Ўзбекистон | 10:06 / 15.10.2022
25997
4 дақиқада ўқилади

Дунё пойтахти бўлишга интилаётган ва буни уддалаётган шаҳарда уч кун

Дубай. Бу шаҳар бугунги кунда тараққиёт тимсоли. Дунёдаги барча янги ихтиролар кўргазмаси, осмонўпар бинолар, экспериментал лойиҳалар, ўзига хос шаҳарсозлик намунаси билан кишига ҳайрат беради.

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Американинг “Boeing” компанияси ҳамда Дубай Туризм кенгаши билан ҳамкорликда 7-10 октябр кунлари Ўзбекистондаги бир қатор оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун Дубайга медиа-тур ташкил қилди.

Сафар иштирокчилари тўрт кун давомида Дубайнинг энг диққатга сазовор жойлари, туризм салоҳияти, маҳаллий аҳолининг ўзига хос маданияти, қадриятлари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Бу шаҳар ҳақида кўп гапирилган, кўп ёзилган. Турли ижтимоий тармоқларда ҳам истаганингизча маълумот топа оласиз. Бироқ ушбу диёр ҳар сафар инсонни ҳайратга солишда давом этаверади. Тараққиётда тўхтаб турмаслиги, экспериментал янгиликларга бойлиги билан мана бир неча ўн йиллардан буён дунёнинг диққат марказида бўлиб келмоқда.

Медиа-тур иштирокчилари биринчи куни Дубайнинг энг йирик лойиҳаларидан бири – Palm биносида бўлдилар. Мазкур бинонинг 52 қаватидан туриб бутун шаҳар қиёфаси ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин. Машҳур Палма ороли ушбу бинодан яққол кўринади ва у инсон қўли билан яратилган мўъжизалардан бири десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, кечаси шаҳар уйғонганидан сўнг ушбу гўзалликдан баҳра олиш учун Palm биносига келган инсонларнинг узун навбатига гувоҳ бўласиз.

Турнинг иккинчи кунида шаҳарнинг қадимий ҳудуди – Ал-Фаҳиди массивига борилди. 

 

Ушбу ҳудуд икки юз йил аввал шаклланган бўлиб, асл ҳолатича сақлаб қолишга ҳаракат қилинган. Сайёҳлар бу ерда араб халқининг маданияти, урф-одатлари, осори атиқалар, шунингдек, эски бинолар қурилишига ҳам ўзига хос ёндашилгани билан таништирилади.

Куннинг иккинчи ярмида ўзига хос архитектура намунаси бўлган Келажак музейига борилди. Ушбу музей дунёнинг энг гўзал 14 музейидан бири ҳисобланади. Ушбу бинода сиз Дубайнинг келажак ҳақидаги тасаввури билан танишишингиз мумкин.

 

Ушбу мажмуа Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактумнинг “Келажак – уни олдиндан тасаввур қилиб, лойиҳалаштириб, ҳаётга татбиқ эта оладиганларнинг қўлида. Келажак қачон келар экан, деб кутилмайди, у қўллар билан яратилади”, – деган сўзларига ҳамоҳанг яратилган.

Турнинг учинчи кунида “Яшил сайёра” (“Green Planet”)га борилди. Мазкур бино ҳақиқатан ҳам мўъжаз сайёрани эслатади. Ичкарида шундай иқлим яратилганки, бутунлай бошқа маконни эслатади. Тоза ҳаво, ўсимлик, ҳайвонот ва қушлар дунёсини кўриб, ҳайратланасиз.

Медиа-тур иштирокчилари араб миллий таомларининг қандай тайёрланиши, туб аҳолининг яшаш тарзи билан ҳам танишдилар.

 

Журналист ва блогерлар учун Сафари-тур ҳам ташкил қилинди. Дубай чўлларига қилинган саёҳат, лочинлар шоуси ва очиқ табиатда юрган ҳайвонот олами ҳам ўзига хос таассурот қолдирди. Гувоҳ бўлдикки, туризмнинг ушбу йўналиши ҳам бутун дунёдан келган меҳмонларни ўзига жалб қилмоқда.

 

Уч кунлик Дубай сафари бизга кўп нарсани ўргатди. Дубай шунчаки баланд бинолар ва саҳро ўртасидаги гўзал шаҳаргина эмас. У ерда тартиб, ўзаро ҳурмат, маданият ва яшаш учун юқори даражадаги қулайлик яратилган. Бир сўз билан айтганда, Дубай тараққиёт нуқтаи назаридан дунё пойтахти бўлишда давом этмоқда.

Исомиддин Пўлатов Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид