Аксилкоррупция агентлиги директори олган совғалар ҳақида маълумот берилди
Акмал Бурҳонов агентлик директори сифатидаги фаолиятининг бошидан 2023 йилгача 8 та совға олгани маълум қилинди. 4 та расм ва 4 та сувенирнинг умумий қиймати 14 млн 570 минг сўмга баҳоланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов бу лавозимга тайинланган 2020 йил июлидан то 2023 йилга қадар хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан 8 та совға олган. Агентлик уларнинг умумий қийматини 14 млн 570 минг сўмга баҳолаган. Бу ҳақда идора расмий сайтида маълумот берилди.
Агентликнинг совғалар реестрида фақат директор Акмал Бурҳоновга берилган совғаларни кўриш мумкин. Улардан тўрттаси деворга осиладиган сурат, қолган тўрттаси стол устига қўйиладиган сувенир.
Совғаларнинг энг қимматбаҳоси – ёғоч устига ўрнатилган, металлдан ишланган ҳайкалча (эни 21 см, бўйи 15 см). Ҳадяни Миср Араб Республикасининг Маъмурий назорат идораси тақдим этган. Агентлик сувенирни 3 млн 200 минг сўмга баҳолаган.
Қимматлиги бўйича иккинчи совға – 2,5 млн сўмга баҳоланган сурат. 50х70 см ўлчамдаги, ёғочга қадимий нақшлар акси туширилган расмни Бурҳоновга Тожикистон Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги совға қилган.
Реестрга киритилган бошқа совғаларнинг қиймати 1 млн 400 минг сўмдан 1 млн 650 минг сўмгача баҳоланган. Улар Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистоннинг коррупцияга қарши курашиш бўйича органлари томонидан ҳадя қилинган.
Аксилкоррупция агентлигининг сайтига жойланган совғалар реестри тегишли ҳужжатда кўрсатилганидан фарқ қилади. Сайтдаги реестрда совғалар берилган сана ва берилиш сабаби (муносабати) кўрсатилмаган.
Ўзбекистонда ўтган йили қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан давлат хизматчиларининг совға олиши масаласи ҳуқуқий тартибга солинган эди.
Шу асосда “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинган.
Низомга кўра, қиймати 4 БҲМ (ҳозирда 1,2 млн сўм)гача деб топилган совғалар давлат хизматчисида қолдирилади. Ундан юқори қийматга эга совғалар давлат органи балансига кирим қилиниб, шу орган эҳтиёжлари учун ишлатилади.
Ҳозирча Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан бошқа давлат идоралари қабул қилинган совғалар ҳақидаги маълумотларни очиқламади. Қонунчиликда бу борадаги маълумотлар очиқланишига оид талаб йўқ.
- Маълумот учун, давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
12:00 / 11.12.2024
Нетаняҳу коррупция бўйича иш юзасидан судда кўрсатма беришни бошлади
21:00 / 09.12.2024