Жаҳон | 17:21 / 05.04.2023
34162
4 дақиқада ўқилади

Тармоқларда янги ваҳима: Зомби вирус – бу фейк

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Хитойда зомби вирус тарқалгани ва уни юқтириб олганлар поездларда одамларга ҳужум қилаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Kun.uz навбатдаги ваҳимали фейк қаердан пайдо бўлгани билан қизиқди.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган зомби вирус ваҳимасига оид видеолар кўплаб фойдаланувчиларни ташвишга солди.

Аввалига бошқа давлатларда тарқатилган зомби вирус ваҳимаси, Ўзбекистондаги Telegram-каналларга ҳам етиб келди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган постлар

Лекин бу хабарлар – ёлғон. Тармоқларда тарқатилаётган кадрлар 2022 йил август-сентябр ойида Индонезияда ташкил қилинган “Апокалипсисга поезд” номли шоу дастуридан олинган.

“Апокалипсисга поезд” шоусидан. Фото: “Box Pandora” Instagram саҳифаси

Гап шундаки, тирбандликлар ва шаҳарнинг ифлосланиши – Индонезия пойтахти Жакартанинг оғриқли муаммосидир. Тадбир ташкилотчилари “Апокалипсисга поезд” шоусини ёшларни жамоат транспортига қизиқтириш учун ташкил қилишган. Тадбирда зомби ролини ижро этган актёрлар жамоаси оқ кўзлари, қонга бўялган юзлари билан, оёқларини зомбилар каби судраб қўрқитишади. Ўйинчоқ милтиқ кўтарган ҳарбийлар гўёки “омон қолган” йўловчиларни хавфсиз жойга кўчиради.

Тадбирда зомби ролини ижро этган актёрлар. Фото: “Box Pandora”

Дастур ташкилотчиси Билли Жуниорнинг сўзларига кўра, “Апокалипсисга поезд” Индонезиядаги “зомби поездда саёҳат қилиш” тажрибасини таклиф қиладиган биринчи театрлаштирилган концепциядир. Зомбилар қуршовидаги қўрқинчли муҳит ёшларга жамоат транспортида чексиз адреналиндан баҳраманд бўлишига ёрдам беради.

Шоуда иштирок этиш нархи 4,7 доллар этиб белгиланган.

Жакарта расмийлари ҳам “Reuters” нашрига ижтимоий тармоқлардаги видеолар шоудан олинганини тасдиқлаган.

Тадбир ташкилотчиси “Pandora Box” Instagram'даги саҳифасида реклама ҳамда шоудан бир нечта видеоларни жойлаштирган.

Айтиш керакки, ташкилотчилар тадбир ғоясини Жанубий Кореянинг машҳур “Пусанга поезд” филмидан олган. Филмда зомбилар босиб кетган йўловчи поезди тасвирланган.

Агар тармоқларда тарқалаётган видеоларга аҳамият берилса, фейк хабар тарқатувчилар хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам зомби вирус тарқалгани ҳақида маълумот бераётганини айтишган. Бироқ бу ҳам нотўғри.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

АҚШнинг CNN телеканали сайтида 2023 йил 8 март куни эълон қилинган мақолада айтилишича, олимлар абадий музликларда 48,5 минг йил давомида музлаган ҳолатда бўлган зомби вирусини жонлантирган. Лекин жонлантирилган вирус хавфли эмас, чунки у одамлар ёки ҳайвонларга эмас, фақат бир ҳужайрали амёбаларгагина таъсир қила олади. Француз олими Жан-Мишел Клавери хавфсизликни ўйлаб, жонлантириш учун хавфли бўлмаган вирусни танлаган.

Фото: Жан-Мишел Клавери

Қадимий вирусни жонлантиришдан мақсад – уларни ўрганиш ва кутилмаган хавфларга тайёр туриш. Чунки, иқлим ўзгариши абадий музликларга жиддий таъсир қиляпти. Айниқса, Арктикада ҳаво ҳарорати дунёнинг бошқа жойларига қараганда 4 баробар тезроқ исияпти. Бу эса музликлар эриши оқибатида қадимий вирусларнинг уйғониши эҳтимолини келтириб чиқаради. Олимлар бундай вирусларни ўрганиш орқали улар қанчалик хавфли ёки хавфсиз эканини аниқлашга ҳаракат қилишяпти.

Қисқа қилиб айтганда, асрлар давомида музлаган ҳолда қолаётган вируслар қайта тирилиши мумкинми, агар тирилган тақдирда касаллик келтириб чиқара оладими – бу саволлар ҳали очиқ турибди. Лекин шуниси аниқки, зомби вирус тарқалиб кетиши туфайли оғир оқибатлар кузатилаётгани ҳақидаги хабарлар фейкдан бошқа нарса эмас.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид