Ўзбекистон | 20:00 / 30.01.2022
34094
9 дақиқада ўқилади

Халқдан «телефон солиғи» – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Kun.uz якунланган ҳафтада ўзбек блогосферасида муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларни жамлади.

Фото: Kun.uz

Абсурд: UzIMEI балоси яна трендда

Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров UzIMEI тизимига эътибор қаратди.

«Дарвоқе, ҳозир қарийб барча мобил алоқа компаниялари E-sim хизматини тақдим этяпти. Яхши хизмат, аммо UzIMEI деган бало бор. Телефонингда сим-карта кетадиган слот IMEI рақами UzIMEI’да рўйхатдан ўтган бўлса-да, сен E-sim IMEI’ни ҳам рўйхатдан ўтказишинг, бунинг учун чет элга чиққан бўлишинг ва 54 минг сўм тўлашинг керак. Энг абсурд талаб бўлса керак. Инсоф беришсин. Бу аслида ўзи хато бўлган тизимнинг кичкина бир хатоси», - деб ёзди блогер.

Kurbanoff унинг фикрларини давом эттирган ҳолда, «E-sim учун пулли IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш талаби ҳозирги UzIMEI тизимининг энг мантиқсиз ва аҳмоқона талабларидан бири», дея изоҳ қолдирди

Давлат ташкилотлари ўзи эплолмаган иш учун халқдан «телефон солиғи»ни олади

UzIMEI тизимининг ашаддий танқидчиси блогер Хушнуд Худойбердиев муҳокамаларга қўшилиб, бу абсурд тизимга ўзи ҳам дуч келганини таъкидлади.

«Кеча davletov.uz UzIMEI тизимида замонавий E-sim (электрон сим-карта)ни рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар ҳақида ёзганди.

Бу ҳақда анча аввал мен ҳам бир ёзгандим. Чунки ўзим бу абсурд тизимда шунақа муаммога дуч келганман.

Хориждан олиб келинган телефоним IMEI рақамини хорижга чиқиб келган бир ҳамкасбимнинг номига расмийлаштиришга мажбур бўлдим. У пайтда ҳали Ўзбекистонда  E-sim йўқ эди, шу сабабли фақат битта слот учун рўйхатдан ўтдим. Кейин у ҳамкасбим узоқ бир вилоятга ишга ўтиб кетди.

Орадан маълум вақт ўтиб, бизда ҳам E-sim пайдо бўлди. Шундан сўнг ўша ҳамкасбим номига E-sim слоти IMEI рақами учун тўлов қилиб, рўйхатдан ўтказаман десам, буни онлайн амалга оширишнинг имкони йўқ экан. Нима эмиш, қўшимча IMEI’ни рўйхатдан ўтказиш учун ўша одамнинг ўзи шахсан бориши керак экан. Агар E-sim бўлса, унда, албатта, телефонни ҳам олиб бориши керак экан. Менинг вазиятимда телефон Тошкентда, номига расмийлаштирилган одам эса узоқ вилоятда.

Барака топкурлар, худди шу телефоннинг асосий IMEI рақами кимнинг номига расмийлаштирилгани базада кўриниб турибди-ку, яна ўша одамни овора қилишнинг нима кераги бор, онлайн ўтса бўлмайдими, десам, «йўқ, бўлмайди, офисимизга ўзи телефонни кўтариб келсин», дейишди. Ташқарида 21 аср, Карл!

Э, хуллас, бу абсурд тизим ҳақида гапирса, гап кўп. Фуқароларга солинаётган икки карра «телефон солиғи» ҳақида ҳам кўп гапирса бўлади. Давлат ташкилотлари ўзи қилишга мажбур бўлган вазифаларни лозим даражада эплолмаётгани учун (масалан, чегарадан ноқонуний телефон ўтказмаслик, солиқдан қочишнинг олдини олиш, ўғирланган телефонларни топиш) халқнинг ўзидан яна солиқ олишади.

Шу тизим туфайли фуқароларнинг шахсий маълумотлари, паспорт нусхаларини ўғирлаш, одамлардан сўрамай уларнинг номига телефон рақамларни расмийлаштириш бутун бошли жиноий индустрияга айлангани эса ачинарли ҳолат», - дейди блогер.

Кичкинагина чивин шунча азоб беради

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагараж бу тизим ҳақида фикрларини  Twitter саҳифасида ёзиб қолдирди. Эксперт UzIMEI’ни «тушунарсиз бюрократик» тизим деб атаб, Ўзбекистонни олдинга эмас, балки орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканлигини таъкидлаган.

«Бу бало Ўзбекистонда якунига етмаган телекоммуникация ислоҳотларининг мамлакат трансформациясини ушлаб турганини эслатиб туради. Ҳозирги UzIMEI тизими Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, мамлакатда 30 кундан ортиқ бўладиган чет элликлар учун бошоғриқдир.

UzIMEI нафақат бюрократик тўсиқ ва мижозларга қайишмайдиган тизим, балки янги технологияларни жорий этиш ва IOT (The Internet of things)ни кенг қўллашга тўсқинлик қилади. Ваҳоланки, IOT иқтисодиётнинг етакчи соҳаларида, хусусан, қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни оширишга хизмат қилади.

Яна давом этишим мумкин, аммо бу менинг ҳар йиллик ҳафсалам пир бўлиши намунасидир. Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва унинг салоҳияти борасида умидим катта. Қисқа муддат ичида жуда кўп нарса ўзгарди. Шунинг учун ҳам UzIMEI тизимидан қалбим оғрийди. Гўёки, кичкинагина чивин шунча азоб беради.

Нафсиламрини айтганда, бу менинг ҳар йиллик ниятим, ўтинчим: телекоммуникация ислоҳотлари ниҳоят якунига етсин, телефонларни UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтиш эса ипсиз боғлаб қўймайдиган, содда ва Ўзбекистонда мулоқотга салбий таъсир кўрсатмайдиган тизимга айлансин», деб ёзди ЖБ эксперти. 

«Тизим бюджети ёпиқ»

Блогер Шаҳноза Соатова халқаро экспертларнинг хавотирлари чиқаётганини таъкидларкан, ундан қандай фойда кўрилаётганини савол остига олади.

«UzIMEI’нинг бети ҳам, орқаси ҳам қаттиқ экан. Қанча муаммолар келиб чиқди, одамларга ноқулайликлар гулдастаси, шахсий маълумотлар ўғирлаб сотилиши ва ҳ.к. Халқаро экспертларнинг хавотирлари чиқяпти мана шундан.

Хўш, шунинг эвазига тизим келтирган самара, фойда ҳақида нима биламиз? Фалонча телефон ноқонуний савдо қилинмади, деган маълумотларни пеш қилманглар. У вазифани бажаришингиз учун бюджетдан ойлик оласизлар, ресурслар ажратилади. IMEI кодлар рўйхатдан ўтказиш учун пул тўлаган истеъмолчи бунинг эвазига нима оляпти? Бевосита шу тўлаган пули учун нима хизмат кўрсатиляпти қўшимча???

Тизим бюджети эса ёпиқ, неча пул тушяпти, қаерга кетяпти - билиб бўпсан! Нимага ўзи бу тепаликка чиққандик?

Яна индамай туринглар, бир-икки кунда ўтиб кетади бу мавзу, деб бошни қумга тиқиб олинглар. Лекин қачонгача ва қаергача бораркинмиз бу билан?!» - деб ёзди Шаҳноза Соатова.

Ўзбекистонда блэкаут: Ягона энергетика тизимининг плюслари ҳам, минуслари ҳам бор

25 январ куни Марказий Осиёнинг уч давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда блэкаут юз берди. Бунинг натижасида қарийб 40 минг аҳоли электр энергиясиз қолди. Бунга Марказий Осиё ягона энергетика тизимида юз берган носозлик сабаб сифатида кўрсатилди.

Ўзбек блогосфераси нафақат блэкаутни, балки ягона энергетика тизимини ҳам қизғин муҳокама қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ягона энергетика тизимининг плюс ва минусларига тўхталди.

«Дастлабки ўрганишларга кўра, энергия таъминотидаги узилишлар қўшни Қозоғистонда юз берган авария ва унинг бизнинг тармоқларда ва генерация манбаларида юқори кучланиш ва частота ўзгариши юзага келтиргани билан боғлиқ.

Агар хотирам панд бермаётган бўлса, биз Марказий Осиё Ягона энерготизимидан 2009 йилларда чиқиб кетган эдик ва янги давр бошланиши билан тизимга қайтганмиз.

Ягона энергетика тизимининг минуси - бир мамлакат миқёсидаги авариянинг қўшни мамлакатларга ҳам салбий таъсири ҳисобланади.

Кутилмаган ҳодисаларнинг фойдаси ҳам бор

Олдиндан баҳолаб ва прогнозлаб бўлмайдиган техник, техноген ҳодисаларнинг, агар улар инсоний йўқотишлар келтирмаса, фойдали тарафлари ҳам бор.

Шундай ҳодисалар вақтида иқтисодий, ижтимоий, инфратузилма, хавфсизлик ва ахборот тизимларидаги ожиз нуқталарни аниқлаб олиш мумкин.

Барқарорлик даврида ўтказиладиган турли синов ва тажрибалар ҳамма вақт ҳам барча камчиликларни кўрсатиб бера олмайди. Шу маънода «қора оққушлар»дан олинадиган хулосалар ҳаддан зиёд аҳамиятли.

Масалан, нисбатан солиштирганда аэропортларимиз энергетик коллапсга тайёр эмаслигини билиб олдик. Метрополитен тизими ҳам. Энергетика тизимини ишдан чиқариб, алоқада ҳам осонгина муаммолар яратиш мумкинлигини ҳис этдик. Булар энг стратегик объектлар», деб ёзди у.

Иқтисодчи ҳар бир хато, агар бундан тўғри хулосалар чиқарилса, жуда ҳам қадрли эканлигини таъкидлаган.

Журналист Азиза Қурбонова блэкаут ҳақида шахсий фикрларини ёзаркан, муқобил линияга эҳтиёж борлигига урғу беради.

«Қанчалик қийин бўлмасин, Марказий Осиёнинг марказлашган энерготизимида носозлик юзага келса, муқобилликни сақлай оладиган «иккинчи линия»си ҳам бўлиши керак Ўзбекистоннинг! Битта кнопка билан ҳал қилиб қўйишлари мумкин экан-да, деган қўрқувни ҳис қилиб яшамаслиги керак ўзбекистонликлар!» дейди у.

Мавзуга оид