Ўзбекистон | 13:20 / 17.10.2022
14648
2 дақиқада ўқилади

Пахтаобод туманига янги ҳоким тайинланди

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Пахтаобод тумани ҳокимига айланди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Азизбек Латифжонов / Андижон вилояти ҳокимлиги

Азизбек Раҳимович Латифжонов 1977 йилда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. 1999 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1994 йилда «Ўзбекистон саноат-қурилиш банки» очиқ акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти бўлими пул алмаштириш шохобчаси кассири вазифасидан бошлаган. Турли йилларда банк соҳасида фаолият кўрсатган, 2007 йилдан Молия вазирлиги тизимида ишлай бошлаган. 

2007-2011 йилларда Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармаси ҳудудий капитал қурилиш дастурларини молиявий тартибга солиш бўлими бошлиғи, 2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари–ҳудудий капитал қурилиш дастурларини молиявий тартибга солиш бўлими бошлиғи, 2015-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инвестициялар бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатган.

Азизбек Латифжонов 2017 йил октябрида Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг моддий-техника ва молия-иқтисодиёт бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Пахтаобод туманига 2022 йил февралидан буён Элёрбек Усмонов раҳбарлик қилиб келаётганди.

У шу йил сентябрида президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигидаги йиғилишда раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун ишдан олинганди.

Мавзуга оид