Ўзбекистон | 08:05 / 11.08.2022
13560
10 дақиқада ўқилади

«Ўйин қоидалари» ўзгармоқда — «Снос» масаласи Twitter’да муҳокама этилди

Twitter ижтимоий тармоғида хусусий мулкнинг снос қилиниши тартиб қоидалари, унга компенсация тўлаш тартиблари ҳақида соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама бўлиб ўтди.

Фото: Kun.uz

Қайд этиш жоизки, 1 августдан эътиборан Twitter микроблоглар сервиси блокировкадан озод қилингач, бу ерда ҳам фойдаланувчиларнинг ташаббуслари билан давлат органлари раҳбарлари ҳамда ходимлари фуқаролар билан мулоқот қилишга киришмоқда. Куни кеча ижтимоий тармоқда хусусий мулк дахлсизлиги мавзусида аудиочат ўказилди.

Мулоқотга Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов, Бош прокуратура Академияси коррупцияга қарши курашиш илмий-маърифий маркази раҳбари Баҳодир Исмоилов, Олий суд судьялари Наврўз Раҳмонов ва Сарварбек Раҳмонов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев, Молия вазирлиги департамент директори Русланбек Маманов, Қурилиш вазирлиги масъул ходимлари Акбар Ражабов ва Ҳамза Очилов ва бошқалар спикер сифатида таклиф этилди.

Суҳбатни Ҳикматилла Убайдуллаев, Назира Иноятова ва Шуҳрат Шокиржонов олиб борди. Унда турли давлат идоралари масъул ходимлари, судьялар фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

«Сўнгги йилларда «снос» муаммоси уй-жой дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қонунчиликдаги мавжуд камчиликларни кўрсатиб берди. 2020 йилда «снос»га тушган мулкларнинг атиги 45 фоизига компенсация тўлаб берилган, қолган қарздорлик 2021 йилда тўлиқ қоплаб берилган бўлса-да, орада компенсация пулини кутган аҳоли сарсонгарчилигига йўл қўйилди. Конституцияга «Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди» мазмунидаги қоиданинг киритилиши бу муаммога ечим бўла оладими ёки йўқми, деган савол кўпчиликни ўйлантираётгани табиий. Турар жой дахлсизлиги бу эгасининг розилигисиз унинг турар жойига киришга, унга ҳар қандай зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини англатади», — деди Ҳикматилла Убайдуллаев.

Хусусий мулк масаласи Конституция даражасига кўтаришга нима сабаб бўлди?

«Аслида хусусий мулк дахлсизлиги ва «снос» билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон қонунчилигида олдиндан бор эди. Масалан, Фуқаролик ва Шаҳарсозлик кодексларида ва бошқа ҳужжатларда бу ўз аксини топган. Бироқ сўнгги йилларда ушбу соҳадаги ҳужжатлар турли муносабатларни ҳар хил талқин қилишга олиб келди ва бир қатор муаммолар пайдо бўлди. Ушбу масаланинг Конституция даражасига кўтарилиши мулк дахлсизлиги билан боғлиқ устувор йўналишларнинг муҳим жиҳатларини мустаҳкамлашга қаратилган», — деди Баҳодир Исмоилов.

«Снос»лар нима учун бу қадар актуал масалага айланди? Бунинг, албатта, ўзига хос иқтисодий асослари бор. Яқин ўтмишда тадбиркорлар шаҳарнинг энг даромадли, юқори баҳоланган жойларидан ўзларига объектларни танлаб олиб, шу йўналишда ҳаракат қилишган. Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар инвесторларнинг хатти-ҳаракатини ҳам ўзгартиради. «Узоқ муддатли ўйин қоидалари» бундан кейин инвесторларни янги жойларга инвестиция киритиш, янги жойларни ўзлаштиришга ундайди. Бу эса мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини янада кенгайтиради», — деди Муҳсинжон Холмуҳамедов.

«Хусусий мулк ҳимоясининг Конституция даражасига кўтарилаётганидан асосий мақсад — аҳолининг ўз мулкига бўлган кафолатини мустаҳкамлаш. Яъни ушбу соҳадаги барча қонун ва қонуности ҳужжатлари айнан Конституциядаги нормаларга мувофиқ бўлади, айнан мана шу ҳужжатда чизилган чизиқдан ташқарига чиқилмайди», — деди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодирбек Тиллаев.

Хусусий мулк қандай ҳолатларда олиб қўйилади?

Хусусий мулк битта сабаб — давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиб қўйилиши мумкин. Ушбу эҳтиёж учун, аввало, бўш ер майдони қидирилади. Бўш ер топилмасагина, аҳоли мулкига мурожаат қилинади.

Бу масала дастлаб маҳаллий кенгашда муҳокама қилинади. Ташаббускор шу ер қанчалик зарур эканини вакиллик органига исботлаб беради. Шундан кейингина Кенгаш аҳоли билан бу масалани муҳокама қилишга рухсат беради.

Ерни олиб қўймоқчи бўлган шахслар (давлат органи вакиллари) бу нима учун кераклигини аҳолига тушунтириб беради. Улар келтирган сабаблар давлат ва жамият эҳтиёжлари рўйхатида бўлиши шарт.

Бузиши мўлжалланган ҳудуддаги ҳар бир мулкдор рози бўлгач, келишув битими имзоланади. Битимда мулкдор қанча ва қачон компенсация олиши, ер участкаси ёки бинони қачон бўшатиши каби шартлар кўрсатилади.

Бу ерда асосий омил — мулкдор розилиги ва берилаётган компенсация олиб қўйилаётган мулк баҳосига тенг экани. Мулкдор компенсацияни тўлиқ олиб, мулкни ўз хоҳиши билан тарк этмагунга қадар у жойни бузиш ёки бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириш мумкин эмас. Акс ҳолда, бу ҳолат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, — деди Нодирбек Тиллаев.

Янги қонун кучга кирмоқда

Нодирбек Тиллаевнинг таъкидлашича, «снос»лар билан боғлиқ масалани учга бўлиш мумкин: 2019 йилгача бўлган «снос»лар, 2022 йилнинг ярмигача бўлган ҳолатлар ва ундан кейинги давр.

2018–2019-йилларда амал қилган тартибда айнан нималар давлат ва жамият эҳтиёжи деб аталиши бўйича аниқ рўйхат мавжуд бўлмаган. Шунинг учун ҳам айтайлик, бино ва иншоотлар жойлашган ер майдони А. тадбиркордан Б. тадбиркорга олиб берилган ҳолатлар авж олган.

Кейинчалик бу бўйича Президент фармони қабул қилинди ҳамда давлат ва жамият эҳтиёжига нималар кириши белгиланди. 2022 йил 29 июнда қабул қилинган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунда ҳам бу масала алоҳида қайд этилган. (Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун 2022 йил 1 октябрдан кучга киради)

Эндиликда ҳокимларнинг ҳам ерни олиб қўйиш ваколати мутлақо тугатилди. Давлат ва жамият эҳтиёжи учун ер участкаси ёки мулкни «снос» қилиш маҳаллий кенгашлар орқали амалга оширилади.

Давлат керагидан ортиқ пул бермайди

Аудиочатда бўлган муҳокамалардан шуниси маълум бўлдики, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган хусусий мулк учун берилаётган компенсация олиб қўйилаётган мулк баҳосига тенг бўлади. Ундан ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Чунки компенсация учун маблағ давлат бюджетидан тўлаб берилади. Мулк баҳосидан қиммат компенсация тўлаш давлат маблағларининг талон-торож бўлишига йўл очиб бериши мумкин. Шу сабабли олиб қўйилаётган ва бузилаётган мулкка тенг мулк ва ўша мулкнинг бозор баҳосига тенг маблағ берилади.

Мана шундай ҳолатда мулкдор давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётган мулк учун унинг бозор баҳосидан зиёд компенсация талаб қилиб, кўчиб чиқишни истамаса, маҳаллий ҳокимлик уни мажбурий чиқариш тўғрисида судга даъво аризаси киритиши мумкинлиги ҳам қайд этилди.

Икки жисмоний шахс ўртасидаги муносабатларда эса мулк эгаси ўзи истаган нархни қўйиши мумкин. Ўша мулкни харид қилмоқчи бўлган талабгор мулк эгаси талаб қилган маблағ ёки компенсацияни бериб (яъни уни рози қилиб)гина мулкни бузиши мумкинлиги қайд этилди.

«Снос»га компенсация учун жамғарма тузилган

Молия вазирлиги департаменти директори Русланбек Мамановнинг маълум қилишича, 2018 йил 26 декабрда давлат ва жамият эҳтиёжларига олиб қўйилган ер участкалари учун етказилган зарарни қоплаш учун республика ва ҳудудий жамғармалар ташкил этилган. Ушбу жамғарма ҳисобидан 2019 йилдан буён 12 мингдан ортиқ мулкдорга 3 триллион 255 млрд сўм маблағ компенсация сифатида тўлаб берилган.

Ҳозирги тартибга кўра, Жамғармада маблағ йўқ бўлса, ер участкалари ёки молк-мулкларни олиб қўйиш ёки бузиш мумкин эмас.

2019 йилдан олдин бузилган ва компенсация берилмаган мулкларнинг тақдири нима бўлади? Агар ўша мулклар баҳоланган бўлса, суд қарори орқали маҳаллий жамғармалар орқали тўлаб берилади.

«Снос» бўйича қонунчиликни бузган шахсга қандай жазо берилади?

Олий суд судьяси Сарварбек Раҳмоновнинг жавоб беришича, Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, ер участкалари ноқонуний равишда олиб қўйилган тақдирда, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача бўлган миқдорда жарима солинади.

Агар мазкур ҳаракатларда жиноят аломатлари мавжуд бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жавобгарлик белгиланади.

Аудиочатда, шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан ноқонуний қурилган иншоотлар ва қурилмаларни «снос» қилиш, бундай бино ва иншоотларни қурган инсонларга қўлланиладиган жазо ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Қонунчиликка кўра, ўзбошимчалик билан қурилган бинолар учун мулк ҳуқуқи берилмайди, компенсация тўланмайди, аксинча, унинг бузиш харажатлари ҳам уни қурган шахс зиммасига юкланади. Ноқонуний қурилмаларни бузиш суд қарори орқали амалга оширилади. Айрим ҳолларда ўзбошимчалик билан иншоот қурганлар тегишли жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин, деди Олий суд судьяси Наврўз Раҳмонов.

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид