Ўзбекистон | 14:21 / 06.04.2023
14937
2 дақиқада ўқилади

Абдурасул Абдуллаев: «Заковат» учун битта зал беришларини 22 йил кутдим»

Конституцияга киритилаётган ўзгартишларга бағишланган «Zakovat Quiz» ўйинида «Заковат» телеўйини бошловчиси Абдурасул Абдуллаев сўзга чиқиб, машғулот ўйинларини ўтказиш учун каттароқ зал берилишини йиллаб кутгани, битта хонада 45та жамоа ўйнаган вақтлар бўлгани ҳақида гапирди.

5 апрел куни Тошкент шаҳрида Конституцияга киритилаётган ўзгартишларга бағишланган «Zakovat Quiz» ўйинлари бўлиб ўтди. Унда «Заковат» телеўйини бошловчиси Абдурасул Абдуллаев ҳам сўзга чиқиб, ўйинни ривожлантириш учун бошидан ўтказган қийинчиликлар ҳақида гапирди.

«22 йил олдин битта хонамиз бўлар эди. 15-16 гуруҳ зўрға сиғарди. Шу хонага 45та жамоа йиғиларди. 15та жамоа тикка туриб ўйнарди. Шароит нол эди. «Заковат»да экранга чиқиб юрадиган машҳур билимдонларга ҳам жой йўқ эди. Чунки ким вақтли келса, ўтириб оларди. 3 соат олдин келиб жой олиб қўйишарди.

Ўша пайтда Олий таълим вазирлиги эшигини бузганман. Пул, совға ёки ҳомийлик эмас, ҳафтасига бор-йўғи 3 соат шуғулланиш учун каттароқ зал қилиб беришларини сўраганман. Улар мени зал қилиб беришга ишонтириб, қайтариб юборишарди. 1 ой, 3 ой, ярим йил кутардим. Кейин Фармонбибининг келинига ўхшаб «чучварани хом санаганим»ни билганман. Кутиб-кутиб, бугун шу кунларга етиб келдик.

Мана президентимиз ваъда қилганидек, шу бинога эга бўлдик. Бу иш ҳали дебоча. Бизга «Янги Ўзбекистон» боғидан ҳам 3 гектар ер ажратиб берилиши ва «Заковат шаҳарчаси» қурилиши ҳам айтилган. Ана шу кунларга ҳам оз фурсатлар қолди», – деди Абдуллаев.

Абдурасул Абдуллаев конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмаслигини таъкидлаб, жамоатчиликни референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

Мавзуга оид