Жамият | 14:00 / 18.03.2023
32178
4 дақиқада ўқилади

Навоийдаги Сентоб қишлоғига расман «туризм қишлоғи» мақоми берилди

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Навоий вилоятининг Нурота туманида «Cентоб» туризм қишлоғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода ҳамда туман фаоллари иштирок этишди.

«Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда, хусусан, Сентоб қишлоғини «туризм қишлоғи»га айлантириш йўлида 200 га яқин ишсиз аҳоли, жумладан хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди. Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд. Сентоб қишлоғига мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда», деди тадбирни очиб берган Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев.

Шунингдек, тадбирда Маданият ва туризм вазирлиги вакили Лола Раҳмонбоева сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътибор, сайёҳликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқларининг соҳа ривожидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Лола Закирлаева туризм қишлоқларининг соҳа ривожидаги ўрни, уларда оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил қилиш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда унинг Навоий вилоятидаги бўлинмаси ташаббуси билан Сентоб қишлоғида бугунга келиб 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 та ҳостел фаолият кўрсатмоқда. Уларга белгиланган стандартлар асосида меҳмон уйлари номи туширилган кўрсаткичлар ўрнатилди. Айни дамда туризм қишлоғида 15 дан ортиқ туристик хизмат йўлга қўйилган», дейди у.

Шундан сўнг Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари томонидан Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиевга Сентоб – туризм қишлоғи эканлигини расман тасдиқловчи сертификат ва ташаккурнома топширилди. Шу билан бирга, «Сенто» МФЙ раиси Мурод Мирзоев ҳам ташаккурнома билан тақдирланди.

Тожикистоннинг Ўбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода тадбирда сўзга чиқиб, Сентоб қишлоғи аҳолисини туризм қишлоғи мақоми билан табриклади.

Туризм қишлоғи очилиш маросимида, шунингдек, миллий қадрият ва анъаналаримиз ўз аксини топган маданият ва спорт дастурлари ҳам намойиш этилди.

Фото:  Министерство Туризма и культурного наследия

Бундан ташқари, қишлоқ аҳли томонидан Наврўз байрамининг асосий таоми ҳисобланган сумалак тайёрланди.

«Таъкидлаш жоизки, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоқга олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди. Шу билан бирга, тунги ёритиш чироқлари, икки пиёдалар кўприги, икки селфи ҳудуд, уч санитария-гигиена шохобчаси, Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, бир туристик ахборот маркази қуриб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди. Оилавий меҳмон уйлари ва ҳостелларга белгиланган стандартлар асосида кўрсаткичлар ўрнатилди», дейилади Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

 

Мавзуга оид