Жамият | 12:56 / 22.09.2022
22971
3 дақиқада ўқилади

“Ўрта синф” — Kun.uz мултфилм

Иқтисодий маънода жамият синфларга бўлинади: қуйи, ўрта ва юқори. Ишлар тўғри йўлга қўйилган жамиятларда қуйи синфни имкони борича ўрта синфга ўтказишга уринилади. Чунки ўрта синф қанча кўп бўлса, шунча яхши.

ЎРТА СИНФ – ўзига тўқ, яшаш учун барча шароитларини ўзи учун ярата оладиган, кўп пул топиб, кўп солиқ тўлайдиган иқтисодий фаол гуруҳ.

Ўз-ўзига тўқлик бу синфга маълум сифатларни беради: булар ўзганинг мулкига кўз тикмасликка, мажбуриятларини бажаришга, ўзи яхши таълим олиб, фарзандларига яхши таълим беришга, ўзи яшаётган замин учун қайғуришга, ижтимоий ва сиёсий фаол бўлишга мойил бўлишади.

Яъни бу тоифа уйи остонасидан ҳатлаб чиққанидан кейин: “Буёғи менинг уйим эмас”, демайдиган, балки уйидан ташқарини ҳам ўз Ватани ҳисоблагувчи синф.

Бошқача қилиб айтганда, айнан шу гуруҳи кўп ва мустаҳкам бўлган мамлакатларни биз ривожланган, кучли давлатлар деб биламиз ва уларга ҳавас қиламиз. Зотан айнан ўрта синфи кўп ва бақувват бўлган жамиятлар даврнинг ҳар қандай чақириқларига жавоб бера олади, исталган пайтда жипслаша олади, исталган пайтда бор-будини мамлакат учун сафарбар эта олади.

ЮҚОРИ СИНФ бу – катта бойлар: катта бизнес вакиллари ёки бирон-бир йўл билан катта бойлик орттирганлар. Бу гуруҳнинг сони жамиятда кўп бўлмайди ва ўз моҳиятига кўра бу синф бойликларини тинчроқ жойларда сақлашга, ўзини дунё фуқароси деб ҳисоблашга мойил бўлишади. Ҳаммаси шунақа демаяпман, моҳият шуни тақозо қилади деяпман.

Шу сабаблар боис бу гуруҳ жамиятнинг асоси, таянчи бўлолмайди.

ҚУЙИ СИНФ эса моддий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолгани, боши маиший муаммолардан чиқмаслиги боис, ризқ талабида боши оққан томонга кетишга, бола боқиш учун узоқлардан бахтини излашга мойил бўлади. Ҳаммаси шунақа демаяпман, шароит шуни тақозо қилади деяпман. Қуйи синф иқтисодий фаол гуруҳ бўлмагани учун, жамиятга кўп фойда келтиролмайди: ишлаб-чиқариш жараёнларида субъект сифатида қатнашмайди, кўп солиқ тўлолмайди.

Шу учун ҳам ҳар бир соғлом жамият имкони борича кўпроқ оилаларни қуйи мақомдан ўрта синфга чиқариб олишга зўр беради. Қонунлар, тартиблар, ҳаракатлар, жамият ичидага барча баҳслар-у изланишлар – ҳаммаси шу гуруҳнинг сонини оширишга қаратилади. Чунки айнан ўрта синф кучли жамиятнинг асоси бўлиб, у бақувват бўлса, жамият ҳар қандай довондан ошиб ўта олади, ҳар қандай чақириққа жавоб бера олади.

Мавзуга оид