Ўзбекистон | 20:13 / 01.02.2023
23080
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон умумжаҳон миқёсида кўп ўғит ишлатаётгани маълум бўлди 

Қанчалик кўп ўғит сарфланса, шунчалик яхши ва ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади, деган фикр тўғри эмас. 

Фото: Getty Images

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари жаҳон ва Ўзбекистонда ўғит истеъмоли даражасини таҳлил қилди. 

Маълумотларга кўра, 2021 йилда жаҳон ўғит бозори тақчилликка дуч келган. 2022 йилда ўғит нархининг ўсиши сўнгги 70 йилдаги энг юқори даражага етган. 

Нархларга асосан халқаро таъминот занжирларининг узилиши ва газ нархининг ошиши таъсир кўрсатган, бироқ, 2022 йилнинг иккинчи ярмида таъминот занжирлари тиклана бошлаган. 2022 йил охирида Европада ўғит ишлаб чиқаришнинг тикланиши фонида нархлар барқарорлашган. 

Ўғит нархининг жаҳон миқёсида ошиши муқаррар равишда улардан фойдаланишнинг қисқаришига олиб келди, айниқса, даромади паст мамлакатларда, дейди экспертлар. Бу эса ўз навбатида қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини пасайтиради ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартиради. 

Ўзбекистонда гектарига ўғит сарфи деярли 255 килограммни ташкил этади, бу эса умумжаҳон ўртача кўрсаткичларидан 74 фоиз юқори, Европа ва Марказий Осиё ўртача кўрсаткичларидан 2,9 баробар кўп. 

Қанчалик кўп ўғит сарфланса, шунчалик яхши ва ҳосилдорлик ҳам юқори бўлади, деган фикр тўғри эмас. Дунёдаги азотли ўғитларнинг ярмидан камроғи ўсимликларнинг ўсишига ҳисса қўшади, қолганлари эса фақат сув ҳавзаларини ифлослантиради. Шу сабабли сўнгги 100 йил ичида сув, тупроқ ва ҳаводаги антропоген азот бирикмаларининг миқдори икки баравар ошган. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказмаган ҳолда ўғитларни қўллашни тартибга солиш зарур. Тупроқ ва тупроқ кимёсини мунтазам мониторинг қилиш ва ўғитлардан фойдаланишни мувозанатлаш қишлоқ хўжалигининг барқарор ўсишини таъминлаш, келажак авлодлар учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш имконини беради. 

Мавзуга оид