Спорт | 23:22 / 19.11.2022
18952
3 дақиқада ўқилади

«Салом, мундиал»

Эртага мен учун тўққизинчи мундиал бошланади. Дастлабки кўрганим, Италияда ўтган жаҳон чемпионати эди. Биринчи ўйинда Камерунга мухлислик қилганман, БАА терма жамоаси умуман ютқазмаган деб қаердадир ўқиб, арабларни фаворит деб билганман - аслида гап ўша йилги саралаш ўйинлари ҳақида борган экан. 

Фото: Getty Images

Укам бир қўшнимизнинг 9 сўмлик тўпини тешиб қўйганди, у «тўлайсан» деб туриб олган. Ўша бола билан баъзи ўйинларга 20 тийиндан гаров ўйнаб, ўша 9 сўм қарздан қутулганман. Фақат шу БАА панд берган, илк ўйиндаёқ йирик ҳисобда ютқазиб.

Футбол сиёсатдан холи дейишади, аммо таъсири бор, ўша чемпионатда қатнашган кўп мамлакатлар ҳозир йўқ, ҳатто чемпион - ГФР ҳам ҳозир бошқача номланади.

Югославия терма жамоаси ёққан, Испания билан ўйинда катта акалар ким ютади, деб сўрашганда, Югославия, деб ҳайрон қолдирганман. Ростанам Югославия ғалаба қозонган. 

Болаликда зўр дарвозада турадиганларни Дасаев ёки Габелло дердик. Коста Рика дарвозасини Габело Конехо деган дарвозабон қўриқлаганда, Габелло шу экан, деб ўйловдим. Ростанам, зўр турган Швеция билан ўйинда. Кейин билсам, Габелло аслида грузиялик Отар Габелия экан.

Милла рақси, Валдерама сочлари, Игуита хатоси, Райкаарднинг Фёллер қулоғига тупуриши, Пумпидо жароҳати сабаб, асосийга айланган Гойкоечеанинг пенальти серияларидаги қаҳрамонликлари, Марадонанинг финалдаги кўз ёшлари, олдинроқ, Диего яримфиналда Италияга қарши айнан Неаполда тўп сурганда, маҳаллий мухлисларнинг «Диего, биз сени яхши кўрамиз, лекин Италия бизнинг ватанимиз» деб баннер кўтаргани — хотиралар кўп.

Қизиқ жиҳати, айнан ўша чемпионатнинг барча гуруҳлар таркиби, натижалари, голларигача эсимда, аммо Россия-2018 даги яримфиналларниям ҳатто, бирданига эслолмайман. Кўпчиликда шунақа бўлса керак.

Яна бир кашфиётим, кўпчилик билан гаплашиб, билганман - футбол мухлисларининг аксарияти ўзининг илк мундиал ёки евросини 11-12 ёшда кўрар экан. Қизиқиб, тушуниб, ёдда олиб қолган ҳолда. Мен ҳам шу ёшда бўлганман.

Эртага, мен учун тўққизинчи чемпионат бошланади. Ким учундир еттинчи, ўнинчи ёки тўртинчи. Мен учун балки аввалги Россия ёки Бразилиядаги турнир каби шундоқ ўтиб кетар, из қолдирмас. Аммо ким учундир, бу биринчиси, тўғрими? Ким учундир бир ширин хотирага айланадиган, битта қолдирмай ўттиз йилдан сўнг ҳам ёдида сақлайдиган, футбол оламининг ажиб сеҳрига ошуфта қиладиган, кейинги мундиаллардаям ўша жозибани қидирадиган бир турнир бошланяпти ахир.

Худди менинг бир пайтлар Италияда ўтган мундиалим каби. 

Милла рақси, Валдерама сочлари, Игуита хатоси, Райкаарднинг Фёллер қулоғига тупуриши, Пумпидо жароҳати сабаб, асосийга айланган Гойкоечеанинг пенальти серияларидаги қаҳрамонликлари, Марадонанинг финалдаги кўз ёшлари...

Каниджа, Стойкович, Скилаччи, Лэкетуш, Карека, Гуллит, Матеус, Адидас Торшн рекламалари, «Рекорд» телевизори, эски ҳовлимиз, бобом, дадам...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид