Жамият | 18:50 / 06.04.2023
17709
5 дақиқада ўқилади
Реклама

Навоийда геологлар куни кенг нишонланди

Ҳар йили апрель ойининг биринчи якшанбасида геологлар ўзларининг анъанавий касб байрамини нишонлашади. Сана муносабати билан Зафаробод қўрғонида ўтказилган байрам тадбирига “Навоийуран” давлат корхонасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган соҳа фидойилари, фахрийлар, геология соҳаси ходимлари таклиф этилди.

Фото: Навоийуран

Геология соҳаси мамлакатнинг минерал-хом ашё базасини ривожлантиришда, ер қаърини ўрганиш ва разведка қилишда, фойдали қазилма конларини очишда алоҳида аҳамиятга эга йўналишлардан бири саналади.

Маъданшуносларнинг дунё тараққиётига қўшган ҳиссаси жуда юқори. Боиси, геологлар давлатнинг энергетик салоҳияти, минерал-хом ашё захираларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, Давлатимиз раҳбари томонидан касб байрами сифатида махсус куннинг белгиланишида ҳам уларга ўзгача ҳурмат ва эътироф мужассамдир.

Зафаробод қўрғонидаги “Ёшлик” маданият ва спорт марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ҳам соҳа ходимларининг машаққатли ва шарафли меҳнатлари эътироф этилди.

Тадбир аввалида корхона бош директори Жаҳонгир Хасанов тизимда меҳнат фаолиятини олиб бораётган геологлар, геотехнологлар, маркшейдерлар ва геофизикларга байрам табригини йўллади.

Шундан сўнг, корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда сана муносабати билан бир гуруҳ ишчи-ходимлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг Фахрий ёрлиғи ҳамда “Навоийуран” ДК раҳбариятининг Фахрий ёрлиғи, “Ташаккурнома”лари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Ҳозирги кунда бизнинг геология қидирув экспедициямиз “Зиёдин-Зирабулоқ” майдони бўйича уранга дастлабки қидириш ва разведка ишларини асосан 5 та лойиҳа асосида олиб бормоқда, - дейди “Навоийуран” ДК “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш маркази “Зирабулоқ” геология-қидирув экспедицияси геология хизмати бошлиғи Достонбек Бўрибоев. - Ушбу касбда ишлаётганимга 12 йил бўлган бўлса, давлатимизнинг минерал-хом ашё базасини бойитишда ўзимнинг 4 та лойиҳам ва 3 та геология ҳисоботим билан ҳиссамни қўшдим. Ҳозирги кунда жамоамиз билан биргаликда олдимизга қўйилган барча вазифа ва мажбуриятларни аъло даражада сифатли бажаришга ҳаракат қилиб келаяпмиз. Бугун бутун дунё яшил энергияга ўтмоқда. Шу боис, келажакда барқарор яшил энергия манбаи бўлган уран саноатини янада ривожлантириб, давлатимиз захирасини бойитиш, янги конларни излаб топиш ва уларни ўзлаштириш олдимиздаги энг катта мақсадларимиздан биридир.            

2015 йили Ўзбекистон Миллий университетининг геология факультетини тамомлаб, “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш марказида 8 йилдан буён меҳнат фаолиятимни олиб бораётган Санжар Кенжаев ҳам ушбу тадбирда “Навоийуран” давлат корхонаси раҳбариятининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

“Ҳозирда илмий ишлаб чиқариш марказининг 1-тоифали геологи бўлиб ишлаяпман, - дейди С.Кенжаев. - Оддий қишлоқда вояга етганман. Болалигимдан қишлоғимизга геологлар кўп боришарди. Уларнинг табиат қўйнида олиб борган ишлари менга жуда қизиқ туюлган ва шундан менда ушбу касбга қизиқиш уйғонган. Шу пайтда менда мақсад бўлган. Бугун шу мақсадима етиб, ўзим севган касбда ишлаяпман. Бугун озми-кўпми меҳнатларим эътироф этилиб, тақдирлашди. Мен бундан жуда ҳам хурсандман. Келажакда албатта янги лойиҳалар, янги конлар устида иш олиб бориш ниятидамиз”.  

“Бугун ажойиб байрамлардан бири геология соҳаси ходимлари куни нишонланмоқда. Мен геолог эканлигимдан, мана шу соҳада ишлаётганимдан фахрланаман. Байрам муносабати билан бизнинг меҳнатларимизни эътироф этиб, раҳбарият томонидан автомашина топширилди. Мен бундан жуда ҳам хурсандман, - дейди “Навоийуран” ДК “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий ишлаб чиқариш маркази “Букантоғ” геология-қидирув экспедицияси бошлиғи Ортиқ Шарипов. - Сўнгги йилларда “Букантоғ” геология-қидирув экспедициясида янги конлар, янги участкалар очилди. Мисол учун, “Минглибой”, “Қизилқоқ” участкаларини айтиб ўтишим мумкин. Ҳозирда шу участкаларимизда уранни қидириш ишлари олиб бориляпти. Жорий қиш фасли жуда қаттиқ келганига қарамасдан, ишчи-ходимларимиз ўз олдиларига қўйган вазифаларни, чин юракдан уддалашди.

Тантанали тадбир давомида маданият уйи бадиий жамоалари ҳамда хонандаларининг куй-қўшиқ ва рақслари барчага бирдек байрамона кайфият улашди. Зеро, Она заминимиз қаъридаги бойликларни излаб топиш ва уларни ишлаб чиқаришга йўналтиришдек масъулиятли ва шарафли касб соҳибларининг меҳнатларини ҳар қанча эътироф этса арзийди.

 "Навоийуран" давлат корхонаси ахборот хизмати.

Мавзуга оид