Ўзбекистон | 17:23 / 27.08.2022
14356
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «No photo, no video муаммоси аллақачон йўқотилиши керак эди»

Фото: Аваз Тоҳировнинг Facebook'даги саҳифаси.

BBC ўзбек нашри журналисти Аваз Тоҳиров унга Тошкентдаги Мустақиллик майдони ва Янги Ўзбекистон боғида суратга олишга рухсат берилмагани ҳақида ўзининг Facebook саҳифасида пост ёзганди. Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ўзи тег қилиб (белгилаб) ёзилган постга муносабат билдирди.

«No photo no video муаммоси мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидан аллақачон йўқотилиши керак эди, аммо у қайта ва яна қайта юзага келмоқда. Суратга олиш тақиқланишини тартибга солувчи бирор ҳужжат йўқ.

2018 йил ИИВ томонидан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жамоат жойларини, бино ва иншоотларни суратга олиш ва видеотасвирга тушириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги лойиҳа тайёрланиб, муҳокама учун эълон қилинган, аммо қабул қилинмаганлигича қолиб кетган эди.

Мамлакатнинг очиқлик сиёсатига зид бўлган, айрим ўзбошимчалик билан жорий қилинган тақиқлар жамиятга зарар келтириши муқаррар. Агар Вазирлар маҳкамасининг суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори бўлмаса, барча идоралар ходимларига, бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида кўрсатма берилиши керак.

Бутун дунёда бирор нарсага тақиқ бўлмаса, демак унга рухсат берилгани назарда тутилади. Қонун билан суратга олиш тақиқланган объектлар рўйхати мавжуд. Қолган ҳамма жойларда – фотографлар, сайёҳлар учун ҳам, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам тўлиқ эркинлик таъминланиши зарур», деб ёзди Алламжонов.

BBC ўзбек таҳририяти мухбири Аваз Тоҳиров 25 август куни Тошкентдаги Янги Ўзбекистон боғида суратга олишга рухсат беришмагани, бу учун ёзма рухсатнома сўрашгани ҳақида пост ёзганди. 26 август куни эса журналист «Сага давом этади» деган сарлавҳа билан яна бир пост қолдириб, унга Янги Ўзбекистон боғида бўлгани каби Мустақиллик майдонида ҳам суратга олишга рухсат беришмаганини таъкилдаб, бу ҳақдаги постига Комил Алламжоновни ҳам белгилаганди.

Мавзуга оид