Она ва гўдаклар ўлимига нималар сабаб бўлмоқда?
Сенат кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилинишича, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда оналар ва гўдаклар ўлими анча камайган. Аммо айрим ҳудудларда рақамлар ошгани ҳам кузатилмоқда. Бунинг сабаблари нимада? Репродуктив саломатлик, она ва болани муҳофаза қилиш мавзусида ўтган йиғилишда муаммо, сабаб ва ечим ҳақида гаплашилди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Ўзбекистонда 7 минг 214 та ҳолатда гўдаклар ўлими қайд этилган. 2020 йилда эса бу рақам 7 минг 54 тани ташкил этиб, вафот этишлар сони 160 тага ошган. Шу йилнинг 6 ойи давомида эса жами 3 минг 93 нафар гўдак бу оламни тарк этган.
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Манзура Салимованинг таъкидлашича, бунга аёллар ҳомиладорлик даврига қадар сифатли тиббий кўрикдан ўтказилмагани, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш бўйича хавф гуруҳидаги аёллар контрацептив воситалар билан таъминланмагани, ҳудудлардаги туғуруқ муассасаларида салоҳиятли мутахассислар етишмовчилиги, туғуруқхоналарда замонавий жиҳозлар йўқлиги, зарур инфратузилма яратилмагани сабаб бўлмоқда.
“Прокуратура органлари томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида ҳомиладорлик даврида кузатувнинг сифатсизлиги туфайли, ҳомиладорликка мутлақ монелиги бўлган аёллар оламдан ўтган.
Оналар ўлими 2021 йилда аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 27 тага камайган бўлса-да, айрим ҳудудларда, яъни Бухорода 5 тага, Хоразм вилоятида 3 тага, Қашқадарё вилоятида 1 тага ошган”, – дейди сенатор.
Йиғилиш давомида мана шу муаммоларга қатор ечимлар ҳам таклиф қилинди.
“Мамлакатимизда туғуруқлар сони ошиб бораётганлиги сабабли туғуруқ муассасаларидаги ўрин-жойларни санитария меъёрий талабларга мос равишда кўпайтириш, туғуруқхоналар ва скрининг муассасаларини салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш, тизимли равишда уларнинг малакасини ошириш керак. Бу борада Россия Федерацияси мутахассисларининг илғор тажрибаси самара бермоқда.
2023-2027-йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури доирасидаги текширувлар сони 3 тадан замонавий методикаларни татбиқ қилган ҳолда ривожланган давлатлар нормаларига босқичма-босқича етказилиши кераклигини тавсия қилган бўлардим”, – дея қайд этади Манзура Салимова.
Шунингдек, шифокор, ҳамшира ҳамда фелдшерларни IT йўналишида қайта тайёрлаш курсларини йўлга қўйиш ҳамда туғуруққа ёрдам бериш муассасаларида маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис штат бирликларини жорий этиш, қолаверса, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, туғуруқлар оралиғини камида 3 йилга етказиш учун жойларда зарур воситалар таъминоти тўлиқ яратилиши бўйича ҳам таклифлар берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда жами 9,1 млн нафар туғиш ёшидаги аёллар бор бўлиб, уларга 227 та туғуруқ муассасалари хизмат кўрсатади.
Ҳомиладор аёлларнинг 6,7 млн нафари тиббий кўрикдан ўтказилган, 2,9 млн нафарида экстрагенитал касалликлар аниқланган. Қайд этилишича, шу аёлларнинг 2,2 млн нафари соғломлаштирилган.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
08:11 / 14.12.2024