Парижда курдларга ҳужумдан кейин тартибсизликлар бошланди
Париж марказида жума куни уч нафар курд ўлдирилгач бошланган тартибсизликлар давом этмоқда.
Тартибсизликлар иштирокчилари кўчаларда машиналарни ағдаришган, бир қанча машиналар ёқиб юборилган. Намойишчилар полициячиларга тош ва бошқа буюмлар улоқтиришган, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларга кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашига тўғри келган.
Франциядаги курдлар жамиятининг юзлаб вакиллари уч нафар курд ўлдирилишидан дарғазаб бўлиб, шанба куни Париж марказидаги Республика майдонида йиғилишди. Аввалига норозилик акцияси иштирокчилари ирқий нафрат сабаб содир этилган қотилликни қоралаб чиқиш қилишни режалаштиришганди. Бироқ норозилик акцияси тезда тартибсизликларга айланиб кетди.
Бир кун олдин курдлар жамияти вакилларининг рўй берган ҳодиса бўйича эътирозини билдиришга уриниши ҳам полициячилар билан тўқнашувларга айланиб кетганди. Намойишчилар чиқинди контейнерлари ва ресторан столларидан баррикадалар ўрнатишган. Тўқнашувлар вақтида полициячилар кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, намойишчилар уларни тошбўрон қилишган.
Аввалроқ Франциядаги Курд демократик маркази ушбу ҳужумни қоралаб чиққанди. Марказ вакили Франция ҳукумати мамлакатда яшовчи курдларни «ҳимоя қила олмагани»ни айтганди.
Жума куни курд маданий маркази ҳамда курд миллий таомлари тайёрланадиган ресторан жойлашган бино атрофида бир аёл ва икки эркак ўлдирилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, қурбонларнинг барчаси курд бўлган.
Яна уч киши яраланган. Бу одамлар Парижда яшовчи 69 ёшли шахс томонидан ўққа тутилган. У ҳужумдан кўп ўтмай қўлга олинган. Қўлга олиш чоғида полициячиларга қаршилик кўрсатмаган ва улар унинг қуролини олиб қўйишган.
Франция пойтахти полициясининг тахмин қилишича, ҳужумнинг асосий мотиви ирқий нафрат бўлган бўлиши мумкин. Ҳужум қилган шахс яқинда қамоқдан чиққанди, у ўтган йили қочқинлар марказига ҳужум қилганлик учун жазони ўтаган. У ўзини «хорижликлардан нафратланувчи ирқчи» деб атаган.
Ҳалок бўлган аёл курдларнинг аёллар ҳуқуқи учун курашувчи ҳаракати фаолларидан бўлган, қурбонларнинг яна бири Францияда сиёсий бошпана олган рассом эди.
Мавзуга оид
21:29 / 22.12.2024
Дунёга машҳур «Мона Лиза»ни ким ва қандай ўмариб кетганди?
11:33 / 10.12.2024
Асад режими қулагач, Туркия Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бормоқда
08:32 / 09.12.2024
Қуролли гуруҳлар Сурия шимолида курдларга қарши жанглар олиб бормоқда
00:01 / 08.12.2024