Ўзбекистон | 16:40 / 02.07.2022
16968
3 дақиқада ўқилади

Жалақудуқ ҳокими хусусий боғчага тегишли мулкни қайтариб бермаяпти

Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими тумандаги хусусий боғчага тегишли 150 миллион сўмлик “беседка”ни қайтариб бериш шарти билан олиб кетганида тақвимда 2021 йилнинг март ё апрел ойи эди. Ҳозир эса 2022 йилнинг июли – айвонча ҳалигача қайтарилмаган.

Фото: Kun.uz

20 сотих майдондаги 250 ўринли “Юртим болажонлари” нодавлат боғчаси 2017 йилда қуриб битказилган. Кейинчалик яна 20 сотих ер майдони ажратилиб, боғча фаолияти кенгайтирилган. Ўшанда боғча ҳудудида маданият ва маърифат хонаси сифатида фойдаланиш учун 14 метрлик суҳбаттом (“беседка”) қурилган. 3 йил давомида тарбияланувчилар бу айвончадан фойдаланиб келган.

Тадбиркор Зиёда Ҳайдарованинг айтишича, туман ҳокими Ҳикматулла Латипов айвончани вақтинча фойдаланиш ва қайтариб бериш шарти билан олиб кетган.

Беседка”мни олиб кетишганига икки йил бўлди. Ҳозиргача шуни қайтариб ололмаяпман. Кўп жойларга, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимга бир неча маротаба мурожаат қилдим. Туман ҳокими келиб вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Ҳамраев айтди, дея “беседка”ни сўраган ва мен унга ишониб берганман. Вилоят ҳокимига ҳам мурожаат қилдим. Барибир натижа бўлмади.

“Беседка”нинг қаердалигини билмайман. Катта машинада олиб кетишганди. Ичидаги пардаларгача олиб кетишган”, – дейди тадбиркор.

Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан туман ҳокими Ҳикматулла Латиповдан изоҳ олди. Ҳоким дастлаб “беседка”ни тадбиркор эмас, вилоятдан келиб уни олиб кетганлар қурганини таъкидлади. Ким биландир телефон орқали гаплашгач эса, уни ўзи олганини ва ўрнига бошқа қуриб беришини айтди.

Kun.uz мухбирининг “беседка” нима сабабдан олиб кетилгани ва қайтариб берилмаётгани, топшириқни ким бергани ҳамда айни пайтда у қаерда экани ҳақидаги саволларига ҳоким жавоб беришни хоҳламади.

Беседка”ни туман ҳокимлиги олган. Мен ўрнига янгисини қуриб бераман. Қурилиши тез орада бошланади. Олиб кетилган “беседка” яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Ўзим қуриб бераман”, – деди Ҳикматулла Латипов.

Ҳокимликнинг тадбиркор мулкини бу тарзда алдаб олиб кетиши “замонавий қароқчилик”ка ўхшайди гўё.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири
Фото – Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид