгиларни кузатинг. Натижада хавотир тўғрисида хабар берувчи шахсий тизимга эга бўласиз.

Бирор вазифани бажаринг ва у сизда қандай ҳис уйғотишини ёзинг. Бунинг учун алоҳида ҳужжат юритинг. У ерда қайдлар ёзиб боринг. Кайфият ва диққат ўзгариши ҳолатларини қайд этиб боринг.

Бироз вақт ўтгач, айнан нима сизда хавотир уйғотишини англай бошлайсиз. Бу муайян вазифа, мижоз ёки жуда қатъий дедлайнлар бўлиши мумкин. Сабабини билгач, иш жараёнини ташкиллаштириш осонроқ бўлади.

4. Интернетни вақтинчалик ўчириб қўйинг

Кўпчилик бугунги кунда доимий равишда интернетга кириш заруриятини ҳис қилади. Ҳатто янги “номофобия” деган тушунча ҳам пайдо бўлди. У мобил телефонсиз ёки ундан узоқда бўлишдан қўрқиш ҳиссини англатади. Бироқ бундай боғлиқлик кўпинча иш унумига таъсир кўрсатади: телефонни тез-тез кўздан кечириш, чалғиш ёки хабарларга жавоб бериш ҳисси пайдо бўлади. Натижада камроқ иш бажарамиз, кўпроқ хавотирланамиз.

Кун давомида бир неча соатни интернетсиз ўтказишга ҳаракат қилинг. Барча зарурий ахборотни тўпланг, кейин эса авиарежимни ёқинг. Ана шунда хабарлар ва эслатмалар сизни чалғитмайди.

5. Ўзгаларнинг фикр-мулоҳазаларини сўранг

Хавотир ўз вазифаларимизни қай даражада яхши ёки ёмон бажараётганимизни билмаганимизда ҳам пайдо бўлади. Бу масофадан туриб ишлайдиганлар ёки мутахассислигидан келиб чиқиб, ўзи ишининг натижасини кўра олмайдиганлар учун айниқса долзарб. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгалардан ишингиз тўғрисидаги фикрларини сўрашга уялманг.

Психолог Кэри Купернинг фикрига кўра, аниқ кутилмалар ва ўзгаларнинг фикрини билиш – хавотирни камайтириш калити. Кўпчилик учун мижоз ёки раҳбарнинг фикрини сўраш ноқулай, бироқ бу зарур. Ишга оид деталларни муҳокама қилиш, ҳақиқатан ҳам олдинга қараб ҳаракатланаётганингизни билиш учун мунтазам учрашув ва видеоқўнғироқлар ҳақида келишишга ҳаракат қилинг.

Лайфхакер сайтидан олинди.

Мавзуга оид