Фарҳод Манноповни операция қилган шифокорда малакавий тоифа бўлмаган – манба
Блогер Фарҳод Маннопов ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижалари маълум бўлди: беморга тиббий хизмат кўрсатган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмаган.
Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижалари маълум бўлган. Бу ҳақда Yuz.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган ягона Низомда белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган. Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган Star Med Center клиникасида беморга анестизиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Анестизиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган.
Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиққан. Унга операция вақтида пластик жарроҳ шифокори сифатида хизмат кўрсатган шифокор Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йил 17 июнда тугатган.
Мазкур мутахассиснинг иш стажи беш йил бўлмаганлиги учун ундан даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишида тиббий фаолият юритиши, шунингдек, пластик жарроҳлик бўйича амбулатор шароитда беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмаган. Бироқ у бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган. Лекин “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан пластик жарроҳ шифокори Э.A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган.
Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.
Бош прокуратура матбуот хизмати Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Фарход Маннаповнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани тўғрисида хабар берди.
Тергов давомида жарроҳлик амалиётини ўтказган клиника шифокорлари, анестезиолог ҳамда марҳумнинг танишлари, шунингдек, жами 15 нафар шахс гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.
Шу билан бирга, жиноят иши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига тайинланган хизмат текшируви хулосаси олиниб, жиноят иши ҳужжатларига қўшилган.
Бундан ташқари, жиноят иши доирасида мураккаб экспертизаларни ўтказиш жараёни кетмоқда.
«Дастлаб олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида 2013 йилда ушбу клиникада яна бир шахс жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этганлиги ҳақида кўрсатма олинган.
Бироқ, тергов давомида ушбу важ ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» бандидан 116-моддаси 3-қисмига қайта малакаланган.
Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади», дейилган хабарда.
Мавзуга оид
18:33 / 29.11.2024
Блогер Фарҳод Манноповнинг вафотида икки шифокор айбли деб топилди
20:10 / 24.10.2023
Фарҳод Маннопов ўлими билан боғлиқ суд жараёни ОАВ орқали ёритилмайдиган бўлди
17:42 / 27.09.2023
Фарҳод Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши судга оширилди
11:47 / 15.07.2023