Жаҳон | 16:11 / 06.03.2023
13216
2 дақиқада ўқилади

Лондон: Россия 60 йил олдинги танклардан фойдаланишга мажбур бўляпти

Фото: Picture Alliance

Британия разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Украинадаги фронтда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги биринчи авлод танклари ва бронетранспортёрларидан фойдаланяпти.

Британия разведкаси маълумотларига кўра, оғир зирҳли транспорт воситаларининг етишмаслиги туфайли рус ҳарбийлари СССРда 1960- ва 1970-йилларда ишлаб чиқарилган, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги биринчи авлод моделларини консервациядан олиб ташлашга ва жанговар ҳаракатларда фойдаланишга мажбур бўляпти. 6 март, душанба куни Twitter’да эълон қилинган Украинадаги уруш бўйича шарҳда Британия Мудофаа вазирлиги Украинада вайрон қилинган техникалар 60 йил аввал ишлаб чиқарилган Т-62 асосий жанговар танклари билан алмаштирилганига ишора қилмоқда.

2022 йилнинг ёзидан буён ушбу турдаги 800 га яқин танклар омбордан олиб чиқилган, уларнинг бир қисми модернизация қилинган ва кўриш тизимлари билан жиҳозланган, бу уларнинг тунги вақтда самарадорлигини оширди, дейилади хабарда. Британия разведкаси маълумотларига кўра, Т-62 танклари ҳатто Россия Қуролли кучларининг асосий танк бўлинмаси бўлган 1-гвардия танк армиясига ҳам юборилиши мумкин. Илгари 1-ГТА «Армата» типидаги замонавий танклар билан қуролланиши тахмин қилинган эди, деб эслатади Лондон.

Бундан ташқари, сўнгги кунларда 1950-йиллар бошида ишлаб чиқилган ва 1954 йилда фойдаланишга топширилган БТР-50 танклари илк бор Украинадаги жанг майдонида кўриниш берди, дея хабар қилмоқда Британия Мудофаа вазирлиги. Уларнинг ишлаб чиқарилиши 1970-йилларда тўхтатилган. Ушбу иккала ҳарбий техниканинг «эски» моделлари замонавий жанглар шароитида жуда заиф, деб ёзади идора ва улар замонавий реактив зирҳга эга эмаслигини таъкидлайди. 

Айни пайтда, Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, 6 март ҳолатига кўра, Россия кучлари 3 423 та танк ва 6 703 та зирҳли жанговар техникасини йўқотган. 

Мавзуга оид