Иқтисодиёт | 20:14 / 22.11.2022
40675
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 26 млрд доллар атрофида сақланиб қолди

26 миллиарднинг чорак қисми бюджет камомадини ёпиш учун олинган. Глобал инфляция сабаб жаҳонда фоиз ставкалари ошиб кетгани Ўзбекистон ҳукуматини аввалги йиллардаги каби фаол қарз олишдан тийиб турибди. Олинган қарзларни фоизи билан қайтариш харажатлари олти ойда 1,1 млрд долларни ташкил этган.

Фото: Paul Yeung / Blomberg

Молия вазирлиги 2022 йилнинг I ярим йиллиги учун ташқи қарз ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, давлат қарзи 2022 йилнинг 1 июл ҳолатига 26 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 23,26 млрд доллар, давлат ички қарзи – 2,77 млрд доллар) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 35,1 фоизни ташкил этган.

«2022 йил бошидан давлат қарзи қолдиғи (АҚШ доллари экв.) 1 фоизга камайди. Бунда, давлат бюджети тақчиллигининг молиялаштирилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида қарз маблағларининг ўзлаштирилиши билан бирга 792,5 млн доллар миқдоридаги давлат қарзи сўндирилди», – дейилади ҳисоботда.

Жорий йил учун давлат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд доллар миқдорида белгиланган.

I ярим йиллик давомида янги имзоланган давлат ташқи қарз битимларининг ҳажми 1,6 млрд долларни, давлат бюджетини молиялаштириш учун чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг соф ҳажми 2 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида давлат ички қарзи 41,4 млн долларга кўпайган бўлса, давлат ташқи қарзи 302,9 млн долларга камайган.

2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,8 фоизи ёки 6 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 11,8 фоизи ёки 2,7 млрд доллари электр-энергетика соҳасига, 12,8 фоизи ёки 3 млрд доллари энергетика соҳасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган.

2022 йилнинг I ярим йиллиги давомида давлат қарзига хизмат кўрсатиш (қарзларни фоизи билан қайтариш) жами харажатлари 1 млрд 122,1 млн долларни ташкил этган. Шундан 596,6 млн доллари давлат бюджетидан, 525,4 млн доллари давлат корхоналари маблағларига тўғри келади.

Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд доллар), Жаҳон банки (4,4 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келган.

“Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларнинг давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган”, – дейилган Молия вазирлиги изоҳида.

Умуман олганда, I ярим йиллик давомида Ўзбекистон ташқи қарзининг камайишига 2та омил таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Биринчидан, дастлабки ярим йиллик одатда олинган қарзларни қайтариш даври ҳисобланади ва ташқи қарз жалб қилиш фаол равишда амалга оширилмайди. Хусусан, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров июль ойида парламентдаги чиқишида 2022 йилдаги бюджет тақчиллиги даражаси 3 фоиз эмас, балки 4 фоизгача оширилишини маълум қилганди. Бу эса қўшимча 8–8,5 трлн сўм давлат харажатларига тенг бўлиши мумкин. Одатда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ташқи ва ички қарз маблағлари жалб қилинади.

Иккинчидан, глобал инфляцион ҳолат фонида ФРТ ва Европа Марказий банкининг қаттиқлаштириш сиёсати ва фоизларни ошириши халқаро бозорларда қарз ва капитал нархини кескин қимматлаштириб юборди. Бу эса Ўзбекистонга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ижобий ҳолат эмас ва ташқи қарз жалб қилишни қийинлаштиради.

«Глобал беқарорлик сабабли жаҳонда қарз олиш қимматлашиб, Ўзбекистоннинг молиявий буфери чекланиб қолди. Бюджет дефицити эса ортиб боряпти. Ҳозирги вазият асосий эътиборни инфляцияга қаратиш, бюджет харажатларини қисқартириш ва хусусий маблағларни кўпроқ жалб қилишни тақозо этади», дея таъкидлаганди молия вазири Тимур Ишметов.

Жаҳон банки (ЖБ) охирги прогнозларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қарз олиш чекловларига риоя қилишда давом этиши кутилмоқда. Давлат қарзи ва умумий ташқи қарз 2024 йил охирига келиб ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич камайиши мумкин.

Аввалроқ, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган эди.

Мавзуга оид