Ҳукумат ўндан ортиқ турдаги товарлар импортини камайтирмоқчи
Ташқи савдо вазирлиги “импортни оптималлаштириш” устида иш олиб боряпти. Айрим товарлар импорти қисқартирилиши мумкин. Рўйхатда сув ва ичимликлар, лок-бўёқ маҳсулотлари, автоэҳтиёт қисмлар, шиналар, маиший техникалар ва бошқалар бор.
Ўзбекистон инвеститициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев 24 сентябр куни “импортни оптималлаштириш, тармоқлараро ва ҳудудлараро саноат кооперациясини ривожлантириш” бўйича йиғилиш ўтказган.
Йиғилишда маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш, Ўзбекистонда аналоглари ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар импортини камайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Kun.uz Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан импорти камайтирилиши режа қилинаётган маҳсулотлар рўйхатини сўради.
Вазирлик матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, бу маҳсулотлар қаторида сув ва ичимликлар, лок-бўёқ маҳсулотлари, енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, йиғма қурилиш конструкциялари, марказий иситиш қозонлари, кондиционерлар, музлаткичлар, ўтказгичлар, электр иситкичлар ва қолиплар ишлаб чиқариш учун тайёр боғловчилар кабилар бор.
Вазирликнинг тушунтиришича, 2022 йилнинг январ-август ойларида импорт қилинган товарлар ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Юқорида номлари келтирилган товарларнинг аналоглари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.
Асослантириш учун тақдим этилган маълумотларни Kun.uz жадвалга солди.
Бундан ташқари, вазирлик маълумотларида марказий иситиш қозонлари, йиғма қурилиш конструкциялари, кондиционерлар, музлаткичлар, ўтказгичлар, электр иситкичлар ва бошқаларни олиб кириш ва бошқалар билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилгани қўшимча қилинган.
Бошқа товарлардан фарқли ўлароқ, бу турдаги товарлар бўйича импорт маълумотлари ва бозордаги ишлаб чиқарувчилар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.
Вазирлик ахборот хизмати импорт қайси йўл билан камайтирилади – квоталар киритиладими ё маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқалими деган саволимизга жавоб бермади.
“Яқинда бу борада тадбир бўлади. Раҳбариятнинг айтишича, ҳали қарор лойиҳалари тайёр эмас экан. Ҳозирча бу саволларга жавоб бера олмаймиз”, – дея маълум қилди вазирлик ахборот хизмати вакили.
Шунингдек, импорти чекланадиган товар бозорларида рақобат қай даражада экани ҳам таҳлил қилинганми, деган саволимиз бир ойдан ошиқроқ вақтдан бери жавобсиз қолмоқда.
Kun.uz импорти камайтирилиши режа қилинган товарлар бозорларида рақобат муҳити қандайлиги борасида Монополияга қарши кураш қўмитасига савол билан мурожаат қилди. Қўмитанинг жавоби кутилмоқда.
Квоталаш уруғи экилган
Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилда импортни чеклашнинг янги шакли – квоталаш тартибини тасдиқлаган. Унга кўра, 2022 йилнинг 3 мартидан импорт товарларига нисбатан тариф квоталари қўлланиши мумкин. Тариф квоталарининг ҳажми, амал қилиш муддати, импорт божхона божининг квота доирасидаги ва ундан ташқари ставкаларини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Тариф квоталарини мамлакатга олиб кирилаётган товарлар учун йиллик (ойлик ёки кварталлик) миқдорий чекловлар ўрнатилиши деб тушунса бўлади.
Ўша пайтда иқтисодчилар бу тартиб савдони чеклашнинг янги инструменти экани ва бундан энг кўп камбағал қатлам зарар кўришини айтган эди.
“Бир вазирлик белгиланган квота миқдорини импорт қилувчиларга бўлиб беради. Бошқача айтганда, ҳукумат кимга импорт қилиш ҳуқуқини беришни ўзи ҳал қилади. Бу эса ўз-ўзидан нафақат биз каби, балки исталган давлатда коррупциянинг янада авж олишга сабаб бўлади”, – деганди Миркомил Холбоев.
“Деярли 30 йилдан бери ЖСТга кира олмадик, дунё бозоридан кескин узилган ва “маҳаллий бозорни муҳофазалаш” билан шуғулланиб келмоқдамиз. Шунча пайтдан бери бу савдо фалсафаси ўзини на бизда, на бир бошқа жойда оқлаган”, – дея таъкидлаган Беҳзод Ҳошимов.
“Ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсади ортида аслида ичкаридаги бир гуруҳ фаворитларни қўллаш ётади”, – дея фикр билдирганди Отабек Бакиров.
Собиқ инвеститициялар ва ташқи савдо вазири, айни пайтда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бу барча товарлар учун тариф квотаси жорий қилинишини англатмаслигини айтганди.
“Бу – барча давлатларда бор бўлган механизм. Буни нотўғри тушуниш керак эмас. Ҳамма маҳсулотга квота қилинади, фақат таниш-билишга берилади, монополияга берилади, деган нарса йўқ”, – деганди Умрзоқов.
Унга жавобан, иқтисодчи Миркомил Холбоев “ёмон тажрибани кўчириш шарт эмас”лигини айтганди.
Ўзбекистонга савдо тўсиқларини олиб ташлаши кераклиги яна эслатилди
3-4 ноябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон иқтисодий форумида Жаҳон банки экспертлари ЖСТга аъзолик масалалари муҳокамасида яна савдога тўсиқларни олиб ташлаш кераклигини эслатди.
“Протекционизм сиёсати ҳақида гапирсак, қайсидир саноатни ҳимоя қилсак, бошқа тармоқларни ривожлантиришдан тўсамиз”, – деди Жаҳон банкининг савдо ва минтақавий интеграция амалиёти менежери Антонио Нуцифора.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун 1994 йилда ариза берган.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
22:37 / 09.12.2024
Ўзбекистон ЕИга божсиз экспорт имтиёзларини яна 10 йилга узайтиришни таклиф қилди
17:43 / 21.11.2024
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди (фото)
14:30 / 01.10.2024