“Тизимсизлик” — Тошкентнинг дренаж муаммоларига ечим борми?
Ҳар йили ёғингарчилик мавсумларида, айниқса, баҳор-куз ойларида Тошкентнинг дренаж тизимидаги муаммоларни ҳар бир киши ўз танасида ҳис қилмоқда. Кучли бўлмаган ёмғирда ҳам талафотли сув тошқинлари юзага келмоқда. Kun.uz’га интервью берган шаҳарсозларга кўра, пойтахт бош режаси тузилмас, объектлар шунга мувофиқ қурилмас экан, масала жиддийлашиб бораверади.
Kun.uz Тошкент шаҳри дренаж тизимидаги муаммоларнинг келиб чиқиш сабаби, ечимларини таҳлил қилиш мақсадида шаҳарсозлар Темур Аҳмедов ва Искандар Солиев билан суҳбатлашди. Мутахассислар дренаж ҳақида гапирар экан, унинг сув хўжалиги тизимидек бошқарилиши кераклигини va ва бунинг учун эса шаҳар бош режаси бўлиши шартлигини айтмоқда.
– Дастлаб дренаж тизими нима экани ва у қандай йўлга қўйилиши, қандай ишлаши кераклиги ҳақида гаплашсак. Муаммонинг кўламидан келиб чиқсак, дренаж фақат ариқ ва лотоклардан иборат эмас, шундайми?
Темур Аҳмедов: Тўғри, худди шундай. Фақатгина дренаж тизимини эмас, умумий сув экотизими ҳақида гапириш керак. Бизда яшил зона, дарахтлар, кичкина ариқлар, ҳовуз ва катта ариқлар бўладими – буларнинг ҳаммаси 2 минг йилдан бери мавжуд тизим ҳисобланади. Одамлар 2 минг йилдан бери бор бўлган сув тизимини бошқариб келган. Шунинг учун улар қишлоқ хўжалиги билан ҳам шуғуллана олган.
Бунда фақатгина сувни бир жойдан, бошқа жойга олиб бориш эмас, балки унинг ерга шимилиб кетиши, ўсимликларга етиб бориши ҳам инобатга олинади. Мана шу жиҳатлар ҳисобга олинсагина, тизим яхши ишлайди. Шу cабабли ҳам бу дренаж тизими эмас, балки умуман сув хўжалиги тизими ҳисобланади.
Менимча, ёғингарчиликдан кейин қайсидир жойда сув йиғилиб қолганига эътибор қаратиш нотўғри. Албатта, ўша йиғилган сувни насос билан чиқариб ташласа бўлади, лекин нима учун бу сув келаётгани, уни қаерга йўналтириш кераклиги, ўзи сувнинг айнан шу ҳудудга йиғилиши тўғрими каби саволларга жавоб берилиши керак, муаммонинг таг сабабларини ўрганиш керак бўлади.
Искандар Солиев: Ирригация-дренаж тизимидаги сув йўлларни уч хил тоифалаш мумкин: магистрал йўллар (Солар, Анҳор, Чиғатой), ўртача боғловчи ариқлар ва кичик сув йўллари.
Муаммонинг кўламига назар ташланса, олдинги йилларга нисбатан сув тошадиган нуқталар сони ортиб бормоқда. Эътибор берилса, сув тошиши кўпроқ янги қурилаётган ҳудудларда бўляпти. Илгари ўша ҳудудлар сув сингиб кетадиган жойлар бўлган. Янги қурилишлар ҳисобига у жойлар ҳам бетонлашяпти, асфальтлашяпти. Лотокларнинг эса интеграцияси йўқ, аслида сув кетадиган жойлар бир-бирига боғланган бўлиши ва сув қаердандир чиқиб кетиши керак. Шунақа ўйламасдан лойиҳалаш давом этса, муаммолар кўпайиб бораверади.
— Тошкент шаҳар янги ҳокими Шавкат Умрзоқов Kun.uz’га берган интервьюсида дренаж муаммоларига қурилишлар сабаб бўлаётганини, қайсидир маънода аҳолининг айбдорлигини айтганди. Балки, бу жараёнда тадбиркорлар ҳам ҳиссадор ҳисобланар? Аслида муаммонинг таг илдизи қаерда?
Темур Аҳмедов: Тадбиркор ҳам аслида аҳолининг бир қисми. Улар қоида бўйича ишлашади. Яъни кимгадир дўкон ёки бошқа объекти учун ер ажратилса ва ўша ерда қурилишни бошласа, қандайдир қонун-қоида асосида ишланади. Уни ҳокимият, Қурилиш вазирлиги назорат қилиб боради. Кейин инспекция стандартлар асосида қурилаётгани ёки акси эканини текширади. Тўғри, тадбиркор қоидани, стандартни бузиши мумкин, лекин талаб шаҳардан, Қурилиш вазирлигидан келиши керак. Охирги бир неча йилдан бери бош режа ҳақида гапирамиз. Бундай талаблар бош режада акс эттирилади.
Қурувчи бирор ҳудудда иш бошласа, фақат ўша жойгагина жавобгар бўлади. Қурилиш давомида сув кетадиган ариқлар бошқа ҳудудлардагисига уланмас уланмаса, мана шу жараёнда муаммо шаҳарникига айланади. Бу муаммони қурувчининг ўзи юзага келтиргани йўқ, у ёзиб берилган қонун-қоида асосида ишлайди. Шу қоида бўйича ўзига қарашли ҳудуддаги лотокларни ўрнатади. Бу лотокнинг бошқа лотокларга қандай уланиши, сув қаердан келиб, қаерга кетиши эса унинг муаммоси эмас. Шунинг учун шаҳарнинг, туманнинг ёки бир нечта бинонинг комплекс равишда бош режаси тузилиши, талаб барибир шаҳар (ҳокимият)дан келиши, қоидасини тузиб бериши керак. Шундан кейин аҳолидан, тадбиркордан талаб қилса бўлади. Ҳозир шаҳарда қоида йўқ.
Мен қурилиш маданияти нима эканини яхши тушунаман, тўғри, одамларимизда ҳам қўл силташ бор, қуриб битказиб бўлган жойини қайта бузгиси келмайди, лекин аҳолида ҳам тушунча бўлиши керак, чунки улар қураётган бино – шаҳарнинг бир қисми. Шундан сўнг кейинги қадам назорат бўлади. Бошида лойиҳа ишлаб чиқилётганда назорат бўлиши керак, қуриб бўлингандан кейин назорат қилиш қийин.
Искандар Солиев: Биринчи ўринда бош режа, бир неча йиллик стратегия бўлиши керак. Унда асосий жиҳатларга эътибор берилиши, сув тизими, экологияси ва бошқа томонлари ҳисобга олиниши керак. Бизда бир неча йилдан бери бош режа қилингани йўқ. Тез-тез алмашаётган амалдорлар олдинги ишни давом эттиролмай, яна бошидан қилишга уриняпти. Менимча, муаммонинг сабаби шунда. Аслида, ким алмашишидан қатъи назар тизим ишлаши керак. Яъни бош режа бўлиши керак. Шунда 50-амалдор келадими, нечанчиси келса ҳам бош режага қараб ишни бошлаб олар эди. Шу нарса етишмаяпти. Бизда тизим йўқ, оқибатда қурилишлар сабаб сув тошадиган нуқталар кўпайиб кетаверади. Дейлик, ўртамиёна ҳудудда қурилаётган бирорта объект баланд қилиб қурилмоқда, унинг катта ҳажмдаги сувлари чиқиб кетиши керак. Объект эса эски тизимга уланиб қўйган бўлади, текширув бўлмайди, коллекторлар узоқроқ бўлса, уни ўтказмаслиги мумкин. Тизим бўлиб, ҳамма нарса аниқ ва тушунарли қилинса, қурилишни текшириш ҳам осон бўларди.
Интервьюни тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
13:35 / 20.12.2024
Дам олиш кунлари ёғингарчилик кутилмайди
12:01 / 17.12.2024
Ҳафта охирида Ўзбекистонга яна совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда
20:48 / 15.12.2024