Ўзбекистон | 17:39 / 15.01.2023
8827
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди

Республикадаги аксар вилоятлар қишки таътил узайтирилгани ҳақида маълум қилди. Фақат Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятлари бу борадаги маълумотларни янгиламади.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда совуқ об-ҳаво шароити сақланиб қолаётгани сабабли Сурхондарёдаги барча таълим муассасалари учун ҳам дарслар бошланиш вақти кечиктирилди.

Вилоят ҳокимияти матбуот хизматига кўра, ҳудуддаги мавжуд умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларида ўқиш 18 январдан бошланади.

Қашқадарё вилоятидаги барча мактаблар ва боғчаларда, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил яна узайтирилди. 

Ўқув машғулотлари 18 январ кунидан бошланади.

Маълумот учун, шу вақтгача қишки таътилни узайтирган ҳудудлар сони 11 тага етди. Бундан аввалроқ, ҳаво совуқлиги учун Фарғона вилояти ҳокимлиги биринчи бўлиб ўқувчилар қишки таътилини узайтирган эди.

Шундан кейин, Бухоро, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Андижон, Тошкент  вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳам дарслар 18 январдан бошланишини маълум қилган.

Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча мактабларда ва боғчаларда, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам қишки таътил яна узайтирилганди.

Ҳозирча Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоят ҳокимликлари ҳудуддаги таълим муассасалари учун таътил узайтирилганини маълум қилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 5 январ куни Ўзбекистон бўйлаб кутилаётган совуқ ҳаво муносабати билан барча таълим муассасалари учун таътил 17 январга қадар узайтирилганди. 10 январ куни эса ҳукумат вилоят ҳокимликларига об-ҳаво ва муайян ҳудудлар ҳамда таълим муассасаларидаги шароитга қараб таътил жадвалини мустақил белгилашга рухсат берилгани маълум бўлди.

Мавзуга оид