Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи қўйиб юборилди
Чилонзор ва Учтепа туманларида иккита яшил ҳудуд пайҳон қилиниши билан боғлиқ вазиятни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов назоратига олган.
Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов қўйиб юборилган. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко хабар берди.
У дарахтлар кесилиши ва қуриб қолиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича асосий айбдорларни жавобгарликка тортиш кераклиги, шу билан бирга, экологлар дарахтзорларни қурилиш учун ажратиб берганларни ҳимоя қилаётганини таъкидлаган.
Унинг манбалари бу масала президент администрацияси назоратида экани, эколог қўйиб юборилганини хабар қилишган.
Шу билан бирга, Фарҳод Деҳқонов мазкур иш доирасида ҳамон гумонланувчи сифатида қолмоқда.
Фарҳод Деҳқонов 9 сентябр куни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинганди.
Ундан олдинроқ, 8 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Учтепа туманларида 100 туп дарахт нобуд бўлгани хабар қилинганди. Чилонзордаги ҳолатда 58 туп дарахт кесиб ташланган бўлса, Учтепада 42 туп дарахт қуриб қолган.
Чилонзор тумани прокуратураси қаршисида тунда Dream House Stroy қурилиш компанияси учун ажратилган 0,2 га майдондаги 58 туп кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланган. Прокуратура бу факт бўйича жиноий иш очган. Кейинги куни етказилган зарар миқдори қарийб 800 млн сўмни ташкил этиши, бу зарар қурувчи ташкилот томонидан қоплангани, шунингдек уч нафар гумонланувчи қўлга олингани хабар қилинди.
Иккинчи ҳолат бўйича ҳам ўша куни, 8 сентябрда маълум бўлганди. Бу ҳолат «Ватан» кинотеатри олдида, собиқ трамвай депоси ўрнида, «Dream House Stroy» МЧЖга тегишли ер майдонида рўй берган. Лутфий ва Хирмонтепа кўчалари кесишмасидаги бу ҳудудда 42 туп дарахтдан 27 таси кўчириб ўтказилгани учун, 4 таси эса қаровсизлик оқибатида қуриб қолган.
Қолаверса, ҳар иккала ер майдонини Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йилда, яъни дарахт кесишга мораторий аллақачон кучда бўлган вақтда тадбиркорларга ажратиб берган.
Мавзуга оид
21:54 / 23.12.2024
Мўғулистон ҳаво ифлосланишини камайтириш учун «кўк кўмир» ишлаб чиқаради
16:33 / 23.12.2024
Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларни хатловдан ўтказиш тартиби белгиланди
16:12 / 20.12.2024
Чиқиндиларни бошқариш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди
17:58 / 30.06.2024