Ўзбекистон | 13:50 / 31.08.2022
25701
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Мустақилликка эришиш осон бўлмаган

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар қатағон қурбонларини ёд этиш учун йиғилди. Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Ватанимиз фидойиларини айнан Мустақиллик байрами кунларида ёд этишда катта маъно бор. Бу халққа хизмат ҳеч қачон унутилмаслигини, эл-юртимиз озодлиги ва тинчлиги қадрини яна бир бор англатади.  

2001 йилдан буён 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Жадид боболаримизнинг руҳларини шод этиш, ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Ўтган йили “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи реконструкция қилинган эди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда унинг филиаллари очилди.

Бу йил музейда жадид талабалар Германияга ўқишга юборилганининг 100 йиллигига бағишланган экспозиция ташкил этилди.

Давлат раҳбари музейга кириб, мазкур кўргазма билан танишди.

– Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шулар ҳақда сўзлар экан, президент Қуръони каримдаги оятни ёдга олди. “Оли Имрон” сурасининг 169-оятида: “Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни ўлик, деб ҳисобламанг, улар тирикдир, Парвардигорлари ҳузурида ризқланишмоқда” дея марҳамат қилинган.

Халқимиз озодлиги, ҳақиқат ва адолат йўлида ўз жонини фидо қилган шаҳид аждодларимизнинг хотираси ҳам ҳамиша барҳаётдир.

Давлатимиз раҳбари ҳали бу тарих охиригача ўрганилмагани, қатағон қурбонларини аниқлаш ва хотирасини тиклаш бўйича изланишларни давом эттириш кераклигини таъкидлади.

– Бутун дунёда бир парча қоғоз бўлсаям, қанча маблағ кетсаям, ўзбек миллатига дахлдор ҳужжатларни топинглар, деб топшириқ бергандим, – деди Президент. – Охирги йилларда яна қанча қатағон қурбонлари аниқланди. Адолат нуқтаи назаридан қаҳрамон боболаримизнинг номларини тиклаяпмиз. Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон Олий суди томонидан 235 нафар ана шундай ватандошимиз оқланди. Жадид боболаримиз номида музейлар, мактаблар ташкил қиляпмиз. Тошкент марказида Абдулла Қодирий мактаби қуриб, ҳайкалини ўрнатдик. Нима учун? Одамлар ўтганда кўриши, “мен кимларнинг авлодиман” деб ўйлаши, асарларини билиши керак. Ёки Чўлпонни тиклаш қандай қийин бўлди? Бугун биз пастга тушинглар, халқнинг ичига боринглар, деяпмиз, халқдан куч олаяпмиз. Чўлпон ҳам шундай деган. Бундай хайрли ишларни тўхтатмаслик керак. Янги китоблар, фильмлар чиқариш зарур.

Давлат раҳбари бу йўлда изланаётган заҳматкаш олимларга, зиёлиларга миннатдорлик билдирди. Жадидларнинг ҳаёти ва асарларини телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларга етказиш, мактаб дарсларида бу мавзуга кенг ўрин бериш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида маърифатпарвар боболаримизнинг маънавий меросини ўргатиш бўйича кафедра ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Маълумки, мустабид тузум фақат жадидларни йўқ қилиш билан чекланиб қолмаган. Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз турли бўҳтонлар билан қамоққа олинган, хўрланган.

– Бугун ҳам йўлда ўйланиб келяпман. 30-йилларни эски тарих деса, “пахта иши”-чи?! Етакчиларимизни қатағон қилиш учун сохта айбловлар ўйлаб чиқаришди-ку. Бошқа республикаларда йўқмиди камчилик? Бундай аламли воқеаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугунгидай байрамларда, тинч-осойишта кунларда шуларни ҳам юрагимиздан ўтказиб, ёшларимизга етказишимиз керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 Дунё нотинч бўлиб бораётгани, бундай вазиятда огоҳ ва вазмин бўлиш кераклиги қайд этилди.

– Кўряпсизлар, дунёда рақобат, таҳдидлар кучайиб боряпти. Хавф ёнимизда юрибди. Бунга тайёр бўлиш учун ҳамиша огоҳ бўлиш зарур. Бугунги эмин-эркин ҳаётимизга шукрона айтиш билан бирга эртанги кунимизни мустаҳкам қилишимиз керак. Қачон мустаҳкам қиламиз? Билимли бўлсак. Агар боболаримиз буюклигидан руҳланиб, ҳар бир соҳа бўйича таълимни мукаммал қилсак, манаман деган давлатдан кам жойимиз йўқ. Болаларимизни зўр ўқитсак, натижа биз кутгандан ҳам яхши бўлади. Мустақиллигимиз барқарор ва абадий бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат этилди. Аллоҳдан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.

Мавзуга оид