Ўзбекистон | 14:33 / 19.08.2022
6097
2 дақиқада ўқилади

СЭС Тошкентда куйдирги қайд этилмаганини маълум қилди

Телевидениеда эълон қилинган, куйдирги касаллиги бўйича ўтказилган кўргазмали махсус тактик ўқув машқига оид репортажда айтилган маълумот мазкур машғулотларга оид бўлган, дея маълум қилди СанЭпид хизмати. Қайд этилишича, жорий йилда Тошкент шаҳрида куйдирги касаллиги қайд этилмаган.

2022 йил 18 август куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида куйдирги касаллиги аниқлангани маълум қилинган эди.

Санэпидхизмат матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкентда жорий йил 1-20 август кунлари куйдирги касаллиги табиий ўчоқларидан келиб чиқиши ва тарқалиши олдини олиш мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказиш режалаштирилган. 

Қайд этилишича, 2022 йил 16 август куни СЭО ва ЖСХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари, Тошкент шаҳар ФВБ, Тошкент шаҳар ССББ, шаҳар ветеринария бошқармаси билан ҳамкорликда Учтепа тумани 26-сонли оилавий поликлиника қошида Тошкент шаҳар ДПМ тиббиёт ходимлари ва санитария эпидемиология хизмати мутахассисларинг куйдирги касаллиги бўйича билим савияси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида кўргазмали махсус тактик ўқув машқи ўтказилган. 

18 август куни “Ёшлар” телеканали “Янги давр” информацион дастурида ушбу тактик-ўқув машқи юзасидан лавҳа намойиш этилган. Лавҳада соҳа мутахассиси томонидан берилган интервьюда куйдирги касаллиги олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар ва шаҳардаги эпидемик вазият юзасидан маълумот берилган.    

“Мазкур маълумот ўқув-тактик машғулот учун берилганлигини, жорий йилда Тошкент шаҳрида куйдирги касаллиги қайд этилмаганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид