Жамият | 20:32 / 14.02.2022
26199
6 дақиқада ўқилади

СамДАҚИда президент фармонига зид равишда талабадан “обходной” тўлдириш талаб қилинди

Талабалар ОТМни битираётганда айланма варақани тўлдириши тартиби 2021 йилда бекор қилинган, шунга қарамай, олийгоҳларда бу варақани талаб қилиш ҳолатлари буткул барҳам топмади.

Қуйида бу борада Kun.uz'га келиб тушган мақола ва унга расмийлар муносабати келтириб ўтилади.

Президент фармони билан, 2021 йил май ойидан бошлаб ОТМни тугатганда ёки бошқа жойга кўчирганда айланма варақани тўлдириш бекор қилинган.

Талабалар тилида “обходной лист” дейиладиган айланма варақа орқали талабалар ОТМни тугатганда ёки ўқишни бошқа жойга кўчирганда қуйидаги маълумотларни масъул ходимлардан тасдиқлатиб олиш талаб этилади:

  • тўлов шартномаси бўйича мажбурият бажарилгани;
  • ахборот ресурс марказидан қарзи йўқлиги;
  • ўқув бўлимидан академик қарздор эмаслиги;
  • талабалар турар жойидан қарздор эмаслиги кабилар.

Фармонга кўра, бу маълумотлар ОТМ томонидан ички идоралараро электрон ҳамкорлик ёки ўзаро ахборот алмашинуви йўли билан олиниши, ўқувчи-талабалардан талаб қилинмаслиги керак. Бироқ ҳанузгача талабалар шу варақа деб эшикма-эшик сарсон.

Куни кеча Корея Республикасида ўқиб, ишлаб юрган яқин танишим Ўзбекистонга меҳмонга келиб, шу муаммони кўтариб қолди. Унинг айтишича, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини битираётган келинини университет “обходной лист” тўлдиришга “маҳкум қилган”.

Ҳақиқатда “маҳкумлик” бу. Чунки шу даргоҳда 4 йил таълим олган, ҳамма маълумотлари шу муассасанинг ўзида бўлган талабани ҳомиладор ҳолида совуқда роса югуртиришган.

Ҳужжатда нақ 11та бўлинманинг тасдиғи талаб қилинмоқда. Айрим бўлинмаларнинг тасдиғи нима учун кераклигини тушуниш қийин.

Кадрлар бўлими (талаба ходим эмас-ку), чойшабчи, кафедра мудири, факультет декани (мабодо, шахсий адовати бўлса, сарсон қилиб, бир-икки ишини битириб олиши учунми?).

Молия ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректор имзосининг талаб қилинишига, рости, йиғлагим келди. Аввалига ҳисобхона қарздорлиги йўқлиги ҳақида тасдиқ оласиз (аслида, бир тийин қарзи бор талабани нафас олдиришмайди, ҳатто имтиҳонларга ҳам киритишмайди). Кейин проректор имзо қўяди. Барака топкур, ҳисобхона тасдиқлагандан кейин проректорни безовта қилишнинг нима кераги бор? Ҳа, бирровга кириб чиқиш зарар қилмас, шу баҳонада таниб олиш керакмикан?! Жаноб проректорни эса иш жойида топиш мушкул.

Муаммо катта пул, алоҳида дастурлар ишлаб чиқадиган даражадаги муҳим ечимни талаб қилмайди. Шунчаки, “калла”ни ишлатиб, талаба битираётганда унинг энг асосий мажбуриятлари бажарилганини тасдиқловчи бўлинмалар битирувчиларнинг рўйхати бўйича ўз маълумотларни электрон шаклда тайёрлаб, диплом беришга масъул маркетинг бўлимига тақдим қилишса бўлди.

Маркетинг бўлими бу ишлар билан ўзи шуғулланса, диплом олувчилар рўйхатини шакллантириб, тегишли маълумотларни ўзи кўрса ҳам бўлади. Шунчаки, талабани осонгина югуртириш мумкин бўлган вазиятда, ўзини қийнашга не ҳожат?

Ривожланган давлатларда бирор хизматдан фойдаланиш учун исм-шариф ёки биргина бармоқ изи кифоя бўлиб турган даврда, биз ҳамон ўтган асрдаги тартибларда иш кўришимиз қанчалик мантиққа тўғри келади? Айтилмаган ва ёзилмаган бўлса ҳам майли, айтилган, ёзилган, ҳужжатда белгилаб берилган тартибда ишлайлик, одамлар. Наҳотки шу гапни тушуниш қийин?

P.S.: Республика бўйича барча таълим муассасаларида битирув “сезони” яқинлашаётгани сабабли, айланма варақа муаммосини бугундан ҳал этиш лозим.

Ҳуқуқшунос МУНИС

***

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида талабалардан “обходной лист” (айланма варақа) тўлдириш сўралгани юзасидан Kun.uz'га қуйидагиларни маълум қилди:

Президентнинг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон Фармонига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли буйруғи билан талабалар таълим муассасасини тугатганда айланма варақа (обходной лист)ни тўлдириш амалиёти бекор қилинган.

Унга кўра, барча давлат олий таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар таълим муассасасини тугатганда турли мажбуриятлар бажарилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тўлдириш “Рақамли университет” лойиҳаси доирасида яратилган “Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS” ахборот тизимининг “Айланма варақа” модули орқали амалга оширилиши инобатга олинган ҳолда айланма варақани қоғоз кўринишида тўлдириш амалиёти тўлиқ бекор қилинган.

Ўз навбатида, мазкур буйруқ барча олий таълим муассасаларига ижро учун тақдим этилган.

Шунга мувофиқ барча давлат олий таълим муассасаларида талабалардан таълим муассасасини тугатганда айланма варақа (обходной лист)ни қоғоз шаклида тўлдириб беришни сўраш мумкин эмас.

Агар бирор-бир ОТМда шу каби ҳолатга дуч келинган тақдирда жамоатчиликдан вазирликка @eduuzaxborotxizmati_bot орқали мурожаат қилишларини сўраймиз. Вазирлик қилинган мурожаатларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, ҳолат юзасидан зарур чораларни кўради”.

Шунингдек, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти проректори Ҳаким Бўриевнинг Kun.uz'га изоҳ беришича, институтга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қоғоз кўринишидаги айланма варақани бекор қилиш ҳақидаги 241-сонли буйруғи келиб тушган. Буйруқда қоғоз кўринишидаги айланма варақани бекор қилиш “Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS” ахборот тизимининг “Айланма варақа” модулини жорий этиш ишлари орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Ҳаким Бўриевга кўра, айни дамда институтда “Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS” ахборот тизимини жорий қилишнинг дастурий масалалари ҳал қилинмоқда ҳамда жараён чўзилиб кетадиган бўлса, талабаларни сарсон қилмаслик учун вақтинча махсус ички тизим ишлаб чиқилади.

Ҳолат назоратга олинди. Эндиликда институтимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам талабалардан қоғоз шаклидаги айланма варақани тўлдириш талаб этилмайди. Шунга алоқадор барча ходимларимиз билан тушунтириш ишларини ўтказдик”, – деди СамДАҚИ проректори.

Мавзуга оид