Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам ҳибсга олинди
Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов Андижон шаҳри ҳокимининг қамоққа олинишига сабаб бўлган жиноий иш – бюджетнинг 48 млрд сўмини талон-торож қилишда гумондор кўрилмоқда. Вилоятнинг аввалги прокурори танқидлар билан ишдан олиниб, янги прокурор тайинланиши ортидан, феврал ойида Андижон шаҳар ХТБнинг собиқ ва амалдаги раҳбарлари ҳам қамоққа олинган, 40га яқин шахс терговга тортилган жиноятда 57 млрд сўм талон-торож қилингани айтилганди.
Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов 7 июн куни 48 млрд сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилиниши ҳолати бўйича гумондорлардан бири сифатида қўлга олинди.
ХТБ ахборот хизмати бу хабарни Kun.uz'га тасдиқлаб, тергов кетаётганини маълум қилди.
Миркомилов ҳозирги лавозимида 2020 йил февралидан буён ишлаб келмоқда.
Мазкур жиноят иши бўйича 6 июнда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ҳам қўлга олинган эди. Ҳоким эски лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи) ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланяпти.
Май ойи ҳолатига, Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган; етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган. Терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабр ойида Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов фаолиятидаги хато-камчиликлари учун лавозимидан озод этилганди, январ ойида бу лавозимга Сирожиддин Эшқувватов тайинланган эди.
Феврал ойида эса Андижон шаҳар ХТБ раҳбарлари 57 млрд бюджет пулларини талон-торож қилганликда гумонланаётгани маълум бўлди. Kun.uz ўз манбаларига таяниб бўлимнинг собиқ ва амалдаги мудирлари Сунбула Эралиева ва Нуриддин Назаров қамоққа олингани, терговга тортилаётган шахслар сони 40 нафарга яқинлиги ҳақида хабар берганди. Ўша пайтда Бош прокуратура бу жиноят тафсилотларини кейинроқ очиқлашга ваъда берганди.
Май ойи охирида Андижон вилояти коррупцион жиноятлар ва коррупцияга оид шикоятлар сони бўйича энг юқори ўринларни эгаллаб тургани маълум қилинди.
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
12:00 / 11.12.2024