Жамият | 09:05 / 01.06.2023
23132
3 дақиқада ўқилади

 “Меҳнат қилган қишлоқда ҳам кам бўлмайди” — пандигонлик деҳқон

Абдуллажон Ёдгоров Фарғонанинг Риштон тумани Дашт Пандигон қишлоғида яшайди. У деҳқончилик, чорвачилик ҳамда ҳайдовчилик қилиб рўзғор тебратади. Ҳар йили ипак қурти парваришлаб пилла етиштиради.

“Асосий касбим ҳайдовчи. Енгил ва юк машиналарини бошқараман. Деҳқончилик билан ҳам шуғулланаман. 51 ёшдаман. 2 ўғил, 3 қизнинг отасиман. Икки ўғилни уйлаб жойладим.

Абдуллажон Ёдгоров

10 йилдан бери ҳар баҳор ипак қурти боқаман. Ўзига хос машаққатли иш, лекин даромади яхши. Қурт боққаним учун фермердан вақтинча фойдаланишга ер ва қорамолларга сомон оламан. 30 кун астойдил меҳнат қилиб қурт парваришлаймиз.

Ипак қурти боқиб ўртача 10 млн сўм даромад топаман. Ўтган йили ҳам давлатга 100 кг пилла топширганмиз. Бу йил ўтган йилгидан ҳам ортиқроқ пилла топширмоқчимиз. Пилла йиғиб кам бўлганимиз йўқ. Ипак қурти боққаним учун меҳнат стажи ҳам кетяпти.

Тонг саҳардан Damas’га прицепини улаб олиб далага тут новдаси кесишга жўнаймиз.

То нонушта вақтигача новдаларни бутаб қуртларга берамиз. Тушлик пайтида ҳам бир маҳал барг ташлаймиз. Кечки пайт бўлди дегунча яна далага бориб тут кесамиз. 15 кун қаттиқ меҳнат бўлади. Бу пайтда кира қилишга чиқмайман. Қуртни эсон-омон топшириб бўлганимиздан кейингина таксичиликни яна бошлайман.

Қурт боқиш бир кишининг иши эмас. Оилавий меҳнат ортидан даромадга эришилади. Ҳар мавсумда ҳовлимизда 600-700 боғ тут новдаси йиғилади. Ўтган йилги боқилган қуртдан қолган тут новдаларини ғарам қилиб қўйганмиз. Тандирга ишлатиб эҳтиёждан ортганини сотамиз. Ўтган йили боғини 4 000 сўмдан сотганмиз.

Ёшликдан ипак қурти боқиб бу ишга меҳримиз тушиб қолган.  Эрталаб тонг саҳарлаб уйғониб ишга киришасиз. Ҳаммадан кеч уйқуга кетасиз. Пиллага бостирганингиздан кейин иш суръати бироз пасаяди.

Авваллари ҳар бир хонадонда ипак қурти боқилган. Эндиликда бутун бошли қишлоғимизда 5-6 оила боқяпти холос”.

Абдуллажон ака ҳовлисидаги бир қарич ерни ҳам бўш қўймаган. Иссиқхонага бодринг, помидор эккан. Узум парвариши эса унинг севимли машғулоти.

“Бодринг учун иссиқхона қурганман. Узум парваришини ёқтираман. Феврал ойида иссиқхонага бодринг уруғи қадаган эдим. Ҳар икки кунда Олтиариқ улгуржи бозорига бориб 700 минг сўмлик бодринг сотиб келаман.

Бодринг тагига бир ярим минг туп помидор экканман. Қишлоқда ҳам меҳнат қилаётган одам кам бўлгани йўқ. Ҳар кунлик даромадим бор. Кира қиламан, бодринг сотаман, пайти келганда узум ва помидор сотаман. Келинбармоқ навли узум экканман. Ҳар йили яхшигина нархга сотамиз.

Қишлоқ шароитида бозордан ҳеч нарса сотиб олмаймиз. Картошка, сабзи, пиёз, помидор барчаси ҳовлимиздан чиқади.

Бозордан фақат гўшт ва ёғ олишимиз мумкин. Сентябр ойида иссиқхонага кўкат экиб қўяман”, – дейди Абдуллажон Ёдгоров.

Сарвар Зиёев
Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид