Ўзбекистон | 18:22 / 04.02.2023
34578
11 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё – Хитой: ҳамкорлик, манфаатлар ва хатарлар

Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилишининг тарихий аҳамияти нимада? Уйғурлар масаласида Марказий Осиё давлатлари қандай йўл тутиши керак? Kun.uz минтақамиз ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг шу ва бошқа долзарб жиҳатларини хитойшунос олим ва сиёсатшунослар билан муҳокама қилди.

26-27 январ кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди. Ташриф давомида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўлини қуриш борасидаги ҳаракатларни тезлаштиришга келишиб олинди.

Kun.uz мухбири шу лойиҳа, унинг аҳамияти ва бу лойиҳада энг муҳим иштирокчилардан бири бўлган Хитойнинг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан алоқалари ҳамда алоқаларнинг келажакда қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақида сиёсий таҳлилчилар билан интервью ўтказди.

Интервью меҳмонлари – хитойшунос олим Аҳаджон Хўжаев, сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов бўлди.

— «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли лойиҳаси ҳақида анчадан бери гапириб келинарди. Аммо фақат Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанддаги саммитига келибгина бу борада аниқ келишувга эришилди. Айтинг-чи, лойиҳанинг биз ва ундан фойдаланувчилар учун аҳамияти қандай?

Аҳаджон Хўжаев:

— Бу қадимги Ипак йўлининг магистрал йўли ўтган йўналиш. Ғарб ва Шарқ ўртасидаги энг хавфсиз йўл. Бу йўл тарихда ўзини тўла оқлаган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон томонидан Буюк ипак йўлининг йўналишида темирйўл ва автомобиль йўлларини ўтказиш масаласи кўтарилган эди. Бу таклифга Хитой ҳукумати ижобий жавоб берди. Шундан сўнг доим бу масала муҳокамада бўлди. Асосий харажатларни Хитой томони кўтарадиган бўлди ва бу йўл 2005 йилда битиши керак эди. Аммо Россия ва Хитой манфаатлари мос тушмагани сабабли йўл очилиши ортга сурилди.

Ниҳоят, 5 йил ўтгач, Хитой ҳукумати тўхтаб қолган лойиҳани қайта тасдиқлади ва олдингидан 500 км узунроқ бўлиши кўзда тутилди. Тоғ ҳудудидан ўтадиган жойларда 14 та туннел қазиш керак бўлди. Аввалги йўналишдан шимолроққа сурилишига ҳам тўғри келди. Аммо баъзи сабабларга кўра, яна йўл қурилиши тўхтаб қолди.

Шунинг учун ҳам мутахассислар лойиҳа ҳақида гапирганда, йўл Хитой ва Россия музокаралар қилиб, келишувга эришгандан кейингина қурилади, деган фикрни билдиришади. Агар йўл қурилмаса, Хитой жуда кўп айланма йўллардан фойдаланишига тўғри келарди ва бу қимматга тушар эди.

Россиянинг қаршилик қилишига сабаб эса ҳозирда Хитойни Ғарб билан боғловчи йўл айнан Россия ҳудудидан ўтади ва Россия транзитдан катта даромад олади. Бундан ташқари, юк олиб ўтирувчилар йўл эгаси бўлган Россияга маълум даражада боғлиқ бўлиб қолган. Ҳозир қурилиши керак бўлган йўлимизда эса катта маблағ тежалади; Марказий Осиё давлатларига даромад келтиради; халқаро юк ташишда Россияга боғлиқ томонлар камаяди. Ўзини империя деб ҳисоблайдиган Россия эса бунга рози бўлмаслиги табиий.

— Хитой – Марказий Осиё ва жумладан, Ўзбекистон алоқалари ҳақида гаплашарканмиз, Ўзбекистонда ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг вазифасидан олиниб, унинг ўрнига Хитойдаги собиқ элчимиз Бахтиёр Саидов тайинлангани эътиборга молик.

Сизнингча, бу ўзгариш нима мақсадда, нималарни кўзлаб қилинди. Буни Ўзбекистон энди сиёсатнинг каттароқ йўналишини Хитойга қараб олмоқчи дея тушуниш мумкинми?

Фарҳод Толипов:

— Бу бироз мавҳум вазият. Мен бу тайинлов аҳамиятини ошириб юбормаган бўлардим. Мустақил бўлганимиздан то бугунгача нечта ташқи ишлар вазири, ҳатто президент алмашган бўлса ҳам, Хитой билан муносабатларда салбий ҳолатлар бўлмади. Ўсиш билан ривожланиб келяпти, шубҳаланиш ёки тўхташлар йўқ.

Ўзбекистон ШҲТга аъзо бўлгач, Хитой ташаббусларини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаб келган. Ташкилот саммитларида Каримов ҳам, Мирзиёев ҳам транспорт масалаларини кўп таъкидлаб, шу бўйича таклифларни қўллаб келяпти. Айтмоқчиманки, бу тайинлов ҳам стратегик мақсад билан бўлмаган. Чунки айтганимдек, Ўзбекистон Хитой ташаббусларини очиқ қўллаган, яъни эҳтиёж йўқ бундай мақсадга.

Камолиддин Раббимов:

— Ташқи ишлар вазири тайинланишида ички сиёсат таъсири борми ёки ташқи сиёсат таъсирими? Тайинлов амалга оширилган пайт бу Хитойга маълум бир сигнал деб қабул қилган эдим. Яъни Саидов тайинлангандан сўнг биринчи навбатда Хитой элчиси билан учрашди. «Шу пайтгача муносабатларимиз ижобий эди, энди янаям юқори нуқтага олиб чиқамиз», деган сигнал бўляптимикан, деган хулоса ҳам бор. Аммо айни пайтда тайинловнинг асосий сабаби ички сиёсат, деган маълумотлар ҳам бор. Яъни маълум бир кадрлар, гуруҳларнинг ички муносабатлари ифодаси.

Аҳаджон Хўжаев:

— Ташқи ишлар вазирлигидаги ўзгариш ёки вазирнинг ўзгариши давлатнинг ташқи сиёсати ўзгарди, дегани эмас. Саидов ҳам ротация орқали Ўзбекистонга қайтди ва вазир бўлди. Унинг ишларида айтарли камчиликлар кўрмаганман. Амалдор бир амалда ўтираверса, бу ҳам фойдали бўлмайди. Шунинг учун ҳам ротация тизими бор.

Хитойга келадиган бўлсак, биз бу давлат билан минтақавий қўшнимиз (давлат чегарамиз бўлмаса-да) ва муҳим давлат. Хитой ҳукумати ёки давлати қай ҳолатда бўлмасин, ўша ҳолатни англаган, тушунган ҳолда мулоқотга киришиш – Ўзбекистоннинг вазифаси.

— Албатта, ҳар қандай давлатнинг ривожланиши у билан ёнма-ён давлат ёки у жойлашган минтақа ривожи билан боғлиқ бўлади. Ўзбекистон учун бир минтақада жойлашган мамлакат сифатида Хитойнинг иқтисодий ривожланиши ижобий феномен. Аммо 2017 йилдан бошлаб мамлакатда уйғурлар ассимиляцияси бошланди. Яъни иккинчи томондан Хитойга қараганда кўзимиз Урумчини кўради ва бизда ёқмайдиган бир ҳолат. Бу маънода Хитойни рақамли тоталитар давлат дейиш ҳам мумкин.

Хўш, бизда Хитойга нисбатан давлат стратегияси ва жамиятнинг қараши қандай бўлиши керак?

Фарҳод Толипов:

— Олдинги суҳбатлардан бирида айтганимдек, Марказий Осиё давлатларида ўзини заиф деб билиш комплекси бор. Ҳар қандай масалада шу комплексдан келиб чиқиб ҳаракат қилишади. Бу масалага шу томондан қараган бўлардим. Уйғурлар масаласи кўтарилганда, Марказий Осиё давлатлари ҳеч нарса дея олмади. Уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқлари масаласини кўтарган давлатлар фақат ғарб давлатлари бўлди. Ҳатто Туркия жим турди. Яъни Хитой билан стратегик шериклик уйғурлар масаласидан муҳимроқ, деган ёндашув билан.

Марказий Осиё туркий халқлари учун яқин бўлган, айниқса ўзбеклар учун энг яқин миллат – уйғурлар. Бефарқ қараб туролмаймиз. Хитойнинг уйғурларга бўлган муносабатини геноцид деб ҳам айтишмоқда баъзи халқаро кузатувчилар.

Шахсан ўзим уйғур ҳамкасбларим билан суҳбатлашганимда, уларда худди бизнинг СССР таркибида бўлганимиздаги каби руҳий ҳолатни сездим... Бу масалани фақат АҚШ ёки Европа давлатлари эмас, БМТ кўтарганда эди, шунда Халқаро ҳамжамият нуқтайи назаридан бўлгани учун Хитой бу масалага эътибор қаратар эди.

Камолиддин Раббимов:

— 2017 йилда АҚШда Доналд Трамп президент бўлгач, Хитойда уйғурларга нисбатан агрессив ассимиляция бошланди. Расмий Пекин коллектив ғарбда миллатчилар ҳокимият тепасига келяпти ва мана шу фонда уйғурларни тезда кучли босим билан агрессив ассимиляция қилиш имконияти пайдо бўлди, деган хулосага келади. Шундан сўнг уйғурларга нисбатан жудаям кўп тадбирлар амалга оширила бошланди.

Марказий Осиё давлатлари расмий Пекинга бу борада эътироз билдира олмайди. Чунки бизда ҳокимиятлар жамиятларга кучли боғланмаган, яъни демократик механизм шакллангани йўқ. Бешта республика аҳолиси ҳам Уйғуристон ассимиляция бўлишини истамайди, лекин бу кайфият ҳокимиятга чиқиши учун маълум муддат керак. Демократик институтлар шаклланиши лозим. Унгача эса бизнинг ҳокимиятлар нейтрал — эҳтиёткор бўлиб туради. ШҲТнинг биринчи стратегик вазифаси ҳам Марказий Осиё Уйғуристонни қўллаб-қувватмаслиги.

Минтақамизнинг стратегик манфаати нима? Бир неча ўн йилдан кейин Хитой минтақамизга жуда кучли давлат сифатида қўшни бўлиши керакми ёки аксинча, бизнинг манфаатларимиз Хитойнинг ичкарисига кирган бўлиб, Уйғуристон орқали Хитойга ҳам таъсир қилишимиз керакми, деган савол турибди. Менинг назаримда, яқин келажакда Уйғуристонни Хитой таъсиридан чиқариб олиш имконсиз. Лекин агрессивликни ўзгартириш туркий дунёга, мусулмон дунёсига, Марказий Осиёга боғлиқ деб ўйлайман. Бунинг учун эса ҳокимиятлар жамиятга кўпроқ эркинлик бериши керак. Яъни ижтимоий фаоллик, ватандошлик жамияти шу даражада бўлиши керакки, ҳокимиятлар стратегик манфаатни кўзлаб, жамиятдаги уйғурларга бўлган эътиборни бостириши керак эмас. Бугунги кунда шундай бостириш бор.

Уйғуристондаги вазият Қозоғистондаги ички сиёсатга айланиб улгурган. Чунки у ерда бир миллионга яқин қозоқлар бор. Қочиб келишганда, уларни ушлаб, Пекинга топширишган эди Назарбоев даврида, бу – даҳшат, аслида. Марказий Осиёдаги бешта республика босқичма-босқич авторитаризмдан воз кечиши ва Уйғуристон масаласида жамиятга эркинлик берилиши керак. Ва бу масалада Хитой босими бизга таъсир қилмаслиги лозим.

Аҳаджон Хўжаев:

— ШҲТ низомида ички ишларга аралашмаслик банди бор. Хитой қайси давлат билан дипломатик алоқага киришадиган бўлса, келишувга учта масалани киритади: Тайван Хитойнинг ажралмас қисми; сепаратизмга қарши; фундаментализмга қарши. Агар шу бандлар киритилган ҳужжат имзоланмаса, Хитой дипломатик алоқадан воз кечади.

Билишимча, кўп уйғурлар лагерларга олиб кетилган ёки қамалган. Хитой геосиёсий майдондаги, иқтисодий майдондаги ҳолати, хавфсизлиги масаласи юзасидан ҳар хил турланади. Шунинг учун ҳолатни аниқ билиб бўлмайди. Халқ орасидаги фикр давлатникига тўғри келмайди.

Уйғуристонга қарши ҳаракатларда терроризм ниқоб қилиб олинган. Шахсан ўзим айтилган гапларга бирдан ишонмайман. Аввало унинг тагини, асосини ўрганиб, кейин хулоса қилиш керак. Хитой тарихида ҳам, ҳозир ҳам баъзи нарсалар уюштирилади. Шунинг учун ҳам маҳаллий халқнинг ўзи айбдор дейиш қийин. Қўрқувдаги эзилиб ётган халқ ниманидир уюштириши оғир, биринчидан. Иккинчидан, назорат жуда кучли. Бу соҳада тадқиқотлар ҳам қилганман. Масалан, 50-йилларда ҳам сиёсий компаниялар тузилиб, миллий руҳи кучли кишилар турли айбловлар билан йўқ қилинган.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид