Марказий Осиёда блэкаут. Вазирлик свет ўчиши сабабини маълум қилди
Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам свет йўқ. Ўзбекистон энергетика вазирлиги электр энергияси таъминотида узилишлар нима сабабдан кузатилаётганини маълум қилди.
Энергетика вазирлиги республика электр энергияси таъминотида узилишлар бўйича икки бор баёнот берди. Дастлабки баёнотда йирик авария сабабли республиканинг Тошкентдан бошқа шаҳарларида ҳам свет ўчгани тасдиқланганди.
«Бугун, 25 январь куни соат 11:00да энерготизимда йирик носозлик юзага келиб республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Айни пайтда мутахассислар томонидан носозликни тиклаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади вазирликнинг биринчи изоҳида.
Иккинчи баёнотда маълум қилинишича, авария Қозоғистондаги энерготизимда рўй берган. Ҳозир Ўзбекистон энергетиклари станцияларни Қозоғистон энерготизимидан узиб, ўчган тармоқларни алоҳида-алоҳида ишга туширмоқда.
«Соат 10:57 да Қозоғистон Республикаси Электр тармоғида катта авария бўлиши натижасида Олмаота, Чимкент, Тароз, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.
Бунинг натижасида Қирғизистон электр тармоғида, жумладан Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда электр энергия ўчиши кузатилди.Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частота кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.
Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.
Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ТЭЦларни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.
Авария тафсилотлари бўйича қўшимча равишда ахборот берилади», дейилади хабарда.
Яна нима гаплар?
Тахминан соат 11:00 ларда Тошкент шаҳри электр энергиясида узилиш содир бўлгани маълум қилинди. Кейинроқ узилиш бутун республика ҳудудлари бўйлаб рўй бергани маълум бўлди.
Авария сабабли Тошкент метроси фаолияти тўхтаб қолган.
Уй-жой ва коммунал хўжалиги вазирлиги мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси тизимида кузатилган узилишлар боис иситиш, оқова ҳамда ичимлик сув тармоқларида ҳам узилишлар кузатилишидан огоҳлантирган.
Тошкент шаҳар ИИББ светофорлар ишламаётгани сабабли заруратсиз шахсий автомобилдан фойдаланмасликни сўради.
Тошкент аэропорти электр ўчиши сабабли рейсларни қабул қилишни тўхтатган.
«Ўзбекистон темир йўллари» маълумотига кўра, республикада кенг қамровли электр энергияси таъминоти узилгани боис айрим йўловчи поездларнинг ўз манзилларига етиб бориши кечикмоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, Тошкент шаҳрида электроэнергия таъминотида узилишлар кузатилаётгани сабабли автобусларнинг ҳаракатини кузатиб бориш учун мўлжалланган мобил иловаларга маълумотлар узатилишида узилишлар бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр мосламаларини тармоқдан вақтинча узиб қўйишни сўрамоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, тез орада мобил алоқада ҳам узилишлар бошланади. Унинг сўзларига кўра, уяли алоқа компанияларнинг базавий станциялари свет ўчганда, дизель генератори билан ишлайди. Фақат дизель ёнилғиси 2 соатларга етади, холос.
Шу маънода агар электр таъминоти тикланмаса, тез орада мобил алоқасида ҳам узилишлар бошланади. Шунингдек, свет бўлмаса Ўзбекистонда аксарият ҳудудларда сув ҳам бўлмайди. Бутун ‘водоканал’ тизимининг фаолияти насослар билан ишлатилади. Шу сабабли айни дамда Ўзбекистонда свет ва сув, айрим жойларда иситиш тизими ва канализация узилди, дейиш ўринлироқ», деб ёзади у.
Мавзуга оид
19:23 / 24.12.2024
Депутат Энергетика вазирлиги ва Кадастр агентлигига "депутат сўрови" юборди
23:39 / 12.12.2024
Тошкент вилоятидаги «Чорбоғ» подстанциясида носозлик юзага келди
17:02 / 28.11.2024
«Кафолатланмаган тадбиркорлар». Пойтахтдаги юзлаб корхоналар газдан узиб қўйилди
17:00 / 28.11.2024