Ўзбекистон | 11:40 / 26.12.2021
103231
6 дақиқада ўқилади

Президент айтган «солиқ йиғувчилар» кимлар эди? Масъуллар изоҳ беришди

23 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги аҳвол билан танишиш жараёнида президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда жиноятчилар орасида «солиқ йиғувчи» гуруҳлар пайдо бўлгани, улар бозорлардан ва ҳатто давлатдан солиқ олишаётганини айтганди. Kun.uz ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва прокуратурасидан давлат раҳбари солиқ йиғувчилар деганда кимларни назарда тутгани юзасидан изоҳ олди.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов зўрлик ишлатиш орқали тадбиркорлар ва фуқаролардан улуш олиб юрган гуруҳлар пайдо бўлгани, давлат раҳбари бундай ҳолатларга барҳам бериш лозимлиги ҳақида топшириқлар берганини таъкидлади.

«Айрим ҳолатларда ҳақиқатан [солиқ йиғувчи гуруҳлар фаолияти] кузатилди. Кўчаларда текин «стоянка»га фуқаролар машинасини қўйишаётганда бунинг учун пул талаб қилинган ҳолатлар кузатилди.

Ўрнатилган тартибдаги вақтдан кеч, яъни тунги вақтда ишлаётган ошхона ва аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа шохобчалардан айрим фуқаролар улуш талаб қилган ҳолатлар бор. Давлатимиз раҳбари умумий тарзда шу ҳақда айтиб ўтдилар. Бу нарсага чек қўйиш керак, бу бошқа такрорланиши мумкин эмас дедилар.

Ҳақиқатан ҳам бу каби ҳолатлар бир неча марта кузатилди. Бу ўз вақтида ижтимоий тармоқларда ҳам ёритилган. Бу фақат Тошкент шаҳрига тегишли эмас, бутун республикага тегишли. Бундай гуруҳларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам бериш тезкор қидирув форматида амалга оширилади. Бу ҳақиқатан бор нарса, шунга йўл қўйилаётгани ҳақида давлат раҳбари аниқ топшириқ берди ва бу бўйича бутун вилоятлар ишлаяпти», деди Ғиёсов.

Шоҳрух Ғиёсов

Ғиёсов бу билан криминал авторитетлар қайтаётганига ишора қилинмаганини таъкидлади.

«Айрим ҳолатларда локал жойларда куч ишлатиш орқали бошқа фуқароларга таъсир ўтказиш ҳолатлари кузатиляпти. Масалан, мардикор бозорларда ким биринчи, ким иккинчи бўлиб иш олишини белгилайдиганлар, текин «стоянка»лардаги автомобиллардан пул ундиришга уринаётганлар, шунингдек, «петак»лардаги таксичилар қачон мижоз олишини ҳал қилувчилар пайдо бўлди. Шу нарсаларга бутунлай чек қўйиш керак деган маънода гапирилди. Бу борадаги вазият ўрганиб чиқилиб, тегишли тадбирлар амалга оширилади», дейди ИИВ матбуот котиби.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатовнинг матбуот котиби Нилуфар Исахонова «кўча», яъни криминал авторитетлар яна қайтаётганини рад этди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мулозими жиноят оламига кирган айрим шахслар ўзидан раҳнамо ясашга уринаётгани, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бунга йўл қўйилмаганини таъкидлади.

«Жиноят олами вакиллари, яъни «кўча яна қайтди» деган терминни ишлатиш, менимча, нотўғри. Бирорта жиноий гуруҳ ёки бўлмаса жиноят йўлига кирган айрим шахслар ўзидан раҳнамо ясаб олишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, ноқонуний савдо қиладиган шахсларни раҳнамолигига олган, уларнинг ноқонуний савдо қилишига шароит яратиб берадиган ёки улардан маълум бир миқдорда ноқонуний солиқ йиғувчи шахсларни ҳам аниқлаяпмиз. Уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриляпти, жиноят иши очиляпти, айби исботлангандан сўнг жиноят ишлари судга юборилмоқда», дейди Исахонова.

Нилуфар Исахонова

Унинг таъкидлашича, катта эҳтимол билан давлат раҳбари ҳам «солиқ ундирувчи гуруҳлар» деганда ҳам айнан жиноятчи гуруҳларни, яъни ўзидан «кўча ясаб олган» жиноят олами вакилларини назарда тутган. Расмий бундайларни криминал «авторитет» деб бўлмаслиги, чунки бундай тушунчаларга мустақилликнинг илк йилларидаёқ барҳам берилгани, жиноят оламининг обрўли шахслари жавобгарликка тортилганини айтиб ўтди.

Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовнинг матбуот котиби Хуршида Раҳмонова телефон орқали суҳбатда президент томонидан берилган топшириқлардан сўнг ушбу йўналишдаги ишлар назорати кучайтирилганини айтмоқда.

Хуршида Раҳмонова (суратда чапда)

«Ҳолат бўйича ўшандан кейин шаҳар прокуратураси, солиқ, департамент, ИИББ билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди. Шаҳар прокурори Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи билан ҳар битта бозорга биргаликда ташриф буюриб, ҳаммасини ўзлари ўрганиб чиқишди.

Лекин «кўча қайтди» дейиш нотўғри бўлишини айтишди. Айрим шахслар ўзидан раҳнамо ясашга ҳаракат қилган ҳолатлар бор экан, ушбу ҳолатлар ИИББ ва шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган. Бу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда жиноят иши қўзғатилиб, ҳар битта иш автоматик тарзда шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинади ва бу ҳақда шаҳар прокурорига ҳисобот қилинади.

Айниқса, президент топшириқ берганидан кейин ИИББ ва шаҳар прокуратураси янаям жиддий киришди, бу борадаги ишларнинг назорати кучайтирилди», дейди шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Хуршида Раҳмонова.

У жиноят олами вакилларининг қайта оёққа туришига, ноқонуний фаолиятларини тиклашига йўл қўйилмаслигини қатъий таъкидлади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мулозимлари кимлардир ўзини «криминал авторитет» сифатида таништириб, тадбиркорлардан улуш талаб қилса ёхуд кимлардандир ололмаётган қарзларини ундириб беришини айтса, бу ҳақда зудлик билан ваколатли идораларга хабар беришларини сўрашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманида Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва фаоллар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Азиз Тошпўлатов ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовнинг бу борадаги фаолиятини танқид қилганди.

Давлат раҳбаридан дакки олган масъуллар 5 декабрь куни Бектемир туманидаги вазиятни ўрганишга чиққан, ўрганиш давомида Қўйлиқ бозори атрофидаги ҳудудлар жиноятчилик ўчоғига айлангани билан боғлиқ ҳолат танқидий муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди.

Бироқ расмий хабарларда криминал олам вакилларидан неча киши қўлга олингани ёхуд президент айтганидек, бозорлардан, давлатдан солиқ оладиган гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ишлари нимадан бошланиши ҳақида маълумот берилмаган.

Мавзуга оид