Ўзбекистон | 14:36 / 23.05.2022
20096
2 дақиқада ўқилади

Учкўприк туманига янги ҳоким тайинланди

Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими биринчи ўринбосари Аброржон Асқаров туманнинг янги ҳокимига айланди.

Бугун, 23 май куни Халқ депутатлари Учкўприк тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Учкўприк тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, сессия ишида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, туман кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, секторлар, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалар раислари, жамоатчилик фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этган.

Хайрулло Бозоров

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Учкўприк тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Акмалжон Маҳмудалиев Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганини айтиб ўтди.

Вилоят ҳокими шу кунга қадар Учкўприк тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган Аброржон Қамбарович Асқаров номзодини туман ҳокими лавозимига тавсия қилди.

Аброржон Асқаров

Тавсия этилган номзод туман кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, Аброржон Асқаров 1984 йил Бувайда туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган. 2004 йилдан банк-молия тизимида меҳнат қилиб келган, 2018–2019 йилларда «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки Фарғона вилояти филиали бошлиғи, 2019 йилдан Учкўприк тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Мавзуга оид