Ўзбекистон | 15:25 / 30.10.2022
26129
3 дақиқада ўқилади

2268 метр баландликдаги довон йўли — “Манзил”да Қамчиққа саёҳат

“Манзил”нинг янги сони Ўзбекистоннинг энг машҳур довони – Қамчиқ ҳақида ҳикоя қилади. Стратегик аҳамиятга эга, доим гавжум бу жойлар саёҳат манзилингизга элтувчи йўл бўлибгина қолмай, балки довоннинг ўзи ҳам саёҳат объекти бўла олади.

Фарғона водийсини республиканинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи Қамчиқ довони денгиз сатҳидан 2268 метр баландликда жойлашган бўлиб, Тян-Шан тоғ тизмасининг Қурама қисмидан ўтган. Довондан қадимдан қатнов бўлган бўлса-да, 1959 йилгача фақат от-уловда ҳаракатланилган. Унда ҳам довонни асосан ёзда ошиб ўтиш мумкин бўлган.

1949 йилда бошланган қурилиш 1959 йилга келиб якунланган ва Қамчиқ довонидан машиналар ҳаракати йўлга қўйилган. Бу йўл республиканинг стратегик аҳамиятга эга йўли ҳисобланади. Шу билан бирга, энг чиройли ландшафт ҳосил қилган йўл ҳам ҳам шу.

Қамчиқ довонига ўз машинангизда саёҳат қилишни режа қилган бўлсангиз яхши, агарда машинангиз йўқ бўлса ёки машинасиз боришни режа қилаётган бўлсангиз, сизга бир лайфҳакни ўргатиб кетаман. Telegram'дан водийнинг бирор вилояти Наманган, Андижон ёки Фарғона номи билан Тошкентга такси деб қидирув берсангиз, кўпгина гуруҳлар чиқиб келади. Сиз ўзингизга ёққан гуруҳда ўша вилоятга кетишингизни айтиб, хабар қолдирасиз. Қарабсизки, ҳайдовчи сиз қаерда бўлсангиз, ўша ердан Қамчиқ довонига қадар 90-100 минг сўм атрофида олиб бориб қўяди. Биз ҳам шундай қилдик.

Қамчиқ довонидан бир кунда 12-15 минггача автомобил ҳаракатланади. Иккита автомобил туннели ва битта темирйўл туннели бор. Шу ерда темирйўл туннелига алоҳида урғу бериб ўтмасак бўлмайди. Чунки бу туннел қурилиш мураккаблиги нуқтайи назаридан дунёда 8, узунлиги бўйича эса 25-ўринни эгаллаган. Туннел узунлиги 19,2 кмни ташкил этиб, 2013 йилда бошланган қурилиш 2016 йилда якунига етказилган. Бу туннелни кўриш учун эса водийга поездда саёҳат қилиш керак.

Қамчиқ довонидаги расталарда шаҳарда топиш мушкул бўлган ажойиботларни учратиш мумкин. Энг қизиқ тарафи – ҳар бир раста унинг сотувчиси номи билан номланади. Мисол учун, Лола опа, Шаҳло опа, Севара ва шунга ўхшаш исмлар қўйилган.

Довонда кўпчилик ўсаётганини айтадиган кичик тоғни ҳам кўрмасак бўлмасди. Ангрен дарёси ўртасида қаққайиб турган тоғчани кўпчилик ўсади деб тахмин қилади. Аслида эса ундай эмас. Дарё ўзанини ўзгартиргани сабабли тошнинг атрофини ювиб кетган. Шу сабабдан у худди ўсаётгандек туюлади. Лекин унга яқин келсангиз, комплекс тоғ тизмалари кичик бир макет кўринишида ўрнатиб қўйилган декорацияга ўхшайди.

Қисқача манзара, ўзига хос ландшафтли йўл ва довон таомлари – буларни кўрсатув давомида кўрганга етмайди. Кўрсатувни “Манзил” каналида томоша қилинг.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид