Жаҳон | 07:48 / 17.05.2023
18548
2 дақиқада ўқилади

Олаф Шольц "бошқа Россия" билан кўприкларни бузмасликка чақирди

Путинга қарши турган “бошқа Россия” вакиллари билан кўприкларни сақлаб қолиш зарур, деди Германия канцлери. Бу уруш тугаганидан кейин Россия Федерацияси учун демократик тинчлик имкониятини сақлаб қолиш учун зарур.

Фото: Reuters

Европа Кенгаши саммитида Германия канцлери Олаф Шольц президент Владимир Путин ва унинг ҳукуматига қарши бўлган “бошқа Россия” билан кўприкларни бузмаслик тарафдори эканлигини маълум қилди. 46 иштирокчи давлатдан 30 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этаётган саммит аввалида Шольц айтишича, Россиянинг Украинага қарши уруши бир нуқтада тугайди. “Бир нарса аниқ – бу Путин империализмининг ғалабаси билан тугамайди”, — деди Германия канцлери.

Унинг сўзларига кўра, Украина адолатли тинчликка эришилмагунча ёрдам олади. “Унгача биз, Европа Кенгаши, бошқа Россия, бошқа Беларус вакиллари билан кўприк боғлашимиз ва шу тариқа ҳар икки давлатнинг демократик, тинч келажаги имкониятини сақлаб қолишимиз керак”, — деди у. Шу билан бирга, у Россияни Украинадаги ҳарбий жиноятлари учун изчил жазолашга чақирди. Бунга саммит доирасида яратилган Украинага етказилган йўқотишларнинг халқаро реестри ёрдам бериши керак.

16 май куни Исландия пойтахти Рейкявикда Европа Кенгашига 46 аъзо давлат раҳбарларининг тўртинчи саммити бошланди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Россиянинг Украинага бўлган тажовузи натижасида қитъада юзага келган вазиятни муҳокама қилишдан иборат. Саммит доирасида Украинанинг Россия агрессиясидан кўрган йўқотишлари реестри яратилиши эълон қилинган, бундан ташқари, Буюк Британия ва Нидерландия Киев учун F-16 самолётларини сотиб олишда коалиция тузишга келишиб олдилар.

Мавзуга оид