Ўзбекистон | 17:30 / 30.06.2022
58173
8 дақиқада ўқилади

Қабул-2022: Бу йилги имтиҳонларда абитуриентларни нималар кутяпти?

Олийгоҳларга қабул бошланганига бугун 10 кун бўлди. Kun.uz бу йилги қабул жараёнлари, тест синовлари қандай ўтиши, умуман абитуриентлар учун қандай янгиликлар қилинаётгани бўйича маълумотларни бир мақолага жамлади.

Фото: Kun.uz

Абитуриентларни рўйхатга олиш ўтган йиллардагидек ДТМнинг расмий сайти (my.dtm.uz) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилмоқда.

Анкетада паспорт маълумотлари, яшаш манзили, тамомлаган таълим муассасаси, имтиёзлар, қайси ОТМни танлаш ҳақидаги маълумотлар қайд этилади ва энг сўнгида тўлов амалга оширилади.

Бунда қуйидаги тоифадаги абитуриентлардан тўлов ундирилмайди:

  • тест синовлари ташкил этилаётган йилда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар (“Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари);
  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар.

Бу рўйхатга кирмайдиганларнинг барчаси БҲМнинг ярим бараварида, яъни 150 минг сўм миқдорида тўлов қилиши талаб этилади. Шунингдек, ўтган йилларда таълим муассасасини тамомлаган ижодий имтиҳон топширадиганлар ҳам тест учун тўлов қилишади.

Чунки ўтган йилдан бошлаб касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган йўналиш учун ҳам 3 та мажбурий фандан (Ўзбекистон тарихи, она тили ва математика) тестлар қўйилган. Шунга кўра, бу тоифадаги абитуриентлар ҳам тўловни амалга ошириши керак бўлади.

Тўловни бўлиб-бўлиб амалга оширса ҳам бўлади, фақат 20 июлга қадар (ўша куни ҳам) тўланиши шарт. Бу маблағни тўламаган абитуриентлар тест синовларига қўйилмайди.

Айни вақт барча абитуриентлар тегишли сайтлар (my.dtm.uz ва my.gov.uz) орқали таълим йўналишларини ҳам танлаш имкониятига эга. Бу жараён 20 июлгача (20 июлда ҳам) давом этади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига эса 10 июлга қадар (10 июл куни ҳам) онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.

5 талик танлов қандай?

Абитуриентларнинг 5 та йўналишда ҳужжат топшириши мажбурий эмас, бу жараёнда битта ёки иккита йўналишни ҳам танлаш мумкин.

Шунингдек, мазкур йўналишлар хоҳишга қараб турли ёки битта ОТМ доирасида танланиши ҳам мумкин. Фақат мутахассислик фанлари ва уларнинг кетма-кетлиги бир хил бўлиши зарур. Дейлик, имтиҳон топшириладиган биринчи фан математика, иккинчи фан физика бўлса, қолганларида йўналишларда ҳам мутахассислик фанлари худди шундай кетма-кетликда бўлиши талаб этилади.

Бу йилдан бошлаб, нафақат турли ОТМнинг турли йўналишларига, балки турли таълим шаклларига ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Масалан, биринчи йўналиш/олийгоҳга кундузги, кейингисига сиртқи, бошқасига эса кечки таълим учун рўйхатдан ўтилади.

“Устуворлик” тушунчаси

Ўтган йилдан қилинган яна бир янгилик давлат гранти учун берилаётган устуворлик бўлди. Илгари давлат гранти асосида бўладими ёки тўлов-контракт, биринчи кирган йўналиши устувор ҳисобланарди. Абитуриент иккинчи йўналишга бюджетга кирган бўлса ҳам, агар биринчи йўналишга шартнома асосида қабул қилинган бўлса, шунда ўқишга мажбур бўлар эди.

Эндиликда онлайн рўйхатдан ўтишда биттадан кўп йўналиш/олийгоҳни танлаган абитуриентлар икки хил вариантдан бирини танлайди: “давлат гранти” ёки “давлат гранти ва тўлов-контракт” устуворлиги.

Агар абитуриент “давлат гранти”ни танласа, танлаган ҳамма йўналишларида аввалига грант, кейин контракт асосида танловда қатнашади. “Давлат гранти ва тўлов-контракт”ни танласангиз, ўтган йилларда бўлгани каби ҳар бир йўналишда грант ва контракт асосидаги танловда иштирок этасиз.

Бу йилги тест жараёни ўтган йилгидан нимаси билан фарқ қилади?

Катта эҳтимол билан бу йилги тест имтиҳонлари ёпиқ муассасаларда ўтказилиши кутилмоқда. Бироқ бу борада якуний қарорга ҳали келинмаган. Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини ҳақидаги гаплар фонида бу йил ҳам имтиҳонлар очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилиши эҳтимоли йўқ эмас.

Имтиҳон топшириш учун абитуриентларда шахсни тасдиқловчи биометрик паспорт ёки ID карта бўлиши керак.

Жорий йилдан барча талабгорлар 3 та мажбурий (математика, она тили ва адабиёт, Ўзбекистон тарихи) ҳамда 2 та мутахассислик фанлари (йўналишдан келиб чиқиб белгиланади)дан тест синовида иштирок этишади.

Жами 5 та фандан тест олинади ва улардан максимал 189 балл тўплаш мумкин.

Барча учун тушадиган мажбурий фанлар блокида 10 тадан, жами 30 та савол тушади, ҳар бири учун 1,1 балл берилади. Ундан ҳаммаси бўлиб 33 балл йиғса бўлади.

Таълим йўналишига мос мутахассислик фанлар блокида эса 30 тадан, жами 60 та савол берилади. Бунда баллар қуйидагича берилади:

  • 1-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 3,1 балл;
  • 2-фан – 30 та савол, ҳар бири учун 2,1 балл.

Мутахассислик фанидан жами тўплаш мумкин бўлган балл – 156 баллдир.

Имтиҳон учун 3 соат вақт ажратилади. Агар чет тилидан сертификати бўлиб, фақат мажбурий блок ва 1 та мутахассислик фанидан тест топширилса, унда 2 соат берилади. Бу вақт ичида жавобларни бўяшга ҳам улгуриш керак, бу учун алоҳида қўшимча вақт берилмайди. Агар 2 та мутахассислик фанидан ҳам имтиёзи бўлса, унда фақат мажбурий фанлар учун 1 соат вақт берилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлари бор йўналишларга топширган абитуриентлар учун фақат 3 та мажбурий фанга 1 соат вақт ажратилади.

Умуман олганда, бу йилги тест синовларида абитуриентларни 5 та фан, 90 та савол, агар мумкин бўлса, 189 максимал балл кутиб турибди.

Шу ўринда яна бир янгилик, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ жорий йилдан 6 та ОТМда чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳам ташкил этилади.

Бу ОТМ рўйхатига:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишлари киради.

Мазкур олийгоҳларга киришни истовчилар чет тилидан ижодий имтиҳон топшириши керак бўлади. Яъни худди хориж сертификатлари(масалан, IELTS)ни олиш учун қандай синовлардан ўтилса, бунда ҳам шундай бўлади. Яъни бунда эшитиб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш кўникмалари текширилади.

Имтиҳон учун жами 2 соат 45 дақиқа вақт ажратилади.

Тест саволларининг қийинлик даражаси қандай бўлади?

Тест вариантидаги саволлар сони 100 фоиз деб олсак, 15 фоизи осон даражада, 70 фоизи ўрта қийинлик даражада, қолган 15 фоизи эса мураккаб даражада бўлади.

Мутахассислик фанлар блокидаги биринчи ва иккинчи фанлардан тузилган тестлар қийинлик даражасига кўра бир-биридан фарқ қилмайди. Лекин мажбурий фанлар блокидаги: она тили, математика ҳамда Ўзбекистон тарихи фанларидан бериладиган тест саволлари мутахассислик фанларига қараганда соддароқ бўлади.

Фанлар мажмуаси ўзгартирилди

Шу йил 23 апрелда бу йилги тест синовларининг фанлар мажмуаси тасдиқланганди. Унда ўтган йилгига нисбатан айрим йўналишларда ўзгаришлар мавжуд.

Жами 461 та йўналишнинг 7%ида фанлар мажмуаси ўрни алмашган, яъни биринчи фан иккинчига айланган ва аксинча, 2,8% йўналишда эса битта фан ўзгарган. Фақат битта йўналишда 100% ўзгариш бўлган, яъни Биотиббиёт муҳандислиги йўналишида иккала мутахассислик фани ҳам алмашган. 

Мавзуга оид