Чубайс истеъфога чиқди ва Россияни тарк этди
Анатолий Чубайс президентнинг барқарор ривожланиш бўйича махсус вакили лавозимини тарк этди ва Россиядан чиқиб кетди. Бу ҳақда дастлаб Bloomberg ва Reuters агентликлари хабар тарқатди, кейинроқ бу маълумот Кремлда тасдиқланди, «Коммерсант» эса унинг Истанбулда эканини хабар қилди.
Bloomberg вазиятдан хабардор бўлган икки манбага асосланиб хабар ёзган. Уларнинг маълумотига кўра, Чубайс президент Владимир Путиннинг Украинада уруш бошлашига рози эмаслигини билдирган ҳолда истеъфога чиққан ва хорижга чиқиб кетган. Агентлик агар бу маълумот тасдиқланса, Чубайс Украинага босқин туфайли Кремль билан алоқани узган илк юқори мартабали расмий бўлишига эътибор қаратган. Reuters манбаси ҳам Чубайс урушга норозилик сифатида Кремль махсус вакили лавозимидан кетиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида айтган.
«Ҳа, бу тўғри. Анатолий Борисович бу лавозимни тарк этди», - деган ТАСС мухбирига Чубайсга яқин бўлган манба. Чубайсга алоқадор бўлган яна бир манба у Россиядан чиқиб кетганини айтган: «У махсус вакил лавозимидан ҳам, мамлакатдан ҳам кетди». «Ҳеч нарса айта олмайман, бундан хабарим йўқ», - деган РБК билан суҳбатда унинг акаси Игорь Чубайс Анатолий Чубайснинг истеъфоси ва мамлакатдан кетгани ҳақидаги саволга жавобан.
Кейинроқ Кремль вакили Дмитрий Песков «Интерфакс» саволига шундай жавоб қайтарди: «Ҳа, Чубайс ўз ихтиёри билан ишдан бўшади. Кетадими - кетмайдими - бу унинг шахсий иши».
Чубайснинг танишларидан икки нафари РБК мухбирига, у ўз рафиқаси Авдотья Смирнова билан Истанбулга борганини айтган (Смирнованинг таниши ҳам у Туркияда эканини тасдиқлаган). Улардан бири, Чубайс Россияга қайтишини ҳам қўшимча қилган. «Коммерсант» эса «Анатолий Чубайс Истанбулда» ёзувли суратни эълон қилган.
Унинг ўзи вазият бўйича изоҳ бермаган. Forbes журналистлари у билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган. У Россиядан кетгани ҳақидаги саволни эшитиши билан жавоб бермасдан, гўшакни қўйган. У Reuters агентлиги мухбирининг қўнғироғига ҳам шундай муносабатда бўлган.
Чубайс Россия элитасининг бошқа вакиллари қатори, Россиянинг Украинага босқинини очиқ қораламаган. Фақат собиқ вице-премьер, айни вақтда ФИДЕ раҳбари бўлган Аркадий Дворкович бундан мустасно. Шунингдек, миллиардер Михаил Фридман ҳам билвосита ўз норозилигини ошкор этган.
Чубайс урушга норозилигини 19 март куни сафдоши Егор Гайдарнинг туғилган кунида ёзган постида пардаланган ҳолда изҳор этган.
«Россия келажаги борасидаги ўзаро баҳсларимизда мен ҳар доим ҳам у билан ҳамфикр бўлавермайман. Аммо, афтидан, Гайдар стратегик рискларни мендан яхшироқ англайди, мен эса ноҳақ бўлганман», - деган у фейсбукдаги саҳифасида.
Bloomberg Чубайсни Россиядаги хусусийлаштириш меъмори деб атаган ва айнан у 1990-йилларда Путинга унинг Кремлдаги илк лавозимини берганини, кейинроқ эса унинг ҳокимиятга келишига хайрихоҳ бўлганини эслатган.
66 ёшли Чубайс - Путин ҳукуматида қолган ва Ғарбдаги амалдорлар билан яқин алоқаларни сақлаб қолган, 1990-йиллардаги иқтисодий ислоҳотчиларнинг кам сонли вакилларидан бири ҳисобланади. Путин даврида у йирик давлат компаниялари - «ЕЭС России» («Россия ягона энергетика тизими» ва «Роснано» (Россия нанотехнологиялар корпорацияси)ни бошқарган, 2020 йил декабрида эса Россия президенти кутилмаганда уни барқарор ривожланиш учун халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили этиб тайинлаган.
Ундан бир кун олдин Чубайс Наносаноат корхоналарининг IX Конгрессида онлайн иштирок этиб, ўзи 12 йил бошқарган «Роснано» давлат корпорациясидан кетаётганини эълон қилганди.
Политолог Глеб Павловский ўшанда BBC билан суҳбатда Чубайснинг «сиёсий қадриятлари»га эътибор қаратган ва бу «либерал муҳитнинг Кремль билан иттифоқи сақланиб қолаётгани»ни англатишини айтганди.
1991-1994 йилларда Чубайс давлат мулкини бошқариш бўйича давлат қўмитасига раҳбарлик қилган, кейинроқ вице-премьер бўлган, 1996-1997 йилларда президент маъмуриятини бошқарган, 1997-1998 йилларда биринчи вице-премьер лавозимида ишлаган, 1998 йилдан «Россия ягона энергетика тизими»ни, 2008 йилдан «Роснано»ни бошқаришга киришган. 2020 йил 3 декабрида президентнинг махсус вакили лавозимига тайинланган.
Bloomberg 24 февралдан кейин Россия ҳукумати босқинни танқид қилувчиларга босимни кучайтирганини эслаб ўтган.
16 март куни Путин ҳукумат йиғилишида «ички душманлар», «бешинчи колонна», «концептуал душманларимиз» ибораларини қўллади, «жамият ўзини ўзи тозалаши» ҳақида гапирди ва «бешинчи колонна»га «сотқинлар» дея тамға қўйиб, ички курашларга тайёрлигини билдирди.
Россияда «ҳарбий фейклар» учун янги жиноий ва маъмурий моддалар пайдо бўлган, урушни танқид қилганлар ва урушга қарши акцияларда иштирок этганлар қаттиқ жазоланиши мумкин.
Дворкович урушга қарши позициясини билдирганидан кейин «Единая Россия» томонидан қилинган кескин ҳужумлар туфайли «Сколково» фонди раислигидан кетди.
«Коммерсант» ЕИ санкцияларига тушгач, «Аэрофлот» бош директори Михаил Полубояринов лавозими ҳамда Россияни тарк этгани ҳақида ёзган. Авиакомпаниядагилар бу маълумотни рад этишган. Аммо чоршанба куни транспорт вазири Виталий Савельев Полубояриновни «Аэрофлот»нинг собиқ бош директори деб атади ва у «ҳеч қаерга кетмагани», «Москвада бўлиб тургани», «Россия компанияларидан бирида раҳбар ўринбосари бўлиб ишлашда давом этиши»ни қайд этди.
Мавзуга оид
15:59
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50 / 24.12.2024
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024