Жаҳон | 21:41 / 29.12.2021
18262
2 дақиқада ўқилади

Хитойда карантинни бузганлар намойишкорона тарзда “шарманда қилинди”

Хитойнинг Цзинси уездида карантин қоидаларига амал қилмаганлар омма олдида намойишкорона жазоланди.

Фото: AP

Ушбу ҳолат видеосида ҳимоя кийимида бўлган одамлар бир неча қоидабузарни кўчалар бўйлаб олиб юрганини кўриш мумкин. Қоидабузарлар ҳам бошдан оёқ ҳимоя кийимида бўлган ва халқ уларнинг кимлигини билиши учун бўйниларига суратлари туширилган ҳамда исмлари ёзилган плакатлар илиб қўйилган. Шунингдек, видеода жараённи қуролланган полициячилар назорат қилаётганини кўриш мумкин.

Хабарда таъкидланишича, Хитойда 2010 йилда қонунбузарларни намойишкорона жазолаш амалиёти бекор қилинган. Бироқ Цзинси уезди жойлашган Гуанси-Чжуан мухтор туманида бирорта касалланиш ҳолатига йўл қўймаслик мақсадида жазолашнинг бу усулига қайтишга қарор қилинган.     

Аввалроқ Британиянинг Mirror нашри Хитойнинг 13 млн кишилик Сиан шаҳри аҳолиси коронавирус тарқалиши авж олгани сабабли уйларидан чиқарилмаётгани ва шу сабабли озиқ-овқат захиралари тугаб, оч қолганларини маълум қилган. Таъкидланишича, аҳолига фақатгина шошилинч тиббий ёрдам олиш ёки коронавирусга тест топшириш учунгина уйларини тарк этишга рухсат берилган.

Мавзуга оид