Ўзбекистон | 18:46 / 08.09.2022
4511
2 дақиқада ўқилади

Тошкент Афғонистон бўйича музокаралар платформаси сифатида

Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Афғонистон иқтисодиётини тиклаш асосий мавзулардан бири бўлиши мумкин.

Афғонистондан хорижий қўшинлар зудлик билан олиб чиқилгач, бу давлатдаги вазиятни нормаллаштиришда ШҲТнинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада ошди.

Шу боис Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташкилотнинг кузатувчи давлатлари: Озарбайжон, Арманистон, Туркия, Камбожа, Непал, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида “ШҲТ – Афғонистон” форматида олий даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиш ташаббуси долзарб аҳамият касб этмоқда.

2022 йил июль ойида Тошкентда “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзуида йигирмадан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар делегациялари иштирок этган халқаро конференция ҳам мазкур форматнинг самарадорлигини исботлайди.

Анжуман Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлигини ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг тарихий ўзаро боғлиқлигини тиклаш масаласини ҳал этиш долзарб эканлигини кўрсатди. Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш, Ғарб ва Шарқнинг кўпсонли давлатлари ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантириш ва минтақанинг геосиёсий ландшафтини ўзгартиришга хизмат қиладиган йирик лойиҳалардан бири бу Покистоннинг Гвадар портига чиқадиган Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши бўлиши мумкин. Ушбу фикрни Ўзбекистон президенти айтди.  

“Тошкент платформаси” ўз самарасини аллақачон исботлаб бўлган ва келгусида Афғонистон бўйича хавфсизлик, экстремизм ва терроризм таҳдидларининг олдини олиш, инклюзив ҳукумат яратиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий тикланиш, инфратузилмавий, гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар бўйича музокаралар ва муҳокамалар майдонига айланиши мумкин.  

Бу мамлакатдаги вазиятнинг ривожланиши, унинг замонавий иқтисодий ва халқаро муносабатларга қайтиши ҳамда минтақадаги барқарорлик айнан ушбу масалалар бўйича биринчи навбатда, ШҲТга аъзо давлатлар томонидан ўзаро мақбул ечимлар топилишига боғлиқ.

Шуҳрат Қобилов,
Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими.

Мавзуга оид