Ўзбекистон | 18:50 / 20.03.2023
16320
6 дақиқада ўқилади
Реклама

“Навоийуран” давлат корхонасида Наврўз сайиллари ўтказилди

“Навоийуран” давлат корхонаси таркибий бўлинмаларида Наврўз сайиллари ўтказилди. Байрам муносабати билан корхонада “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. 

Фото: Навоийуран

Корхона бошқармаси ва Уран ишлаб чиқариш заводи ишчи-ходимлари иштирокида ташкил этилган байрамона тадбир жамоа аҳлига баҳорий кайфият улашди. Бошқармада айёмни муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрилди. Корхона ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.  

Байрамга ташриф буюрган корхона раҳбари Жаҳонгир Ҳасанов тадбир қатнашчиларини байрам билан табриклади. 

“Фарҳод” маданият саройининг бадиий жамоалари ва хонандалари томонидан ижро этилган баҳор, ёшлик ва Наврўзни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ҳамда фольклор гуруҳининг чиқишлари барчага бирдек қувонч улашди. 

Байрам муносабати билан бошқарма бўлимлари ва Уран ишлаб чиқариш заводи ишчи-ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ҳам ташкил этилди. 

Зафарободда катта байрам сайли 

“Навоийуран” давлат корхонасининг асосий бўлинмаси жойлашган Зафаробод қўрғонида ҳам байрам нишонланди. Корхона янги тузилма сифатида жорий йилда ўзининг иккинчи баҳорини қарши олди. Ўтган йилги анъанани давом эттирган ҳолда бу йил ҳам Наврўз байрамини корхонанинг кўп минг сонли жамоаси, қолаверса, Зафаробод қўрғони аҳли катта байрам сайли кўринишида нишонлашди. Байрам сайиллари корхонанинг Навоий, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод майдонлари меҳнат жамоаси томонидан тайёрланди.  

Хусусан, байрам сайлида миллий ҳунармандчилик ва пазандачилик павильонлари, ярмаркалар, шунингдек, гала-концерт, дорбозлар ўйини, миллий спорт ўйинлари ташкил этилди. Корхона бўлинмалари ўртасида турли хил танловлар ўтказилди. Тадбирга таниқли хонандалар, жамоат арбоблари таклиф этилди.

Баҳор элчиси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган байрам олдидан “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. 

Байрам дастуридан ўрин олган мушоиралар, турли мусобақалар, кўргазмали чиқишлар йиғилганларга ҳам, танлов ҳакамлар ҳайъатига ҳам бирдек манзур бўлди.

Якунда “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишланган “Умумхалқ сайлини ташкил этиш бўйича энг яхши бўлинма” танлови энг кучли 3 та жамоаси ҳамда "Энг яхши дастурхон", "Энг яхши миллий либослар", "Энг яхши инновацион ғоя", "Энг яхши миллий урф-одатлар", "Энг яхши тақдимот", "Энг яхши ташкилотчи" каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, корхона раҳбарияти ва 6-Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, НКМК Касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ташкил этилган “Меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши жамоатчилик вакили” ҳамда “Ишларнинг энг яхши ташкилотчиси, қонун ва қоидалар билимдони” танловлари ғолиблари муносиб рағбатлантирилди. 

Наврўз сайлида кончи ва геологлар бир даврага жам бўлди 

Жорий йилнинг 19 март куни Навоий шаҳридаги "Сўғдиёна" ўйингоҳида "НКМК" АЖ, “Навоийуран” ДК, "НКМК жамғармаси" ДМ ишчи-ходимлари иштирокида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган Наврўз сайли бўлиб ўтди. 

Ушбу байрам сайлида "Навоийуран" ДК меҳнат жамоаси томонидан махсус павильон ташкил этилиб, "Ёшлик" маданият саройи фольклор-этнографик жамоасининг чиқишлари, миллий таомлар ва либослар кўргазмалари, инновацион ишланма ва рационализаторлик таклифлари намойиш этилди. 

Наврўз сайлида “Умумхалқ сайлини ташкил қилиш бўйича энг яхши бўлинма” танлови ҳам бўлиб ўтди. 

Танловнинг натижаларига кўра, ишчи-ходимлари 500 кишидан ортиқ бўлган гуруҳда "Навоийуран" давлат корхонаси ГРАН-ПРИ соҳиби бўлди.

Меҳнат фахрийлари ва нуронийларга эҳтиром кўрсатилди

Кармана туманидаги "Оқшом" тантаналар масканида, Учқудуқ туманидаги "Оазис" ресторани, Нуробод шаҳридаги "Дийдор" тўйхонаси ҳамда Зарафшон шаҳридаги "Евроазия" ресторанида бўлиб ўтган тадбирларда ҳам кончилик ва металлургия ҳамда уран саноати соҳасида кўп йиллар меҳнат фаолиятини олиб борган бир гуруҳ пенсиядаги фахрийлар таклиф этилиб, уларга иззат-икром кўрсатилди, дошқозонларга ош дамланиб, байрамона дастурхон безатилди.

“НКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК ва “НКМК жамғармаси” ДМ меҳнат фахрийларининг тажрибалари доимо ёшларга намуна мактаби бўлиб келгани, уларнинг фидойилик билан соҳа ривожи йўлида олиб борган ишлари сабаб кўплаб ютуқларга эришилгани эътироф этилди.

Ижтимоий ҳимоя корхона стратегик мақсадларининг асоси

“Навоийуран” давлат корхонасининг асосий бойлиги бўлган ишчи-ходимларни, меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш биринчи даражали вазифасидир. Наврўз байрами муносабати билан корхона раҳбарияти ва 6-Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга мухтож ишчи ходимлар ва пенсионерларга байрам кайфияти улашиш мақсадида уларнинг хонадонларига борилиб, ҳолидан хабар олинди ва озиқ-овқат тўпламлари етказилди. 

Шунингдек, барча таркибий бўлинмалар, геотехнологик конлар, цех ва заводларда байрам концерт дастурлари намойиш этилиб, байрам дастурхони ёзилди ҳамда ош тортилди. Уларга ишчи-ходимлар таклиф этилиб, байрам билан қутланди. 

Мавзуга оид