“Катта пулларни ўмаришга халақит қилган эдим” — Гулжаҳон Йўлдошева билан суҳбат
“Пандемия пайтида тарозининг бир палласида одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш турган бўлса, бошқа палласида ажратилаётган катта пуллар турган эди”, дейди Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти, ОАВдаги очиқ мурожаатидан кейин жиноятчига чиқарилган Гулжаҳон Йўлдошева. Унинг сўзларига кўра, коронавирус даврида нотўғри ишлар кўп бўлган, “тарозининг пул турган палласи оғир келган”.
2022 йил 15 августда Олий суд Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича чиқарилган аввалги қарорларни бекор қилиб, қайта кўришга юборган эди. Kun.uz колумнисти Шокир Шарипов шифокор билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфекционисти, Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус пандемияси пайтида ОАВ орқали шифохонага керакли ёрдам кўрсатилмаётгани, персоналга ваъда қилинган пул мукофотлари берилмаётганини айтган, шундан кейин унинг устидан жиноят иши очилган эди.
— Келинг, хаёлан ўша пайтга қайтайлик. Пандемия бошланди. Ўша пайтдаги таассуротларингизни ёдга олинг.
— Қарийб 24 соат ишлардик. Ҳатто дам олганда телефонлар ёниқ туриши керак эди, алоқада бўлиш лозим эди.
— Қаердан бунча куч?
— Одамларнинг тузалиб кетишига ҳиссамиз қўшилаётгани ҳисси куч берди, беморларнинг кўпи касалликни енгиб, шифохонамиздан тузалиб чиқиши ва уларга ёрдамни шахсан биз бераётганимиз ҳисси.
— Бемор ҳаётдан кўз юмса, шифокор нимани ҳис қилади?
— Шахсан менинг фаолиятимда бу бўлмаган – беморларим орасида ўлим ҳолати бўлмаган. Аммо шифохонада ўлимлар бўлади. Қандай инсон бўлишидан қатъи назар, бунда хоҳланг-хоҳламанг кўзингиз ёшга тўлади. Пандемия пайтида ҳаммамиз йиғлоқи бўлиб қолгандик. Ҳатто телефон орқали бир-биримизга фалончи бемор ҳаётдан кўз юмди, деб айтганимизда йиғлардик, қаттиқ таъсирланардик.
Психиатрияда “чегара” ҳолати деган тушунча бор, ҳар бир нарсадан жунбушга келиш ҳолати. Шундай ҳолатда эдик, кимдир нимадир деб қўйса ҳам, йиғлаворардик. Йиғисиз гаплашиб бўлмай қолганди.
— Йиғлагансизлар ва ишлагансизлар.
— Ҳа, йиғлаганмиз ва ишлаганмиз… Ҳозир ҳам сизга буларни гапиряпман, кўзларим яна ёшга тўляпти. Феълим аслида қаттиқроқ, болалигимдан одамлар орасида ҳис-туйғуларимни кўрсатмай ўсганман. Лекин пандемия пайтида кўп йиғлар эдим.
— Шифохонангизга кислород концентраторлари беришдан бош тортилган телефон суҳбати пайтидаги ҳолатингиз эсингиздами?
— Суҳбатдан кейин ҳўнграб йиғлаганман. Ноилож қолгандик. Шифохонада кўп одамлар дунёдан кўз юмаётганди. Қизлар ноиложликдан бақиришарди, ваҳимада қолишганди, нима қилишни ҳеч ким билмас эди. Ўликларни қаерга чиқаришни, бунинг учун кимга мурожаат қилишни билмас эдик. Кутилмаганда келганди бошимизга бу ҳолат. Ва ўша қўнғироқ…
Аввалида блогер Шавкат Ҳасанга мурожаат қилдим. Ҳеч бўлмаса ҳолатимизни жамоатчиликка етказиш учун. Чунки мен ҳеч ким билан боғлана олмаётгандим, шифохонани ташлаб ҳам чиқолмасдим.
Шундан кейин бизда умид пайдо бўлди. Телефон орқали 10 дона кислород концентратори бизга ажратилгани ҳақида хабар беришди. Фақат Зангиотадаги омборга бориб олиш керак эди. Жуда хурсанд бўлдик. Жамоамиз бир оиладек эди, ким котиба, ким бухгалтер – фарқи йўқ эди. Қизлар йиғилиб, шодландик – бизга биров бриллиант тақинчоқ совға қилгандек хурсанд бўлдик. Шунча йўл босиб, омборга етиб боргач эса, улар менга қўнғироқ қилишди, оксигенаторлар берилмаганини айтишди.
Мен аввал бошқармадагиларга қўнғироқ қилдим, фойдаси бўлмади, шундан кейингина бошлиқ билан гаплашдим. Унинг жавобини эшитганимдан кейин, блогерга мурожаат қилдим. У мендан: “Бунинг оқибати нима бўлишини биласизми?” деб сўради. Мен учун эса беморларнинг ҳаёти қадрлироқ эди, лавозим эмас. Лавозим бугун бор, эртага – йўқ.
Телефоним қўнғироқларларни автоматик тарзда ёзар эди, аммо бир ёзиб, бир ёзмасди. Худонинг иродаси экан, айнан шу суҳбат ёзилиб қолибди.
Шундан кейин нотинчликлар бошланди. Карантин ичида бўлганимизга қарамасдан, текширувлар кела бошлади. Карантин формасидаги шифокорлар келиб, журнал юритилиши, касаллик тарихи каби нарсларни текшириб юришди. Биз жонлантириш бўлимидаги касаллар билан иш олиб борганда, реаниматологимиз йўқ бўлгани учун, жуда кўп ёзувлар юритиб борардик.
— Сиз билан биринчи телефон суҳбатимизни эслайман, сиз ҳолатни оммавий ахборот воситаси орқали ёритишни сўрадингиз. Нима мажбур қилди?
— Иложсизлик. Ёпиқ эшикларни тақиллатаётгандек эдим. Сизларга мурожаат этишимдан бир кун олдин беморларимизни Чирчиқда янги очилган бошқа муассасага олиб бориш учун тез ёрдам машинаси келди. Кўчирилган биринчи бемор ҳалок бўлган... Қандай маъно бор эди бизнинг беморларимизни кўчиришда?.. Устига устак Чирчиқда тез ёрдам машиналари жиҳозланмаган эди. Ҳолбуки бу пандемия бошланиши эмас эди – 4-5 ой ичида тайёргарлик кўриш мумкин эди.
Шуни айтиш керакки, ҳамма керакли ускуналар аслида келар эди. Мен ўз кўзим билан кўрганман, омборларда ҳамма нарса бор эди, Тошкентдан, яъни республикадан жўнатиларди. Аммо ўрта бўғим уларни фақат ўзига ёққанларга берарди, ўзига ёқмаганларга – йўқ.
— Ёрдам сўраб оммавий ахборот воситалари орқали, эҳтимол жамиятга, эҳтимол раҳбариятга мурожаат қилаётганингизда, кейин нима бўлишини тасаввур этганмидингиз?
— Мени эшитишади деб ўйлаган эдим. Қамаб қўйишлари тушимга ҳам киргани йўқ. Нари борса лавозимимдан четлатишларини ўйлагандим. Барча муассасалар ёпилган, ҳеч кимга мурожаат қилиш иложи йўқ эди, соғлиқни сақлаш вазири ҳам касал эди ва мен оммавий ахборот воситалари орқали ҳолатни етказишга қарор қилдим.
Вилоят соғлиқни сақлаш муассасаси раҳбарияти билан орамизда молиялаштириш масалаларида зиддиятлар пандемиядан олдин ҳам бўлган. Буни мен суд жараёни давомида ҳам айтганман. Масалан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасини таъмирлаш учун ажратилган 10 миллиард сўм қандай қилиб Олмалиқдаги 30 дона ётоқ ўрнига эга бўлган бўлимни таъмирлашга “йўл олгани” ҳақида.
— Кейин ўзингиз касал бўлиб қолдингиз.
— Ҳа, тинимсиз меҳнат қилиш иммун тизимини кучсизлантиради. Касалликдан қочиб бўлмасди – беморлар билан мулоқотда эдик. Бизнинг формаларимиз чет элдагидай эмас эди – ҳавони ташқарига чиқариб юбормасди.
— Яхши тузалмасдан, касалхонадан чиқишга мажбур бўлдингиз.
— Терговчи туфайли мажбур бўлгандим. Терговчи мени ҳибсга олгани келишганини айтди. Кейин билсам, ҳибсга олгани эмас, сўроқ қилиш учун Ўзэкспомарказга келган, аммо ҳарбий комендатура киритмаган.
250 миллионни ўзлаштиришда, бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлишда айбланаётганимни билиб, ўзимни оқлаш учун шифохонадан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.
— Кейин сизни ҳибсга олишди. Ўша онларни эслай оласизми?
— Бу кун бир умрга эсимда қолди. Бутун Чирчиқ бўйича сув бўлмаган эди. Бу Чирчиқда кўп бўлиб туради. Шифохонадан чиқиб, ўзимни яхши ҳолга келтирмоқчи бўлдим – ҳеч бир аёл, нафақат прокурор олдида, ҳар қандай одам олдида ноқулай аҳволда кўринишни хоҳламайди. Терговчига қўнғироқ қилиб, ўзимга қарашим учун бир кун беришини сўрадим. Кейин текширувларда бирга иштирок этишимни айтдим. Салонга бордим. Яширинмоқчи эмасдим асло – салон манзилини ўзим бергандим унга. 20 тача ходим келишди салонга, мени ҳибсга олиш учун, худди террористни тутишга келгандек. Яхшиям ёнимда синглим бор эди. Соғлиғимдан хавотир олиб, Бухородан чақиртирган эдим уни. У бўлмаганда мени қаерга олиб кетишганини ҳам ҳеч ким билмаган бўларди.
Бир марта қўнғироқ қилишга рухсат беришди. Бундан фойдаланиб, турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдим, аммо телефони ўчиқ эди. Иккинчи марта қўнғироқ қилишга имкон беришмади.
— Пандемия пайтида юқумли касалликлар бўйича мутахассис тергов изоляторида... Бу кунларни эсга олсангиз.
— У кунларни унутишга ҳаракат қилдим. Аммо буни унутиб бўлмайди.
— Кўплаб инсонлар ҳалок бўлаётган даврда...
— Демак, мен даволаб қутқариб қолишим мумкин бўлган одамларнинг ҳаётидан кўра мени йўлдан олиб ташлаш муҳимроқ бўлган. Тўғрисини айтсам, биринчи кун унчалик қўрқув бўлмади, шунчаки қўрқитиб, бугун-эрта қўйиб юборишади деб ўйлаган эдим. Аммо кейинчалик, ҳеч нима емай қўйдим, чунки мени заҳарлашларидан қўрқдим.
Суд ҳибсга олиш чорасини кучда қолдирди. Умидим апелляция судида эди. Унга тайёрланишни бошладим. Кодексларни олиб келишларини илтимос қилдим.
Кейин билсам, ташқарида жамоатчилик норозилик билдираётган экан. Ўзимни қўлга олдим, бўлган воқеаларни ёдимда тиклаб, ёзар эдим. Ҳукмни қўлимга беришлари керак эди, беришмади.
— Изолятордан чиқиш пайтини эсланг.
— Қўйиб юборишган онларни назарда тутяпсизми?
— Ҳа.
— Ҳаммани сайрга олиб чиқиш вақти эди. Чиққим келмади. Сўнг асосий корпусга чақирилганимни айтишди. Ким чақирди, нима учун чақирди? Адвокатимми деб сўрасам, жавоб бермасдан, фақат тезлатишди. Қўриқчилар билан бирга асосий бинога шошилдим. Ўша пайт Зангиота қамоқхонаси бошлиғи Мажидов эди. “Кимга нима деб қўйдингиз биз ҳақимизда?” деди. Уларни ҳеч кимга ёмонламаганимни айтдим. Сўнг “сиз озодсиз” деди жилмайиб. Бақириб юбордим, йиғладим. Ростданми деб сўрадим.
Албатта, булар гапириб бераётганимдек эмасди, ҳиссиётлар тўлиб тошганди. Унутилмас лаҳза. Ҳамма мен учун хурсанд эди у ерда, ҳамма.
— Суд жараёни ҳақида гапириб берсангиз.
— Очиғини айтсам, биринчи кунлари судя умид берди. Бундан ташқари, Kun.uz ҳаммасини омма учун ёритиб бораётгани учун, адолат ҳукм суришига ишонар эдим. Бу жиноий ишнинг хатолари суд жараёнида кўриниб бораётганди.
Уйқусиз тунларим давом этаётганди: пандемияда ухламадим, даволаниш даврида ухламадим, қамоқдаги уйқусиз тунлар, энди суд жараёнидаги уйқусизлик... Мен жиноий ишнинг ҳар бир бетини ўргандим. Жиноят кодексини ҳам, жиноят-процессуал кодексини ҳам. Ёзувлар тайёрладим. Мен шундай ўйладим: агар мен – юрист бўлмаган киши кодексларга юзаки қарабоқ хатоларни кўраётган бўлсам, бошқалар хатоларни албатта кўради ва мен оқланаман.
Тўртинчи ё бешинчи суд мажлисида ҳаммаси чаппасига айланаётганини тушундим. Гувоҳларга тўғри саволлар беришга имкон берилмас эди. Судя мени пастга уришга ҳаракат қиларди, мени ҳатто жиноий ишда айтилмаган нарсаларда айбламоқчи бўларди. Бу аниқ кўриниб турарди. Видеолар бор.
Тўсатдан алоҳида хонада мантия кийган судянинг гувоҳга кўрсатмалар бераётганини эшитиб қолдим ва лол қолдим. Суд жараёнида менга нисбатан руҳий босим қилишга ҳаракатлар бўлди. Суд видеосини қайта-қайта кўриб бунга янада ишонч ҳосил қиляпман.
— Хатоликлар ҳақида гапиряпсизми?
— Мен буни хато деб айтмаган бўлардим. Атай қилинди – суд жараёнида Жиноят-процессуал кодекси бузилди.
Фақат иккита жиддий ҳолатни айтиб бермоқчиман. Биринчиси – прокуратура ва суд томонидан қилинган қонунбузарлик, балки келишиб қилингандир – суд жараёнида иқтисодий масалалар бўйича эксперт сифатида олий маълумоти бўлмаган одам чақирилди. Бу Жиноят-процессуал кодексида ман этилган. Бундан ташқари у судланган ва жазосини олаётган – эрки чекланган эди. ЖПК бўйича бу мумкин эмас. Бу одам тергов жараёнига ҳам, суд жараёнига ҳам эксперт сифатида жалб қилинди.
Судя буни билмаган бўлиши мумкин дейишингиз мумкин. Аммо биз бу “эксперт”нинг кўрсатмаларини ҳисобга олмасликни сўраб илтимоснома ёздик. Чунки ўша вақтда у ўзи судланувчи эди, Янгийўл туманида бош иқтисодчи бўлиб ишлашга умуман хаққи ҳам йўқ эди. Лекин судя бизнинг илтимосномамизни қабул қилмади ва ҳатто ёзма равишда ажрим ёзиб берди, нега бу экспертни қолдирганини изоҳлаб. Кимдан сўрамасам, ҳамма бу ЖПКнинг жуда қўпол бузилиши деди.
Иккинчи жиддий қонунбузарлик. Ҳукм ўқилаётган пайтда судя бир қатор хусусий ажримлар ҳақида гапирди. Алалоқибат на ҳукмда, на протоколда бу хусусий ажримлар бор. Демак, протокол қалбакилаштирилган. Протоколда айтилган гапларнинг ҳаммаси бўлиши керак. Хуллас, ҳаммамизни алдашди. Нега “ҳаммамиз” деяпман, чунки суд жараёнини Kun.uz орқали ҳамма кузатаётган эди. Юристлар ҳам. Булар шунчалик кўникиб қолишган экан қонунни бузишга. Хатолар оммага маълум бўлаётганидан ҳам қўрқишмади.
Биз адвокат билан ҳалигача талаб қилиб келяпмиз, суд жараёни тугамасдан туриб, интервю бериб мени айблаб чиққан, кўп ёлғонлар қилган прокурор ва биринчи судни бошқарган, кўп хатолар қилган судяга нисбатан хизмат текшируви ўтказишларини сўраб келяпмиз. Аммо негадир талабимизга рад жавобини беришяпти, “исботлар етарли эмас”лиги важи билан. Жиноят-процессуал кодексини бузиш етарли эмас экан...
— Бўлиб ўтган бу воқеалар юзасидан умумий фикрларингиз. Пандемиянинг авжида, сиз – аёл, шифокор, яна денг – инфекционист, кўп болали она, оммавий ахборот воситаси орқали қилган мурожаатингиз – ёрдам сўраганингиз, камчиликларни айтганингиздан сўнг, сизни ҳибсга олишяпти, суд қилишяпти.
— Бирор кимни ноўрин айблашдан ва кимдир бундан фойдаланишидан қўрқаман, лекин фикримни айтаман. Пандемия пайтида тарозининг бир палласида одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш турган бўлса, бошқа палласида ажратилаётган катта пуллар турган эди. Мен эса бир вилоятда пулларни ўмаришга халақит қилдим. Тушуняпсизми?! Мен ўз маънавий устунларим билан шаклланганман ва мени ўзгартириб бўлмайди. Шу учун халақит қилдим уларга. Ўта катта пуллар турган эди ўртада.
Ҳар бир вилоятда пандемияга қарши гуруҳлар тузилган эди. Ва уларга катта пул ажратиларди. Тошкент вилоятида тузилган гуруҳнинг ичида битта ҳам инфекционист йўқ эди! Тушуняпсизми?! Чунки биз – инфекционистлар кўп нарсани биламиз ва хатоларни кўрсатишимиз мумкин эди. Бизни гуруҳлардан олиб ташлашди. Сиз менга пандемиянинг биринчи кунлари тўғрисида сўрадингиз, ўша вақтнинг ўзидаёқ мени у гуруҳдан чиқаришган эди.
Чунки чет элда таълим олаётган талабаларни олиб келиш учун ташкиллаштирилган биринчи чартер рейслар пайтидаёқ, улар Тошкент вилоятидаги санаторийларга жойлаштирилаётган пайтдаёқ норозилик билдиргандим, менга кўп нарса ёқмаган эди у ердаги. Бу уларга ёқмади ва мени гуруҳдан чиқариб ташлашди. Мени гуруҳга қайтаришларини сўрадим, чунки биз – инфекционистлар биламиз ниқоб ва формаларни қанча вақтда алмаштириш кераклиги, чет элдан олиб келинган талабаларга қай тартибда қараш лозимлигини. Тиббий талаблар бажарилмаётган эди.
Пандемия даврида нотўғри ишлар кўп бўлди, касалланганлар сони кўпайиб боришига ҳам шу хатоликларнинг ҳиссаси бор. Вагонларни тўлдиришга уринилдими-ей. Хуллас, тарозининг пул турган палласи оғир келди...
— Ҳозир ҳолат қандай?
— Дастлабки суддан кейин бизда апелляция суди бор эди. [2021 йил] 23 ноябрда апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирди, аммо 21 та эпизоддан 7 тасини қолдирди. Мен бунга рози бўлмадим ва Олий судга мурожаат қилдим. [2022 йил] 15 август куни Олий суд апелляция судининг қарорини бекор қилди, қайта кўришга жўнатди.
Қарор бекор бўлгани ҳақида хабар чиққандан кейин ижтимоий тармоқларда мени қоралаш компанияси яна авж олди. Билмадим, суд идорасига таъсир қилиш учунми, ёки менга психологик босим ўтказиш учунми, мен ҳақимда салбий гапларни бирваракайига 22 та катта гуруҳларда ёза бошлашди. У ерда мени “судяларни сотиб олган” деб ёзишди.
— 22 та гуруҳда деяпсизми?
— 22 та гуруҳда, бу – мен кўрганларим. 9 сентябрдан бирданига бошлашди ёзишни. Хабар чиққанданоқ. Менимча, буни оддий одам қила олмайди, чунки 22 та гуруҳ…
— Ҳозир қаерда ишлаяпсиз? Болаларни қандай боқяпсиз?
— Инсон папиллома вируси скрининги билан боғлиқ лойиҳаларда ишлаяпман. Расман шифокор сифатида ишламаяпман. Март ойида менга меҳнат дафтарчасини олиб кетишим ҳақида хабарнома келди. Меҳнат дафтарчасини олганимда, у ерда олдинги сана билан, орқаваротдан, яъни 14 декабр куни ишдан бушатилганимни кўрдим. Меҳнат дафтарчамга вазир имзоси қўйилмаган буйруқ ҳам солиб қўйилган эди. У ерда фақат муҳр турибди. Табиийки, шикоят ёздим. Бироқ меҳнат вазирлиги менинг шикоятимни қайтариб юқумли касалликлар шифохонасига юборди...
Мен апелляция суди Тошкент вилоятида қайта ўтказилишини истамайман. Чунки агар вилоят суди раисики ҳукм қонуний кучга кирмаган бир пайтда ҳамманинг олдида мени айблаган бўлса, демак, Тошкент вилоятидаги судларга ишонч қолмаган. Тошкент вилоят судига мен ишонмайман, суд Тошкент шаҳрида ўтишини хоҳлайман.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Тасвирчилар:
Мирвоҳид Мирраҳимов
Нуриддин Нурсаидов
Зияддин Мамажонов
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
16:16 / 17.12.2024