Ўзбекистон | 20:24 / 14.03.2023
13255
4 дақиқада ўқилади

ССВ «Star Med» клиникаси вақтинча ёпилгани ҳақида расман маълум қилди

Мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган. Клиника вазирликка 14 март кунидан 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақида маълум қилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори билан лицензияси тўхтатилган «СтарМедЦентр» клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги блогер Ф.Маннопов вафоти юзасидан «OMAD PLYUS» МЧЖга қарашли «СтарМедЦентр» клиникасида текширувлар олиб борилаётганини, шу сабабли муассаса фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.

Шундан сўнг айрим интернет нашрларида мазкур хусусий клиника ҳали ҳам ишлаётгани, вазирлик эса жамоатчиликка нотўғри ахборот тақдим этгани юзасидан хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган сифатида тиббий фаолият учун лицензия бериш жараёнини ташкил этишда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган принципларга, хусусан, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини сақлашнинг, жамоат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлигига амал қилган ҳолда лицензиатлар томонидан лицензия талабларига тўлиқ мувофиқлик таъминланишини назорат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда айни пайтда вазирлик тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Ф.Маннопов вафоти юзасидан пойтахтимиздаги «СтарМедЦентр» клиникасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Дастлабки текширув маълумотларига кўра, мазкур тиббиёт муассасасида бир қатор лицензия талаб ва шартларига номувофиқликлар аниқланган.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом»нинг 40-бандига асосланиб, вазирликнинг жорий йил 11 мартдаги 33-06795-сонли қарори билан «OMAD PLYUS» МЧЖга 2021 йил 16 февралда тиббий фаолият учун берилган 27390032-сонли лицензия талаблари ва шартлари бузилгани ҳамда келгусида салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида вақтинча тўхтатилган.

Бу ҳақдаги маълумот эса вазирликнинг 33-06793-сонли хати билан шу йил 11 март куни мазкур клиниканинг электрон шахсий кабинети ва телефон рақамига SMS орқали юборилган. Қолаверса, 13 март куни тегишли ҳужжатлар қоғоз шаклида такроран клиниканинг почта ва фаолият манзилига жўнатилган.

Қолаверса, Адлия вазирлигининг мазкур реестрида ҳам ушбу ташкилотнинг лицензияси тўхтатилганини кўриш мумкин», дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарори билан «OMAD PLYUS» масъулияти чекланган жамиятига тегишли ушбу хусусий тиббиёт муассасаси 2023 йил 14 март кунидан бошлаб, 10 кун муддатга ўз фаолиятини тўхтатганини вазирликка маълум қилган.

  • Эслатиб ўтамиз, Mittivine тахаллуси билан ижод қилган Фарҳод Маннопов ўлимидан бир неча кун аввал чўмилаётганда бошини бассейн деворига қаттиқ уриб олиб, бурни синган, шундан сўнг операция столига ётган вайнер комага тушиб қолиб, вафот этганди.
  • Ижтимоий тармоқларда Фарҳод Манноповнинг ўлимига наркозни кўп бериб юбориш сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
  • 6 март куни вайнернинг вафоти юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши очилгани маълум қилинди.

Мавзуга оид