Бухорода Дамашқ атиргулини етиштириш йўлга қўйилди
Бухоро вилояти Вобкент туманида Дамашқ атиргулларини етиштириш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, туманнинг Гулистон қишлоғида яшовчи деҳқон Миршод Бобоев ҳудуддаги шўрхок, тошлоқ, сув таъминоти оғир бўлган 26 гектар экин майдонини масъулияти чекланган жамият учун фойдаланишга олган. Ер экин экишга тайёр ҳолатга келтирилгач, Дамашқ атиргуллари кўчатлари ўтқазилди.
«Дамашқ атиргулидан олинган бир литр эфир мойидан 26 тонна атир ишлаб чиқариш мумкин. Унинг 4 тонна гулидан эса, 1 литр эфир мойи чиқади. Ушбу мой экспортбоп маҳсулот бўлгани учун у дунё бозорида харидоргир. Бизнинг ўзимизга ҳам Туркия, Германиядан эфир мойини харид қилиш бўйича таклифлар тушяпти. Бир гектар майдонга экилган атиргулдан 80 миллион сўм соф даромад олиш мумкин. Фақат бунинг меҳнатидан қочмаслик керак, унга меҳр бериб, парваришлаш лозим», — дейди Миршод Бобоев.
Тадбиркор атиргулдан фақатгина эфир мойи олиш билан кифояланмади. Атиргул гулидан қиём тайёрланиб, қадоқлаш ишлари йўлга қўйилди.
Миршод Бобоев ер майдонига Дамашқ атиргулидан ташқари мойчечак ҳам етиштирмоқда. Доривор мойчечак бўйи 15-40 смга етадиган бир йиллик ўт ўсимлик ҳисобланади. У кенг тарқалган бўлиб, асосан ўтлоқларда, экинзорларда (бегона ўт сифатида), йўл ёқаларида ўсади.
Дамашқ атиргули асосан маданийлашган ҳолда учрайди. У Россия, Грузия, Молдова, Тожикистон, Қирғизистонда ҳамда Қримда, Кавказортида ва Краснодар ўлкасида ўстирилади. Ўзбекистонда ҳам синов тариқасида экилди.
Атиргул мойи препарати дорилар ҳиди ва мазасини яхшилаш учун ишлатилади. Унинг мойи атир ишлаб чиқариш, парфюмерияда қўлланилади.
Республика шароитида асосан пайванд қилиш йўли билан кўпайтиришда керакли атиргул нави битта ёки бир нечта куртаги август ойи охирларида пайвандтагга (наъматакка) уланади. Келаси йил эрта баҳорда пайвандтаг унга уланган куртак юқорисидан кесиб ташланади ва пайвандни боғлаган чипта бўшатилади. Мавсум давомида шохчалар 4-5 марта юлиб ташланади. Пайвандли гул 15-20 см ўсгандан кейин бўйига чўзилишига ва муддатидан олдин гуллашига йўл қўйилмайди. Бунинг учун пайванд гул учи кесилиб, ён шохлари қисқартириб турилади. Октябрь ойи охири - ноябрь ойи бошларида бу пайвандлар тўла шаклланган кўчатга айланади.
Атиргул кўчатлари унумдор ва сув билан таъминланган ерларга кузда ва баҳорда ўтқазилади. Вегетация даври давомида атиргул экилган майдон 20 мартача суғорилади ва 6 мартагача оралари чопилади.
Мавзуга оид
13:42 / 19.12.2024
Дамашқ яқинида иккита оммавий қабр топилди
15:01 / 16.12.2024
РФ Дамашқдаги хорижий ваколатхонаси ходимларининг бир қисмини олиб чиқиб кетди
09:44 / 08.12.2024
Башар Асад Дамашқни тарк этгани айтилмоқда
14:48 / 26.12.2023